Ўзбекистон | 11:38 / 24.06.2024
1527
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темирйўллари»ни модернизация қилиш жараёнига полшалик экспертлар жалб этилади 

Ўзбекистон ва Полша темирйўл соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Фото: "Дунё" АА

"Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамияти бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Полшага борди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари "Полша давлат темирйўллари" (PKP S.A.) акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Дариуш Грайда билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда темирйўл ташувлари сонини ошириш, жумладан ўзаро имтиёзлар тақдим этиш масалалари кўриб чиқилди.

Дариуш Грайданинг  айтишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб Полша Европа Иттифоқига раисликни бошлаши билан Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади.

Музокаралар якунида "Полша давлат темирйўллари" акциядорлик жамияти раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, "Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамиятини трансформация ва модернизация қилиш жараёнига полшалик экспертларни жалб қилиш, мамлакатда юк кўтариш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисида келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид