Жаҳон | 11:56 / 14.06.2024
8040
13 дақиқада ўқилади

Европарламент сайловида кутилмаган натижалар: Макрон ва Шолцнинг партиялари нега ютқазди?

Европада сиёсий “об-ҳаво” ултра ўнглар фойдасига ўзгаришда давом этяпти. Брекситдан кейинги илк Европарламент сайловларида Макрон ва Шолцнинг партиялари Украинага ёрдам бермаслик тарафдорларига мағлуб бўлди. Хўш, ултра ўнгларнинг кучайиши сабаблари нимада, бу натижалар Россия–Украина урушига таъсир қиладими?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамов мавзу юзасидан муҳим саволларга жавоб берди.

Европарламент ва унинг вазифаси нима?

Камолиддин Раббимов: — ЕИ конфедерация сифатида 3 та муҳим институтга эга: Европа кенгаши, унга президент ва бош вазирлар киради; Еврокомиссия, бу халқ томонидан сайланади ва давлатлар ҳукуматига бўйсунмайди, ЕИнинг ижроий ҳокимияти; энг муҳими эса Европа парламенти. Европарламентга аъзо давлатлардан сайловлар орқали депутатлар сайланади, жами 720 та депутат бўлади. Депутатлар ўрни давлатлар аҳоли сонига қараб тақсимланади. Аҳоли сони бўйича биринчи ўринда Германия, иккинчи ўринда Франция туради. Франциянинг 81 та ўрни бор Европарламентда.

Ўтган сайловлар бутун дунёни ҳайратга солди, чунки бу даражада ултра ўнглар, популистлар, исломофоблар, ксенофоблар катта ўрин олади деб ўйлашмаганди. Германия Франция ва Австрияда ултра ўнглар кўпроқ овоз олди. Давлатлардан борган депутатлар ўз мафкурасига кўра фракцияларга қўшилади. Масалан, Францияда овоз олган сўллар Европарламентда социалистлар, коммунистлар, ултра сўллар фракциясига қўшилади. Умуман олганда, Европарламентда ултра ўнглар кучайиб бормоқда, 2000 йилларда ултра ўнглар деярли йўқ эди. Европа консерваторлари ва реформаторлари 73 та ўринга, Ўзлик фракцияси ҳам бор, улар христиан цивилизацияси тарафдори, исломофоб, ксенофоб. Булар ўзини Эркинлик ва халқ демократияси деб номлайди. Улар сиёсий элита томонидан шакллантирган демократия эмас, халқ истаётган демократия бўлсин, дейди. Бу сайловлар Ғарб цивилизациясида тиктоник ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатади.

Ўта ўнг партияларнинг сайловда етакчи давлатлар Германия ва Францияда муваффақиятга эришиш сабаблари ва омиллари нимада?

Камолиддин Раббимов: — Асосан 3 та сабаб бор:

ЕИдаги пандемиядан кейинги ижтимоий, иқтисодий ҳолат. ЕИда иқтисодий ўсиш пасайган, иқтисодий лидер бўлган Германияда ҳам инқироз. Бу лекин нисбий тушунча, чунки уларда ЯИМ жон бошига 50-70 долларгача, шу миқдордан пасайишни иқтисодий инқироз деб билади;

Миграция ва иммиграция, бу ЕИда энг кўп муҳокмма қилинадиган, ижтимоий кайфиятга таъсир қиладиган омил;

Кейингиси Украина уруши. Бу ижтимоий, сиёсий кайфиятга таъсир қилди, лекин ҳал қилувчи масала бўлгани йўқ. Тўқ ва фаровон давлатларда асосан ички вазиятга қараб овоз беришади. Урушга ҳам қаралади, лекин Украина Шарқий Европада, Ғарбий Европада эмас.

Ултра ўнглар қандай ғояларни илгари сурди?

