Жаҳон | 08:05 / 22.06.2024
4387
3 дақиқада ўқилади

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Ғазо секторидаги идораси ўққа тутилганини маълум қилди

Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Ғазодаги идораси яқинида ўт очилиши оқибатида 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 45 киши яраланди, дея хабар берди ташкилот. Жабрланганлар сони ортиши мумкин.

Фото: AP

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) 22 июн, шанба куни маълум қилишича, унинг Ғазо секторидаги идораси яқин атроф ўққа тутилгани оқибатида зарар кўрган. «Жума куни тушдан кейин йирик калибрли снарядлар Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг идораси ва турар жой биноларидан бир неча метр масофага тушди. Ҳужум натижасида ХҚХҚ офис биноси зарар кўрди, унинг атрофида чодирларда яшовчи юзлаб кўчирилган тинч аҳоли вакиллари яшайди», дейилади баёнотда. ХҚХҚ маълумотларига кўра, отишмадан сўнг ташкилотнинг яқин атрофдаги дала касалхонасида 22 киши ҳалок бўлган ва 45 киши яраланган, бошқа қурбонлар ҳақида ҳам хабарлар бор.

Ҳисоботда айтилишича, ХҚХҚ объектлари яқинида хавфли даражада ўққа тутиш ҳам тинч аҳолига, ҳам гуманитар ходимларга бевосита таҳдид солади. Низолашаётган томонлар ХҚХҚ марказларининг координаталарини билишади. Бундан ташқари, улар Қизил Хоч эмблемаси билан аниқ белгиланган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил Ғазо сектори жанубида Рафаҳ ғарбидаги ал-Мавасий кўчирилганлар учун чодир лагерини ўққа тутди. 8 июн куни бу ерда ХҚХҚ ходимлари раҳбарлигида маҳаллий аҳолига ёрдам бериш учун дала касалхонаси ташкил этилди. Ҳужум оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлгани ва 50 киши яралангани айтилмоқда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 37,4 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид