14 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар
Жанубий Корея билан имзоланган 17 та ҳужжат, Ўзбекистон ва Хитойни боғловчи темирйўл қурилиши бошланадиган сана, парламентнинг прогулчи депутатларига қарши қўлланадиган чоралар.
Жанубий Корея президентининг давлат ташрифи
Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлнинг мамлакатимизга давлат ташрифи бошланди. Бугун Кўксарой қароргоҳида Корея президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Икки давлат байроқлари кўтарилган қароргоҳда саф тортган фахрий қоровул қаршисидаги шоҳсупада президентлар шарафига давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирларига таништирди. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг тор доирадаги музокаралар бошланди.
Музокаралар чоғида ҳамкорлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, йирик юқори технологик лойиҳаларни аниқлаш ва илгари суриш учун янги шериклик моделини шакллантириш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл ўртасида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди. Ўзбекистон ва Корея ўртасида жами 17 та ҳужжат имзоланди.
Улар орасида ЖСТ доирасида ҳамкорлик баённомаси, ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик, тезюрар электр поездларини харид қилиш, мактаблар учун технологик ускуналарини етказиб бериш тўғрисида келишув бор.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади.
Садир Жапаров Ўзбекистонга келади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиши кутиляпти. Бу ҳақда Бишкекда Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов 13 июн куни Бишкекда Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форумининг очилиш маросимида маълум қилди.
Икки давлат президентларининг бўлажак учрашуви мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муштарак иродани ўзида мужассамлаштирган муҳим пайт бўлади.
«Президентларимиз олдимизга мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйган. Бу - катта, аммо эришиш мумкин бўлган мақсад. Бу мақсадга эришиш учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз, барча мавжуд восита ва механизмлардан фойдаланишимиз керак», — деди Болотов.
Форум янги алоқаларни йўлга қўйиш, икки давлат иқтисодий юксалишига хизмат қилувчи истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилиш учун ноёб имконият эканини айтган вазир ўринбосари ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида муваффақиятли ва самарали ҳамкорликка умид билдирди.
Хитойга темирйўл қурилиши ёзда бошланади
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши ёзда бошланиши мумкин. Бунгача линия ётқизиш ишларини бошлаш санаси сифатида шу йилнинг октябр ойи қайта-қайта тилга олинганди.
Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров Жўқорғи Кенгешнинг 13 июн куни бўлиб ўтган йиғилишида август ойида уч давлат раҳбарларининг учрашуви режалаштирилганини маълум қилди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ўшанда ишларнинг расмий бошланиши маросими бўлиб ўтади.
Жапаровнинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари линия лойиҳаси бўйича келишув имзолаган. Ҳужжат ҳамкорлик, жумладан, молиялаштиришнинг асосий тамойиллари ва механизмларини белгилайди.
6 июн куни Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов темирйўлга тамал тоши октябр ойида қўйилиши режалаштирилганини маълум қилган эди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам май ойида худди шундай муддатни тилга олган эди.
Мажлисларни узрсиз қолдирувчи депутатлар ишдан ҳайдалади
Қонунчилик палатасида депутатлар мақоми тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси киритилди.
Унга кўра, мажлисларда бир календар йилда 30 ва ундан ортиқ кун давомида узрли сабабларсиз қатнашмаган депутатлар ваколати муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Шунингдек, узрли сабабларсиз мажлисларда иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат бўйича депутатнинг бир кунлик иш ҳақи унинг розилигисиз ушлаб қолинади.
Депутатлар илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган тегишли турдаги фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олганидан кейин ҳам ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланган тақдирда уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин.
Бундан ташқари, чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжат олиши ҳам уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилишига сабаб бўлади.
Бу қоидалар Сенатда доимий асосда ишлайдиган сенаторларга ҳам тегишлидир.
Индонезия элчиси Тошкентда вафот этди
Жорий йилнинг 13 июн куни Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тошкентда вафот этди. Бу ҳақда элчихонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берилди.
74 ёшли Сунарио Картадината 2019 йилдан бери Ўзбекистонда дипломатик фаолият олиб бораётганди.
Тиббиёт фанлари магистри, профессор Сунарио Картадината бир вақтнинг ўзида Индонезиянинг Қирғизистондаги элчиси ҳам ҳисобланган.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024