Жаҳонгир Акрамов: — Улар олдинги сайловлардаги ютқазишлари сабабларига тўғри баҳо бериб, сўл ғоялардан ҳам фойдаланишди. Биринчи ўринда реализм концепциясини ҳимоя қилишди, яъни миллий давлат ғояси, бу ҳам ўзлик ғояси дегани. Миграция муаммоси сабаб ўзлик масаласи юқори ўринга чиқяпти. Иккинчидан, Украина уруши фонида иқтисодий муаммолар келиб чиқди, Россия газ етказиб бериши бирдан узилгани иқтисодга таъсир қилди. Бундан ташқари, Яшиллар партияси кучсизланиши сабаб ўнглар кучайиб кетди. 10-15 йил олдин буни тасаввур қилиб бўлмасди. Иқтисодий қийинчиликлар Яшиллар партиясини кучсизлантириб юборди.

2014-2015 йиллардаги миграция инқирози таъсири ҳали ҳам бор. Партия етакчилари ҳам яхши ишлаяпти. Францияда асосий ғалабага эришилди, олдин неофашистик қарашлари бор дейиларди ултра ўнгларни. Энди партия етакчиси кетиб, ўрнига ёш номзод қўйилди, бу билан партия тафаккури ўзгарди деган нарса бўляпти, ёшларни ҳам жалб қилишди шу орқали.

Ултра ўнглар берган ваъдаларни амалга ошириши қанчалик ҳақиқатга яқин, агар бажара олишмаса, тарафдорлари камаядими?

Камолиддин Раббимов: — Демократия ўйин қоидаси бор, халқ ултра ўнгларни, ксенофоб, исломофобларни сайлаш билан демократияни инкор қилмайди. Ғарбда ултра ўнгларни ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатиб, улардан қўрқитишдан тўйинган, халқ уларнинг танқидини қабул қилмай қўйди. Глобаллашган дунёда фаровон Европада ёпилишга нисбатан эҳтиёж ошиб боряпти.

Ғарбий Европада иқтисодий ўсиш секинлашган. ЕИга киришдан олдин Франциянинг ЯИМ 17 фоиз эди, ҳозир 12-13 фоизга тушди. Марин Ле Пен Трампга ўхшаб изоляционизмни таклиф қиляпти, яъни мигрантларга чегарани ёпиш, иш ўринларини французларга бериш, иқтисодий саноатлаштиришни қайта йўлга қўяйлик деяпти. Бу нарса француз халққа ёқади. Марин Ле Пен ЕИдан тўлиқ чиқишни таклиф қилмайди, лекин ЕИ ва унинг институтлари таъсирини пасайтиришни таклиф қилади. Инқирозлар ултра тафаккурида жиддий ўзгаришларга олиб келяпти ва улар ҳокимиятга келиш учун жиддий қадамлар ташлади. Франция ва Германияда сиёсий инқироз бошланди. Европарламент сайлов натижаларидан кейин Шолц ва Макрон заифлашди. Макрон қуйи палатани тарқатиб юбориб, сайлов эълон қилди. Катта эҳтимол билан ултра ўнглар Франция парламентида ҳам юқори ўринларни эгаллаши мумкин. Агар улар кўпроқ ўрин олса, уларнинг етакчиси бош вазир бўлади. Макрон буни онгли равишда қилди. Агар ултра ўнглар кўпроқ ўрин эгалласа, ўзимга истеъфо бераман деган миш-мишлар тарқатяпти. Бу билан жамиятни, сиёсий элитани қўрқитмоқчи, лекин бу ишлаши қийин. Макронга нисбатан танқид кучли, у ҳокимиятга келганда 2 йил намойиш бўлганди. Францияда сиёсий майдон ултра ўнглар ва ултра сўлларга бўлиниб боряпти, ўртадаги ўнглар ва сўллар анча заифлашиб қолди. Халқ икки қутбга ажралиб боряпти.

