Жаҳон | 12:01 / 21.06.2024
2309
3 дақиқада ўқилади

Байден АҚШда «Касперский лабораторияси» дастурлари сотилишини тақиқлади

АҚШ президенти Жо Байден миллий хавфсизликка таҳдид солаётгани сабабли россиялик ишлаб чиқарувчининг антивирус маҳсулотлари сотилишини тақиқлади, деб ёзади Reuters.

Фото: Reuters

Жо Байден миллий хавфсизликка юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар туфайли АҚШда «Касперский лабораторияси» антивирус дастурлари сотилишини тақиқлади. Сабаби Москвада жойлашган IT-компаниянинг Россия расмийлари билан яқин алоқалари, деб ёзади Reuters 20 июн, пайшанба куни хабардор манбага таяниб

Reuters суҳбатдошининг таъкидлашича, антивирус дастурлари компютер операцион тизимларига чуқур кириб боришга қодир, улар ёрдамида фойдаланувчининг махфий маълумотларини ўғирлаш, зарарли дастурларни ўрнатиш ва компютер тизимларида муҳим янгиланишларнинг олдини олиш мумкин. 

Бундан ташқари, «Касперский лабораторияси» Қўшма Штатларда қора рўйхатга киритилди. Қарор 29 сентябрдан кучга киради. АҚШ Савдо вазирлиги Reuters агентлигининг сўровига кўра ушбу мавзу бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

«Касперский лабораторияси» - АҚШ хавфсизлигига таҳдид солувчи компаниялар рўйхатида 

Вашингтон узоқ вақтдан бери рус антивирус ишлаб чиқарувчисини Россия расмийларига яқинлиги учун танқид қилиб келади. 2022 йил март ойида АҚШ Федерал алоқа комиссияси (FCC) «Касперский лабораторияси»ни АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи компаниялар рўйхатига киритди. Шу билан бирга, чекловлар «Касперский лабораторияси» АЖ ёки унинг ворислари, бош компаниялари, шуъбалари, филиаллари томонидан тўғридан тўғри ёки билвосита етказиб бериладиган ахборот хавфсизлиги соҳасидаги маҳсулотлар, ечимлар ва хизматларга нисбатан қўлланади.

Аввалроқ АҚШ Федерал ахборот хавфсизлиги бошқармаси (BSI) «Касперский лабораторияси» антивирус дастуридан фойдаланмаслик тўғрисида огоҳлантирган эди. Департамент маълумотларига кўра, дастурдан кузатув ёки киберҳужумлар учун фойдаланишлари мумкин. «Россиядаги ҳарбий ва/ёки разведка хизматларининг ҳаракатлари ва жорий ҳарбий можаро пайтида Россия томонидан Европа Иттифоқи, НАТО ва Германияга қарши таҳдидлар IT-ҳужумлар билан бирга кузатиляпти», — дея маълум қилди BSI. 2019 йилда Америка давлат идораларига «Касперский лабораторияси» дастуридан фойдаланиш тақиқланган эди.

Бошқа мамлакатлар, хусусан Австрия, Нидерландия ва Литва ҳукуматлари ҳам аввалроқ «Касперский лабораторияси» дастурларидан воз кечганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид