Жаҳон | 13:22 / 19.06.2024
4966
9 дақиқада ўқилади

Ғазода ўлдирилган БМТ ходимлари, Исроилнинг Ливанга таҳдиди ва ҳарбий ҳукуматни тарқатган Нетаняҳу — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кунлар давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил БМТ ходимларини ўлдириш бўйича рекордчига айланди. 2023 йилнинг 7 октябридан буён БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил қилиш бўйича Яқин Шарқдаги агентлигининг қарийб 200 нафар ходими Исроил ҳужумлари қурбонига айланган.

«Ғазо — инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари учун Ер юзидаги энг хавфли жой. Уруш бошланганидан буён 193 нафар ходимимиз Исроил томонидан ўлдирилди. Бу БМТ тарихида қурбон берилганлар бўйича энг катта кўрсаткич», — дейилади БМТннинг Яқин Шарқ агентлиги хабарида.

Ташкилотдагиларнинг қўшимча қилишича, хавф-хатарларга қарамасдан агентлик аъзолари оғир ҳуманитар инқироз шароитида оилаларга ёрдам бериш ишларини давом эттиришмоқда.

Ғазода ўлдирилган фаластинликлар сони эса 37 минг 372 нафарга етди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси маълумотларига кўра, урушнинг 256-кунига келиб ярадор бўлганлар сони 85 минг 452 нафарга етган.

Сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари учта оммавий қирғин уюштиришган ва 25 кишининг ўлими ва 80 кишининг яраланишига сабабчи бўлишган.

Исроилнинг Ливанга таҳдиди

Исроил ва Ливан ўртасидаги қарама-қаршилик ўзининг чўққисига чиқди. Ўтган ҳафта рўй берган қақшаткич отишмалар фонида Исроил армияси вакили Даниэл Ҳагари Ливан томонидан тинмаётган отишмалар Исроилни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши ерусти операциясига «мажбур қилиши» тўғрисида баёнот берган эди.

Кеча тунда Исроил армияси Ливанга бостириб кириш учун жанговар ҳаракатлар режасини тасдиқлаганини эълон қилди.

ЦАҲАЛнинг Шимолий ҳарбий округи қўмондони генерал-майор Ори Гордин ва Исроил армияси бош штаби оператив бошқармаси бошлиғи генерал-майор Одед Басюк оператив ҳолат бўйича ўтказилган йиғилиш чоғида Ливанга тезкор ҳужум уюштириш режасини тасдиқдашган, деб хабар беради ЦАҲАЛ матбуот хизмати.

«Вазиятни баҳолаш чоғида улар Ливанга бостириб киришда ҳарбий ҳаракат режасини маъқуллашди ва етарли баҳо беришди», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари армия қўмондонлари жанговар позициялардан турган қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини оширишни давом эттириш тўғрисида қарор ҳам қабул қилишган.

Аввалроқ Исроил армияси вакили Даниэл Ҳагари «Ҳизбуллоҳ»нинг ошиб бораётган тажовузкорлиги урушнинг кенг ёйилишига сабаб бўлиши ва бу Ливан ҳамда бутун минтақа учун вайронкор оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Май ойи бошидан «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил чегараолди зарбаларига кескин зўр бера бошлайди. Исроил ўтган ҳафтада Ливан гуруҳининг қўмондонларидан бири Толиб Абдуллоҳни ўлдирган эди — у Исроил билан тўқнашувлар чоғида ўлдирилган «Ҳизбуллоҳ»нинг энг юқори мартабали мулозими бўлди.

«Ҳизбуллоҳ» бунга ракета ҳужумлари билан жавоб қайтарди — 12 июн куни 200 дан зиёд ракета Исроил томон учирилган эди.

Исроилда ҳарбий ҳукумат тарқатилди

2023 йилнинг 7 октябрида, ҲАМАС ҳужумидан кўп ўтмай тузилган ҳарбий кабинетни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу тарқатиб юборди.

Исроилнинг ҳукумат доираларида айтилишича, кабинетни 9 июн куни унинг икки муҳим аъзоси — генерал Бенни Ганц ва Бош штабнинг собиқ раҳбари, Нетаняҳунинг сиёсий рақиби генерал Гади Айзенкот тарк этганидан сўнг бу кутилаётган ҳолат бўлган.

Ганцнинг баёнот беришича, у Нетаняҳуда Ғазодаги ҲАМАС режимини ўзгартириш бўйича бирорта стратегия йўқлиги учун кабинетни тарк этган. Ганцга кўра, Нетаянҳуни гаровда ушлаб турилганларни қутқариш эмас, кўпроқ ўзининг сиёсий карьераси ташвишлантиради.

Нетаняҳу Бенни Ганц ва бошқаларни мағлубона кайфиятда эканликда айблаб келади. Унга кўра, Ганц халқаро босимга бардош бера олмаган ва кабинетни тарк этиши билан мураккаб қарорлар қабул қилишдан қочиб қолган.

Ҳозирча Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байден режасини қўллаб-қувватламаган.

Исроиллик экспертларга кўра, Бибининг коалициядаги ҳаммаслаклари ултраўнг миллатчи сиёсатчилар молия вазири Бецалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса Нетаняҳу ҳукуматини барбод қилиш билан таҳдид қилишган.