Жаҳонгир Акрамов: — Макроннинг парламентни тарқатиб сайлов белгилагани тўғри қарор дейиш ҳам мумкин. Европарламент бошқа, ички парламент бошқа. Европарламент 7 йиллик бюджетни тасдиқлаши мумкин, лекин йиллик бюджетлар ички парламент тасарруфида. Европарламентга бундай овоз бериш Франция халқининг Макронга босим ўтказиш, ўзларига эътиборни қаратиш учун бўлган, деган фикр ҳам бор. Лекин миллий сайловларга прагматик ёндашилади, шу сабаб популистларга эмас, аниқ таклифлар, режалар берадиган партияларга овоз бериши мумкин, шундай нарса тақдим этиб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамламоқчи Макрон. Макрон муддати тугагач, у охирги марказчи, голлизм тарафдори бўлган президент бўлиб қолмаслиги учун ҳозир сиёсий босимни камайтириб олмоқчи.

Европарламентдаги янги таркиб қандай шаклланди?

Камолиддин Раббимов: — 5 йил давомида ултра ўнглар парламентда бўлади, уларни ҳеч ким инкор этмайди, халқ иродаси бу. Лекин қонун чиқаришда асосий рол ўйнашмайди, чунки марказий ўнглар ва сўллар кўпроқ. Лекин асосий тенденция шундайки, сайловдан сайловга ултра ўнглар улуши ўсиб боряпти. 2040-50 йилларда Европарламентда асосан ултра ўнглар бўлиши эҳтимоли кучли.

Европарламентда иттифоқ давлатлари учун қонунчилик андозалари белгилаб берилади. Маҳаллий парламентлар шу андозадан чиқиб кетмаслиги керак. Масалан, Швецарияда миноралар қуриб унда азон айтиш тақиқланган, агар ЕИ азоси бўлганда бундай қонун чиқара олмасди, чунки бу ксенофобия. Европарламентнинг ваколати катта шу маънода.

Қолаверса, Европарламент ЕИнинг сиёсий ўчоғи. У ерда Еврокомиссияда, Европа кенгашида, мамлакатларда бўлаётган воқеликларга муносабат билдириш, сиёсат ишлаб чиқиш ваколати бўлади.

ЕИнинг ташқи сиёсатидаги асосий йўналишларини энди қайси партиялар белгилайди?

Камолиддин Раббимов: — Урсула Фон Дер Ляйен партияси марказга яқин ўнглар, ксенофоб эмас, мўътадил консерваторлар, ЕИнинг асосий мафкурачиси сифатида туради. ЕИ цивилизацияси марказида марказий ўнглар ва марказий сўллар туради. АҚШда ҳам Республикачилар ўнглар, Демократлар сўллар. Лекин ЕИда 4-5 партияли тизим ишлайди шартли тарзда.

Урсула Фон Дер Ляйен партиясининг Франциядаги Саркози партияси билан платформаси битта. Шолц сўллардан, у миграция, иммиграция тарафдори, исломофобия, ксенофобияга қарши. Макрон эса ўзини марказчи деб атайди, анъанавий классик ўнг ҳам, сўл ҳам эмасди. Лекин амалиётда марказий ўнг эди, капиталистларга ёрдам берди, солиқларни пасайтирди. Шу сабаб ижтимоий ҳимоя, социализм тарафдори бўлган французлар унга қарши, Макронга бўлган танқид кучли Франция ичида. Ишлаб чиқарувчилар, капиталистлар Макронни яхши кўради. Лекин ижтимоий ҳимоя тарафдорлари ёмон кўради. Макрон ички-ташқи сиёсатда ўзининг тарафдорларини ишонтиролмади, шу сабаб мавқеи пасайиб бормоқда.

Сайлов натижалари Россия ва Украина урушига сезиларли таъсир этадими?

Жаҳонгир Акрамов: — Европарламентда Украина суверентитети ЕИ хавфсизлиги деган қарори бор. Украинани қўллаш масаласи ҳал қилиб бўлинган. Агар маҳаллий парламентларда ҳам ултра ўнглар фракциялари кўпайса, шунда таъсир қилади бу ёрдамга. НАТО ҳам 100 млрд долларлик ёрдамни тасдиқлата олмади. Ултра ўнглар Европарламентда ва маҳаллий парламентларда бўлса, уоарнинг бирлиги орқали ёрдамнинг миқдорига таъсир қилади.

