Жаҳон | 08:38 / 19.06.2024
2653
4 дақиқада ўқилади

Швеция парламенти АҚШ билан мудофаа бўйича келишувга овоз берди

Қарор мухолифлари бу мамлакатда ядро қуроли ва доимий АҚШ ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Олдин имзоланган келишув Қўшма Штатларга Швециядаги ўн еттита база ва полигонлардан фойдаланиш имконини беради.

Фото: Владимир Жабриков / URA.RU

Швеция парламенти Вашингтон билан мудофаа бўйича баҳсли келишувга овоз берди, деб хабар қилмоқда 18 июн, сешанба куни кечқурун қатор маҳаллий ОАВ. Беш соат давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг келишувга 266 депутат овоз берди, 37 нафари қарши чиқди, қолган 46 депутат эса мажлисда иштирок этмади. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши учун 75 фоиз овоз олиш зарур эди.

Қабул қилинган резолюция мухолифлари бу Швецияда ядро қуролининг жойлаштирилишига ва бу мамлакатда АҚШ доимий ҳарбий базалари жойлашишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. «Келишув Швеция тупроғида ядровий қуролга йўл очади. Биз ядровий қурол нишонига айланамиз», - деди мухолифатдаги «яшиллар» партияси етакчиларидан бири Даниэл Хелден. Партия Вашингтон билан келишувга кескин қарши чиқди.

АҚШ Швецияда ўз қонунларига амал қилмоқчи 

Декабр ойида Стокҳолм ва Вашингтон ўртасида имзоланган келишув Қўшма Штатларга Швециядаги 17 та ҳарбий база ва ўқув полигонларига кириш ҳамда ўз қурол-яроғи, ҳарбий техникаси ва ўқ-дориларини мамлакатда сақлаш имконини беради. Шартнома кучга кириши учун Швеция парламенти АҚШ ҳарбий хизматчилари Швеция ҳудудида бўлганларида Америка қонунларига бўйсунишларини таъминлаш учун зарур бўлган қонунчиликка ўзгартиришлар киритиши керак. 

Швециянинг Dagens Nyheter газетасига кўра, Норвегия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги келишувда Норвегия ядро қуролини сақлаш ёки қўллаш машқларини қабул қилмайди, деган банд бор. Бироқ Швеция-Америка келишувида бундай банд йўқ, дея қайд этади нашр, аммо Швеция зарур деб билса, айрим мудофаа материалларини сақлашдан бош тортиши мумкин. 

Ҳарбийлар: Россиянинг Су-24 самолёти Швеция ҳаво ҳудудини бузди 

Россия ҳарбий самолёти 14 июн куни Болтиқ денгизидаги Готланд ороли шарқида Швеция ҳаво ҳудудини қисқа муддатга бузди. Швеция Қуролли кучлари баёнотида Су-24 огоҳлантириш олгани, бироқ унга жавоб бермагани, шундан сўнг Швециянинг иккита JAS-39 Gripen қирувчиси уни тутиб олиш учун овора бўлгани, улар ҳамроҳлигида Россия самолёти Скандинавия мамлакатини тарк этгани айтилади.

Готланд Россиянинг Калининград шаҳридан 300 километрдан камроқ масофада жойлашган бўлиб, у ерда Россия ҲДФнинг Болтиқ флоти штаби жойлашган. Швеция ҳарбий доктринасига кўра, бу оролни ким назорат қилса, у Болтиқ денгизидаги ҳаво ва денгиз ҳаракатини ҳам назорат қилиши мумкин. 

Швециянинг НАТОга кириши 

Швеция 2022 йилда Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми фонида Финландия билан бир вақтда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди. Бироқ, Финландия аллақачон Шимолий Атлантика мудофаа иттифоқининг аъзоси бўлса, Туркия ва Венгрия Швециянинг НАТОга киришини узоқ вақтдан бери тўсиб қўйган. Анқара Стокҳолмни миграция сиёсатида ҳаддан ташқари юмшоқликда ҳамда Туркия ва бошқа мамлакатларда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзоларини ҳимоя қилишда айблади. Будапешт Швецияни Венгриядаги ҳуқуқий тизимнинг чекловларини танқид қилгани муносабати билан «туҳмат»да айблади. 

АҚШ Туркияга узоқ вақтдан бери кечиктирилган F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни бошлаганидан кейингина Анқара ўз позициясини юмшатди. Швеция бош вазири Улф Кристерссон Будапештга ташриф буюриб, бу давлат билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганидан кейин Венгрия қаршилиги енгиб ўтилди. Январ ойи охирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швециянинг алянсга киришини тасдиқловчи протоколни тасдиқлаган эди. Феврал ойи охирида Будапешт парламенти Стокҳолм аризасини ратификация қилди. 2024 йил 7 мартда Швеция НАТОга расман аъзо бўлди. 

Мавзуга оид