Жаҳон | 11:40 / 21.06.2024
2467
6 дақиқада ўқилади

Қуёш пайдо қиладиган тери саратонидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Тери саратонининг аксари ултрабинафша нурлари таъсирида пайдо бўлади. Ëз кунларида қуёшдан нурланиш жиддийроқ хавфга айланади. Хўш, қуёшдан кимлар ва қандай ҳимояланиши керак, нега эркаклар ҳам қуёшга қарши крем суриб юриши тавсия этилади? Бу ҳақида Буюк Британиядаги GSK’да генетик токсикология соҳасида иш олиб бораётган Дениз Акин ўз тавсияларини берди.

Тери саратони нима?

Тери саратони тери ҳужайраларининг анормал ўсиши ҳисобланади ва у асосан меланома бўлмаган ва меланома каби 2 хил шаклда бўлади. Меланома бўлмагани энг кўп учрайдиган тур бўлиб, одатда терининг юқори қатламида тарқалмай қолади. Меланома эса камроқ тарқалган ва шу билан бирга жиддийроқ ҳамдир. Чунки у бутун тана бўйлаб ёйилиши мумкин. Агар меланома танага тарқалишга улгурган бўлса, уни даволаш жуда қийин.

Тери саратони бошқа саратонлар каби ДНКнинг шикастланишидан пайдо бўлади. Инсон танасида зарарларни аниқлайдиган ва уларни тузатадиган бир нечта ҳимоя механизмлари мавжуд. Бироқ қуёшнинг ҳаддан ташқари ултрабинафша нурланиши генетик материалимизга кўпроқ зарар етказиши мумкин ва ҳатто бунга ҳимоя механизмларимиз ҳам бардош бера олмайди. ДНК бизнинг ҳужайраларимиз қандай ҳаракат қилишини бошқаради. Унга кўп зарар етганда, ҳужайралар назоратсиз равишда ўсиб боради, бу эса тери саратонига олиб келиши мумкин.

UVB ва UVA ҳақида

Тери саратонининг аксарияти қуёшдан ултрабинафша (UV) нурланиш таъсиридан келиб чиқади. Теримизга UV нурларининг 2 асосий тури хавф солади: UVB ва UVA. UVB нурлари терининг ташқи қатлами (эпидермис)ни нишонга олади ва тери қуёшдан куяди. UVA нурлари эса ички қатлам (дермис)га чуқурроқ кириб, ажинлар ва эрта қаришни келтириб чиқаради. Учинчи турдаги UVS ҳам бор, бироқ у озон қатлами билан тўсиб қўйилган ва Ер юзасига етиб келмайди.

Қуёшда кўп қолиб кетиш

Д витамини тана учун жуда муҳим. Одамлар қуёшда тобланиш учун саёҳатга чиқишади. Бироқ қуёшда кўп қолиб кетиш терига жиддий шикаст етказиши ҳақида ҳамма ҳам маълумотга эга бўлмаслиги мумкин. Яни UVA нурлари терининг ички қатламларига кириб, меланоцитлар деб аталадиган ҳужайраларни тебратадиган жигарранг пигмент – меланин ишлаб чиқаришни қўзғатади. Меланин бу – ултрабинафша нурларини ҳужайраларнинг энг муҳим қисмларига етиб боришини тўсиб, терини куйишдан ҳимоя қилишда тананинг усули. Агар терингизга кўпроқ ултрабинафша нурлари тушса, пигмент ҳимоя усули кўп ишлайди ва натижада терида қорайган сарғишлик пайдо бўлади.

Нима қилиш керак?

Қуёшдан ҳимоя қилувчи воситалар ултрабинафша нурланишини блокировка қилиш орқали тери ҳимоясида муҳим рол ўйнайди. Америка Дерматология академияси UVA ва UVB нурларини қоплайдиган сувга чидамли, кенг спектрли қуёш кремидан фойдаланишни тавсия қилади. Кундалик фойдаланиш учун камида SPF 30 қуёш кремини танланг, у UVB нурларининг 96,7 фоизини филтрлай олади. Агар сиз очиқ ҳавода машғулотлар билан шуғуллансангиз ёки тери саратони хавфи юқори бўлса, SPF 50 қуёш креми тавсия этилади, чунки у терингизни 98 фоиз UVB нурларидан ҳимоя қилади. Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремни ҳар икки соатда бир марта қўллашни унутманг.

Кўп ҳолларда эркаклар қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланишмайди. Бироқ тери саратони жинс, ирқ ва ёш танламайди. UV нурларининг зарари ҳамма учун бир хил бўлиб, терини ҳимоя қилиш ҳақида эркаклар ҳам қайғуриши керак.

Ҳимояланиш усуллари

Тери саратони жамғармаси қуёшдан ҳимояланиш учун қуйидагиларни тавсия қилади.

1. Эрталаб соат 10:00 дан 16:00 гача имкон борича сояда бўлинг.

2. Қуёшда куйишдан сақланинг.

3. Қуёшда тобланишдан сақланинг ва ҳеч қачон ултрабинафша нурланишни чақирадиган тўшакларни ишлатманг.

4. Кийимлар билан ёпининг. Кенг қиррали шляпа ва ултрабинафша нурланишидан ҳимоя қилувчи кўзойнаклардан фойдаланинг.

5. Кундалик SPF 15 ёки ундан юқори бўлган кенг спектрли (UVA/UVB) қуёш кремини ишлатинг. Узоқ вақт давомида очиқ ҳавода ҳаракат қилганда эса SPF 30 ёки ундан юқори бўлган сувга чидамли, кенг спектрли қуёш кремидан фойдаланинг. Кремни ҳар икки соатда сузишда ёки ортиқча терлаш пайдо бўлганда қайта қўлланг.

6. Янги туғилган чақалоқларни қуёшдан узоқроқ тутинг. Олти ойдан ошган чақалоқлар учун қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланинг.

7. Терингизда муаммо сезсангиз бошдан-оёқ текширувлардан ўтинг. Профессионал тери текшируви учун йилига камида бир марта дерматологга мурожаат қилинг.

9. Cancer Research UK маълумотларига кўра, сизнинг соянгиз сиздан қисқароқ бўлса, қуёшнинг ултрабинафша нурлари кучлироқ таъсир қилади. Тери катталарникига қараганда сезгирроқ бўлган чақалоқлар ва болаларни ҳимоя қилиш учун эҳтиёт бўлинг.

Бонус маслаҳат: тирноқларингизга ишлов бериш пайтида салонларда ултрабинафша нурли тирноқ лампаларидан фойдаланганда жуда эҳтиёт бўлинг. Бу лампалар UV нурларини чиқаради – гарчи қуёш каби кучли бўлмаса-да, вақт ўтиши билан теримизга зарар етказиш учун етарли. Салонга боришдан олдин қуёш кремини қўлланг ёки терингизни қоплайдиган махсус қўлқоп кийинг!

Эслатма! Кўчага чиқиш ва қуёш нурида тобланиш саратон касаллигига чалинишингизни англатмайди, аммо узоқ вақт қуёшда туриш хавфга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, баъзи одамлар учун қуёш юқори хавфга эга бўлса, бошқалари учун бу хавфли бўлмаслиги мумкин.

 

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид