Жаҳон | 18:37 / 17.06.2024
11661
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири ҳарбий ҳукуматни тарқатиб юборди

Ҳарбий вазирлар маҳкамаси 2023 йил 7 октябрда, ҲАМАС ҳужумидан кўп ўтмай тузилган эди. 

Фото: APA

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС жангариларининг мамлакатга ҳужумидан сўнг тузилган ҳарбий вазирлар маҳкамаси тарқатиб юборилганини маълум қилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди. Шунингдек, бу маълумотни исроиллик мансабдор Reuters агентлигига тасдиқлади. 

Бу мухолифат етакчиларидан бири ва Исроил собиқ мудофаа вазири Бенни Ганц ҳарбий вазирлар маҳкамасидан истеъфога чиқишини эълон қилганидан кейин кутилган қарор деб ҳисобламоқда Reuters. Унинг ортидан Исроил мудофаа кучлари бош штаби собиқ бошлиғи Гади Айзенкот ҳам ҳарбийлар кабинетини тарк этди. 

Нетаняҳу энди кичик бир гуруҳ доирасида, жумладан, ҳарбий кабинетда ишлаган Мудофаа вазири Йоав Галлант ва Стратегик ишлар вазири Рон Дермер билан Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича қарорлар қабул қилиши кутилмоқда. 

Нетаняҳу 16 июн куни кечқурун хавфсизлик масалаларига бағишланган вазирлар маҳкамаси йиғилишида ҳарбий кабинетни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарорни маълум қилди, деб ёзди The Jerusalem Post. 

Ҳарбий вазирлар маҳкамаси 2023 йил 7 октябрда, ҲАМАС ҳужумидан кўп ўтмай тузилган. Унда Нетаняҳунинг шериклари билан бир қаторда муҳим сиёсий рақиблари, жумладан Бенни Ганц ҳам бор эди. 

10 июн куни Ганц ҳарбий кабинетдан истеъфога чиқишини эълон қилди. У Нетаняҳуни ҲАМАСга қарши уруш бўйича аниқ режаси ва Ғазо сектори бўйича урушдан кейинги стратегияси йўқлиги учун танқид қилди. 

Мавзуга оид