Лекин бу ерда ултра ўнгларнинг ягона фракцияга бирлашиши масаласи бор. Франциядаги ултра ўнглар билан Германиядаги ултра ўнглар бир-бирига қарама-қарши бўлиб ҳам қолади. Ўнглар ва сўлларнинг бирлашиш эҳтимоли катта, лекин ултра ўнгларнинг доимий битта иттифоқда бўлиши эҳтимоли камроқ. Бу нарса марказий ўнглар ва сўлларга имкон беради уларнинг қаршилигини енгишда.

Камолиддин Раббимов: — Оддий тушунтирса бўлади буни. Франция миллатчилари ва Германия миллатчилари ўзларининг мафкурасига кўра, бошқа миллатчилар билан бирлашиши мумкин. Лекин социалистлар, сўллар тенглик, ҳамкорлик тарафдори бўлгани учун бирлаша олишади.

Ултра ўнглар ғолиб бўлгани Украина урушига катта таъсир қилмайди, дейиш мумкинми шунда?

Камолиддин Раббимов: — Ҳар бир давлатда алоҳида ҳолат бу бўйича. Масалан, Италия бош вазири ултра ўнг, лекин у Украина тарафдори. Полшада ҳам ултра ўнглар Россияни танқид қилиб, Украинани танқид қилади. Ҳар бир давлатдаги ултра ўнгларнинг ўз тафаккури бор. Шу сабаб ҳамма ултра ўнглар Путинни оқлайди, дейиш нотўғри.

Жаҳонгир Акрамов: — Зеленский Берлинда парламентда чиқиш қилганида Германия учун муқобил партияси вакиллари зални тарк этганди. Бу иш билан ўзларига бўлган ишончни кўрсатишди. Европарламентга сайловдан кейин бу партия Украинани танқид қилиб, тезроқ тинчликка эришиш ҳақида гапириши мумкин.

Марказчилар билан Украина борасида қарашлари бир хил бўлса, нега Зеленский залга кирганда норозилик билдириб чиқиб кетишди?

Жаҳонгир Акрамов: — Германия учун муқобил партиясининг электорати кўпроқ Шарқий Германияда шаклланган. У ердаги катта авлодда Россияга нисбатан яқинлик бор, рус мигрантлари ҳам кўп у ерда.

Ўтган йили Россияга яқин бўлган Медведчук фонди орқали бир нечта депутат молиялаштирилгани ҳақида маълумотлар чиққанди, қамоққа ҳам олинганди. Лекин шунда ҳам кўп овоз олишгани уларнинг ўзига ишончини орттиради. Бундан ташқари, Германияда ижтимоий психологик муаммолар ҳал қилинмаган Германия бирлашгандан кейин. ГДРнинг ижтимоий, психологик томондан тирик эканини кўрсатади бу.

Германия учун муқобил партиясининг бу ҳаракатлари асосан ортиқча харажат бўляпти, ўзимизга бўлсин, деган фикрни ифодалайди. Лекин уларнинг кучсиз тарафи шуки, улар ЕИда иттифоқчиларга эга бўлиши эҳтимоли кам, чунки миллатчи партия бошқа бир миллатчи билан келиша олмайди, шу сабаб бирлаша олмайди. Ултра ўнгларнинг бирлаша олмаслиги Украина манфаатларига хизмат қилади.

Камолиддин Раббимов: — Европарламентда ултра ўнглар ташаббусларни блок қилувчи овозларга эга эмас ҳозирча. Агар парламентнинг 33 фоизини эгаллашганда блок қилувчи камчилик мақомига эга бўлишган бўларди. Лекин ултра ўнгларнинг геосиёсий концепцияси, тафаккури бор. Улар ЕИ ўрнига мустақил миллий давлатлар ҳамкорлиги тузиш, Россия билан дўстлик, АҚШнинг Европа ишларига аралашувини чеклаш каби концепциялари бор. Улар Ғарбий Европа минтақасининг геосиёсий тафаккурини қайта кўриб чиқишни таклиф қилади. Россия бизга душман эмас, НАТО эскилик сарқити, ЕИ ишламайдиган тузилма, биз миллий ўзлик қадриятларига кўпроқ урғу беришимиз керак, дейди улар.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид