Жаҳон | 13:00 / 19.06.2024
11304
2 дақиқада ўқилади

Россия элчиси самолёт билан юз берган ҳодиса туфайли Швеция ТИВга чақирилди

Россия элчиси Виктор Татаринцев Россиянинг Су-24 самолёти томонидан Швеция ҳаво ҳудуди бузилгани эҳтимоли туфайли Швеция ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Стокҳолм маълумотларига кўра, ҳодиса 14 июн куни Болтиқбўйидаги Готланд ороли шарқида содир бўлган.

Фото: Marina Lystseva/dpa/picture alliance

Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳарбий самолёти томонидан Швеция ҳаво ҳудуди бузилгани сабабли Россия элчиси Виктор Татаринцевни чақиртирди. Бу ҳақда 18 июн, сешанба куни ТИВ сайтида хабар берилди

Аввалроқ Швеция қуролли кучлари 14 июн куни Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти Болтиқ денгизидаги Готланд ороли шарқида Швеция ҳаво ҳудудини қисқа муддатга бузиб кирганини маълум қилганди. Самолёт огоҳлантириш олди, бироқ унга жавоб бермади, дейилади баёнотда. Шундан сўнг, Швециянинг иккита JAS-39 Gripen қирувчи самолёти Су-24ни тутиб олиш учун ҳавога кўтарилди, кейинроқ у Скандинавия мамлакати ҳаво ҳудудини тарк этди. 

Россия самолёти билан боғлиқ ҳодисалар

Бир неча кун аввал Финландия Мудофаа вазирлиги томонидан Россия ҳарбий самолёти билан содир бўлган шунга ўхшаш ҳодиса ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Россия самолётининг мамлакат ҳаво ҳудудига эҳтимолий кириши 10 июн куни эрталаб Финландия кўрфази осмонида, Ловийса шаҳри яқинида содир бўлган. Финландия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Ҳелсинкидаги элчихонасидан воқеа юзасидан тушунтириш талаб қилди. 

Россия бу айбловларга ҳозирча изоҳ бермади. Бироқ, Россия Мудофаа вазирлиги 10 июн куни тушдан кейин Болтиқ, Баренц ва Норвегия денгизларининг «нейтрал сувлари устидаги» ҳаво ҳудудида узоқ масофали авиация самолётларининг «режалаштирилган парвозлари» ҳақида хабар берди. 

Мавзуга оид