Жаҳон | 10:28 / 21.06.2024
4229
4 дақиқада ўқилади

Пентагон: Украина Россия ҳудудига АҚШ қуроллари билан зарба бериши мумкин

Пентагон матбуот котибининг сўзларига кўра, Украинага Россияга зарба йўллаш учун Америка қуролларидан фойдаланишга берилган рухсат фақатгина Харкив вилояти яқинидаги ҳудудга тегишли эмас.

Фото: AP

Украина қуролли кучлари нафақат Харкив вилояти яқинида, балки Россия ҳудудидаги ҳар қандай ҳарбий объектларга зарба бериш учун Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган қуроллардан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда 20 июн, пайшанба куни Пентагон матбуот котиби, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Патрик Райдер маълум қилди.

«Жавоб ўт очиш қобилияти бу сиёсатнинг мақсади. Россия қўшинларининг чегарадан ўт очаётганини кўриб, Украина ҳам АҚШ томонидан тақдим этилган ўқ-дорилар ёрдамида қуруқликдаги кучларга жавоб қайтариши мумкин, деган хулосага келдик», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги. Райдер буни Украина армиясининг «ўзини ҳимоя қилиш» ҳаракати, «улар бундай имкониятга эга бўлиши керак», деб асослаб берди.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Американинг PBS телеканалига берган интервюсида худди шундай фикрда гапирган эди. Журналистнинг Россия ҳудудига Америка қуроллари ёрдамида зарба йўллашга рухсат берилганлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Оқ уй вакили: «Бу география масаласи эмас», деди. «Агар Россия Украинага ўз ҳудудидан ҳужум қилса ёки ҳужум қилмоқчи бўлса, Украинага чегарадан ўтиб унга ҳужум қилган кучларга жавоб қайтаришга рухсат бериш мантиқан тўғри бўлади», - дея қўшимча қилди Салливан. 

Ғарб давлатлари Украинага Россиядаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат берди 

Май ойи охирида Россиянинг Харкив вилоятига ҳужумлари кучайиши фонида бир қатор давлатлар ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун ўзлари тақдим этган қуроллардан фойдаланишга рухсат берди. 

Бунга жавобан Москва Қўшма Штатларга Украинанинг унга берилган Америка қуролларидан фойдаланиш бўйича қарорлари «жиддий оқибатларга олиб келиши» билан таҳдид қилди. Россия президенти Владимир Путин Ғарбга «ассиметрик жавоб» имконияти ҳақида гапирди.

АҚШ ва Украина ўртасида хавфсизлик шартномаси 

13 июн куни Жо Байден ва Украина президенти Володимир Зеленский Украина етакчиси ҳам таклиф этилган G7 саммити чоғида 10 йиллик хавфсизлик бўйича икки томонлама шартнома имзолади. У Украинани ҳимоя қилиш учун Америка қўшинларини юбориш ва Вашингтондан Киевга ҳеч қандай молиявий мажбуриятларни ўз ичига олмайди. 

Бироқ келишувда айтилишича, Украинага қуролли ҳужум ёки бундай ҳужум таҳдиди юзага келган тақдирда АҚШнинг юқори мартабали расмийлари 24 соат ичида украиналик ҳамкасблари билан учрашиб, жавоб чоралари ва Украина мудофааси учун зарур бўлган таъминотни муҳокама қилади. 

Байден бу келишув Украинанинг Шимолий Атлантика иттифоқи йўлидаги қадамлардан бири эканлигини таъкидлади. Аввалроқ яна 15 давлат, жумладан Германия, Франция ва Британия Украина билан худди шундай хавфсизлик келишувларини тузган эди. 

Мавзуга оид