Экспертларнинг фикрича, Нетаняҳу бўшаб қолган ўринга ўзининг коалиция бўйича ултраўнг ҳамкорлари Смотрич ва Бен-Гвир ўтириб олмаслиги учун бу ишга шоша-пиша қўл урган.

Нетаняҳунинг ҳукумати уларнинг эркаликларини нечоғлик кўтаришига боғлиқ бўлиб турибди. Шартларга кўнишни у улар сўраган портфелларни беришдан бошлаган.

Шундай қилиб, молия ва ички хавфсизлик масалалари Фаластин ҳудудларида яҳудий манзилгоҳларини кенгайтириш ҳамда ҳар қандай ҳудудий ён бериш ва ички сиёсий муросани рад этиш тарафдорлари қўлига ўтиб қолган.

Лекин уруш — бу бошқа масала. Бу ерда Нетаняҳу ултраўнглар унга ҳарбий стратегларни босиб ўтиб, ҳаракатлар кетма-кетлигини буюриб туришига йўл қўйиб бера олмайди.

Нетаняҳу энди кичик бир гуруҳ доирасида, жумладан, ҳарбий кабинетда ишлаган Мудофаа вазири Йоав Галлант ва Стратегик ишлар вазири Рон Дермер билан Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича қарорлар қабул қилиши кутилмоқда.

Қизил денгиздаги вазият

АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг ғарбий қисмига зарба берди.

Эрон томонидан қўлланадиган Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати (ҳусийчилар) нинг маълум қилишича, АҚШ ва Буюк Британия кучлари Яман ғарбидаги Ҳудайда вилоятига ўнта авиазарба берган.

Ҳусийчиларга қарашли «Ал-Масийра» телеканалининг маълумотларига кўра, олтита бомба Ҳудайда халқаро аэропортига ташланган, яна тўртта ракета Қизил денгиздаги Камаран оролига келиб урилган.

Бу орада ҳусийчилар Қизил денгизда янги операцияларга тайёрланаётгани маълум қилинди.

«Ансоруллоҳ» ҳаракатининг ҳарбий вакили Яҳё Сариянинг баёнот беришича, Қизил денгизда Исроил билан боғлиқ кемаларга ҳужум Исроил Ғазо секторида урушни тугатиб, Фаластин ерларини тарк этмагунча давом этади.

Украинадаги уруш

Украинага узоқ масофалардаги нишонларни ура олувчи ракеталар етказиб берувчилар сирасига Италия ҳам қўшилди.

Италия ўзининг Украинага янги ҳарбий ёрдами доирасида Киевга Storm Shadow узоқ масофани нишонга олувчи ракеталарини ҳам етказиб беради, деб ёзади Fatto Quotidiano ўз манбаларига таяниб.

Бу расмий Римнинг тўққизинчи ҳарбий ёрдам пакети бўлади. Режалаштирилишича, у июн ойининг охиригача тасдиқланиб, Украинага жўнатилади. Ундан нечта Storm Shadow ракеталари ўрин олганини Италия нашрининг манбалари очиқламаган. Ракеталардан ташқари Рим Киевга SAMP/T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳам тақдим этади.

Шу пайтгача Storm Shadow ракеталарини Украинага Буюк Британия ва Франция етказиб турган эди. Ушбу қурол Буюк Британиянинг British Aerospace ва Франциянинг Matra компанияларининг биргаликдаги ишланмаси ҳисобланади. Бу «ҳаво-ер» туридаги бошқарилуви ракеталар 250–500 км олисликдаги қўзғалмас нишонларга зарба бериш учун мўлжалланган. Бундай ракеталар илк марта Украинага 2023 йилнинг май ойида етказиб берилган эди.

Бу орада Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок «Агар Украинага ёрдам миқдори камайтирилса — Путин қўшинлари Полша чегарасигача бостириб келишади», деб баёнот берган.

«Биз ўзимиз ўз эркинлигимиз ва мустақиллигимизни ҳимоя қилишимиз қанчага тушишини ҳисоблаш қийин. Пировард оқибатда, ҳаммаси бир нарсага бориб тақалади: Украинани қўллаш — урушни чегараларимиздан узоқроқда ушлаб туриш имконини беради», — деган Бербок.

Путиннинг КХДРга ташрифи

Россия президенти Владимир Путин сўнгги 25 йил ичида илк марта КХДРга ташриф буюрди. Шимолий Корея пойтахти халқаро аэропортида уни КХДР раиси Ким Чен Иннинг шахсан ўзи кутиб олди.

Икки кунлик ташрифи мобайнида Владимир Путин Пёнгянгда БМТнинг КХДРга қарши жорий этган санкция режимидан чиқишини эълон қилиши, шунингдек, баллистик ракеталар, снарядлар ва ўқ-дорилар сўраши кутилмоқда.

КХДР Россияга қурол етказиб бериш эвазига ундан озиқ-овқат ва ёнилғидан ҳам муҳимроқ нарса — космик ракеталар учириш бўйича технологияларни олишни исташи ҳам мумкин. 

Мавзуга оид