Ўзбекистон | 11:42 / 21.06.2024
1668
2 дақиқада ўқилади

Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади

Ўзбекистонда банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келмоқда.

Қонунга асосан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Банк сири тўғрисида”ги, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилмоқда.

Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига қўшиляпти.

Сенаторларга кўра, қонуннинг қабул қилиниши кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид