Спорт | 07:31 / 24.06.2024
28019
7 дақиқада ўқилади

Майдонда қўрқинчли тўқнашув ва камбэк. Еврода 23 июн кунги ўйинлар қандай ўтди?

Шотландияга қарши ўйинда венгрияликлар ҳужумчиси олдинги Еврода Кристиан Эриксен билан рўй берган ҳодисани ёдга солиб юборди.

23 июн куни кечқурун Евро-2024 гуруҳ босқичида 3-тур ўйинлари старт олди. 1/8 финалнинг яна бир иштирокчиси номи маълум бўлди. Венгрия миллий жамоаси ҳужумчиси билан эса қўрқинчли ҳолат юзага келди. Қуйида ўтган кундаги ўйинларнинг асосий воқеалари кўриб чиқилади.

Евро-2024. 3-тур. А гуруҳи.

Швейцария — Германия: Фюллкруг немисларни қутқарди

Швейцария – Германия 1:1
Голлар: 1:0 – 28 Ндойе, 1:1 – 90+2 Фюллкруг.
Швейцария – Зоммер, Видмер, Родригес, Шер, Аканжи, Эбишер, Чака, Фройлер, Ридер (Варгас, 65), Ндойе (Амдуни, 65), Эмболо (Дуа, 65).
Германия – Нойер, Рюдигер, Та (Шлоттербек, 61), Миттелштедт (Раум, 61), Кроос, Гундўған, Андриҳ (Байер, 65), Виртц (Сане, 76), Киммиҳ, Ҳавертц, Мусиала (Фюллкруг, 76).
Огоҳлантиришлар: Ндойе (25), Та (38), Чака (67), Видмер (81).

Юлиан Нагелсманн қаторасига икки ғалабадан кейин яна бошланғич таркибда ўзгартириш қилмади. Немисларга А гуруҳида биринчи ўринни сақлаб қолиш учун дуранг натижа кифоя қиларди, улар ўйин бошидан шу мақсадда ҳаракатланишди: тўпга эгалик қилиш бўйича жиддий устунлик (биринчи бўлимдан кейин 31 га қарши 69 фоиз), минимум риск ва рақиб дарвозаси яқинидаги нофаоллик (танаффусга қадар дарвоза соҳаси томон биргина зарба берилди). Шу билан бирга, бундестим гол ҳам урганди, аммо видеотакрорни кўриб чиққан арбитр Даниэле Орсато Роберт Андриҳни миллий жамоа сафидаги дебют голдан маҳрум этди — ундан олдинги эпизодда Жамал Мусиала жарима майдонида фол ишлатганди.

Швейцарияликлар вақт ўтган сайин прессинг билан Германиянинг хотиржамлигини буза бошлади ва 28-дақиқада кутилмаганда ҳисобда олдинга чиқиб олди. Одатда хатосиз ўйнайдиган Тони Кроос майдоннинг ўз дарвозаси қисмидаги ҳудудида босим остидаги Мусиалага пас берди ва бу рақиб қарши ҳужумига олиб келди. Ҳужумни Дан Ндойе якунлаб берди — у чап қанотдан узатилган тўпни дарвозага жойлаб, Мануэл Нойерни Европа чемпионатларидаги рекорд даражадаги 17-ўйинида ранжитди. Бу эпизодда ҳужумчи офсайдда бўлгани эҳтимолини текширишди, аммо якунда гол барибир ҳисобланди.

Швейцарияликлар танаффусдан кейин ҳам иккинчи рақам остида ҳаракатланиш вазифасини аъло даражада уддалашди: немисларнинг узоқ вақт давомида тайёрланган ҳужумларини зарарсизлантириб, ортда қолдирилган бўшлиқлардан фойдаланган ҳолда хавфли вазиятлар яратиб туришди. Германия эса фақат узоқ масофалардан зарба беришга мажбур бўлди. 84-дақиқада швейцарияликлар яна бир гол уришди, аммо бу гол бекор қилинди. Рубен Варгас немислар дарвозасини яққол офсайд ҳолатида ишғол этганди. Ҳакам дарҳол қарор қабул қилди ва ҳатто VAR ёрдамига ҳожат бўлмади.

Швейцарияликларнинг гуруҳдаги биринчи ўрин учун умидларини захирадан майдонга тушган Никлас Фюллкруг йўққа чиқарди. «Боруссия» форварди қўшимча дақиқаларда Давид Раумнинг чап қанотдан узатмасига бош билан зарба йўллаб, бундестим учун дуранг олиб келди. Германия А гуруҳидан биринчи ўринда, Швейцария — иккинчи ўрин билан чиқди.

Шотландия — Венгрия: Майдонда ҳақиқий жанг

Шотландия – Венгрия 0:1
Гол: Чобот, 90+10.
Шотландия – Ганн, Ралстон (Маклин, 83), Ҳэнли, Маккенна, Хендри, Робертсон, Макгрегор, Макгинн (Армстронг, 76), Мактоминей, Гилмор (Кристи, 83), Адамс (Шенкленд, 76).
Венгрия – Гулачи, Болла (Над, 86), Орбан, Ботка, Дардаи (Салаи, 74), Керкез (Чобот, 86), Стайлз (Над, 61), Шаллаи, Собослаи, Шафер, Варга (Адам, 74).
Огоҳлантиришлар: Стайлз (18), Орбан (26), Шафер (44), Мактоминей (50), Кляйнҳайслер (75).

Бу икки жамоа учун ҳам плей-оффга чиқиш учун ғалаба керак бўлган ўйин эди: дастлабки турлардаги муваффақиятсизликдан кейин Шотландия (бир очко) ва Венгрия (нол) учинчи ўриндан умид қилаётганди. Аммо жамоалар биринчи навбатда мағлубият хавфини минималлаштиришга ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимдаги ягона голли вазият венгрлар томонидан амалга оширилди — Вилли Орбан Доминик Собослаининг узатмасидан кейин берган зарба дарвоза тўсинига тегди. Лекин бу ҳолатда «Лейпциг» ҳимоячиси офсайдда бўлган ва гол ҳисобланмаслиги ҳам мумкин эди.

Танаффусдан кейин ҳам ўйиннинг бориши амалда ўзгармади — шотландлар тўпга эгалик қилишди ва рақибнинг қарши ҳужумларига қарши ҳужумлар билан жавоб бериб туришди. 53-дақиқада Че Адамс шотландларнинг биринчи зарбаси муаллифига айланди — унинг зарбасидан кейин тўп осмонга қараб кетди. 

69-дақиқада британияликлар жарима майдонида қўрқинчли эпизод рўй берди — венгрлар ҳужумчиси Барнабаш Варга дарвозабон билан ҳаводаги курашдан кейин газонга ноқулай тарзда қулади ва ҳушини йўқотди.

Жамоадошлари шифокорлар келгунича Варгага биринчи ёрдамни кўрсатишди ва уни камералар ва трибуналардан тўсиш учун ўраб олишди, етиб келган шифокорлар эса унга бир неча дақиқа давомида ёрдам кўрсатишди.

Бу вақтда трибуналардаги томошабинлар даҳшатдан қотиб қолишганди. Дарҳол барча уч йил олдин Кристиан Эриксен билан рўй берган воқеани ёдга олишди. Бу сафар майдонга ҳатто кислород баллонли замбилни олиб чиқишди.

Шифокорлар кислород ниқобини футболчига кийдириб, уни трибуналар остига олиб чиқиб кетишди. Трибунадагилар шифокорларни олқишлар билан кузатиб қўйишди.

Бундан ташқари, бу ўйинда аргентиналик арбитр Факундо Тело ҳам ёдда қолди — футболчиларга бешта сариқ карточка кўрсатди, иккинчи бўлимга роппа-роса 10 дақиқа қўшиб берди ва эҳтимол Венгрия дарвозасига пеналти қўймасдан хатога йўл қўйди. Захирадан ўйинга қўшилган Стюарт Армстронг жарима майдонига ёриб кирди, ҳимоячи Орбан билан контактдан кейин йиқилди. Тело эса бунда қоидабузарлик кўрмади.

Ўйиннинг охирги қисмида эса икки жамоа ҳам очилди ва ғалаба голини уришга ошиқди. Венгрларнинг тезкор ҳужумларидан бирида тўп Ангус Ганн қўриқлаётган дарвоза устунидан қайтди, Шотландия ҳам рақиб дарвозаси томон хавфли ҳужумлар уюштирди, аммо Мактоминей ва Грант Ҳэнли қулай вазиятлардан фойдалана олмади.

Кейин эса венгрлар қарши ҳужумга чиқишди ва Кевин Чобот Роланд Шаллаи ташлаб берган тўпга бир тегинишда бурчакни аниқ нишонга олди, бу вақтда ўйиннинг 90+10-дақиқаси ўтиб бораётганди. Бу Евро тарихида ўйинларнинг асосий вақтларида энг кеч урилган гол бўлди.

Бу голни венгрлар Варгага бағишлашди. Варгага келсак, Венгрия футбол федерацияси у ўзига келгани ва ҳолати барқарорлаштирилганини маълум қилган.

Шотландия бир очко билан турнирни якунлади. Венгрия уч очкога эга, аммо тўплар нисбати -3. Аммо назарий жиҳатдан бундай кўрсаткич ҳам плей-оффга чиқиш учун етарли бўлиб қолиши мумкин.

Мавзуга оид