Жамият | 17:06 / 13.06.2024
19359
3 дақиқада ўқилади

Наманганда билярд клубида жанжал содир бўлди. Калтакланган йигитнинг онаси иш “ёпти-ёпти” қилинаётганини айтмоқда

Оғир тан жароҳати олиб, реанимацияда ётган ўсмирнинг онасига кўра, унинг ўғлини беш йигит калтаклаган, аммо биттаси айбланмоқда. Фарзандининг аҳволини кўрган ота ҳам инфаркт бўлиб, шифохонага тушган. Ҳозирда ота ва бола шифохонанинг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётгани айтилмоқда. Наманган вилояти ИИБ ҳолат назоратга олинганини ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини билдирди.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилояти Поп тумани Чоркесар қишлоғи яшовчи Вазира Нишонова ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатида ўғлини 5 нафар йигит калтаклаб кетганини маълум қилди. Аёл иш “ёпти-ёпти” қилинаётганидан норози бўлиб, айбдорларга қонуний жазо берилишини таъминлашда мутасаддилардан ёрдам сўраган.

Вазира Нишонованинг таъкидлашича, унинг ўғли Маъсудбек Турсунқуловни икки кун олдин чалажон ҳолда “томдан тушиб кетган” деган гап билан шифохонага олиб келишган ҳамда “мия чаноқ синган, икки томонлама қон қуйилиш” ташхиси қўйилган.

“Операция қилишди, врачлар яхши қарашди. Мен ўғлимнинг иккинчи онасиман. 2,5 ёшидан ўзим катта қилганман бу болани. Болам шу ҳолатга келишига айбдор бўлган фуқаролар жазоланмасдан ҳозир ташқарида юрибди. 5 нафар йигитлар калтаклаб, орқа томондан бошига сакраб, билярд таёғи ҳамда шиша билан бошига урган.

Мен тегишли жойларга, вилоят, туман ИИБга, профилактика инспекторига мурожаат қилдим. Лекин ҳамма нарса ёпилиб, ўз-ўзидан жимжитлик бўлиб кетди. Билишимча, фақатгина 5 йигитдан биттасига айбни юклашди”, дейди аёл мурожаатида.

Унинг қўшимча қилишича, қолган айбдорлар ва жанжалда асосий фигурант деб айтилаётган йигитнинг ота-онаси ишни босди-босди қилиш учун пул таклиф қилган. Шунингдек, ўғлининг аҳволини кўрган отаси ҳам инфаркт бўлиб, шифохонага тушган. Ҳозирда ота ва бола реанимацияда, аҳволи оғир ҳолатда экани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ расмий маълумот берди. Унда маълум қилинишича, жорий йил 11 июн куни соат 11:30 ларда Поп тумани Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган билярд клубида икки гуруҳ ёшлар ўзаро жанжаллашиб, улардан уч нафари турли хил даражадаги тан жароҳатлари олган. Жумладан, М.Т. ҳодиса туфайли оғир тан жароҳати олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “э, л” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Шунингдек, айбланувчининг ушбу ҳаракатларига дахлдор бўлган қолган шахслар ҳам Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади ИИБ маълумотида.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жиноят иши Наманган вилояти ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган.

Мавзуга оид