Ўзбекистон | 19:13 / 25.06.2024
11078
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар Hamster ўйинини ўйнаши мумкинми? – ИЛМА изоҳи

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Hamster ўйини ҳақидаги саволларга жавоб берди. Агентликнинг билдиришича, ўйинининг ҳисоб бирликлари блокчейнга эга бўлмагунича, уларнинг айланмасини тартибга солиш агентлик ваколатига кирмайди. 

Фото: Дмитрий Коротаев

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг билдиришича,“Hamster Kombat” ўйини Play to earn (ўйин орқали реал пул ёки бошқа қимматли мукофотларни олиш мумкин бўлган) тоифасидаги ўйинлар қаторига кирмайди. Чунки ўйинда тўпланган тангалар (ҳисоб бирликлари), утилитар крипто-активлардан фарқли ўлароқ, таъминланмаган ва реал фойда келтирмайди.

Агентликнинг тушунтиришича, Hamster крипто-актив ҳисобланмайди. Чунки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, крипто-актив бу – маълумотларнинг тақсимланган реестри (блокчейн)даги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, қиймати ва эгасига эга мулкий ҳуқуқ. Hamster ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари эса юқоридаги таърифга мос келмайди ва блокчейнга эга эмас.

“Бироқ  келажакда “Hamster Kombat”даги тангалар блокчейнга ўтиши ва шу билан крипто-активга айланиши мумкинлиги инкор этилмайди. 

Кейинчалик, крипто-активни тарқатиш мақсадида у крипто-платформаларда листингдан ўтказилиши мумкин. Бироқ бундай крипто-активлар акс ҳолларда фойдали фунционалликнинг йўқлиги сабабли рўйхатга олинганидан кейин қисқа вақт ичида қадрсизланади”, - дейилади расмий хабарда.

ИЛМА “Hamster” ўйинида тўпланган ҳисоб бирликларини улар крипто-платформаларда рўйхатга олинганидан кейин харид қилиш ёки сотиш қонуний бўладими, деган саволга жавоб берди.

Расмий изоҳга кўра, ўйинда тўпланган ҳисоб бирликлари крипто-актив деб тан олинса, уларни фақат крипто-активлар айланмаси соҳасидаги миллий хизмат кўрсатувчи провайдерлар орқали харид қилиш ёки сотиш мумкин бўлади. Бунда улар крипто-биржа котировкалаш варағи ёки  крипто-дўконнинг савдо саватига киритилган бўлиши зарур.

Агентлик ўйиннинг хисоб бирликлари блокчейнга эга бўлмагунича, уларнинг айланмасини тартибга солиш агентлик ваколатига кирмаслигини билдирган.

Аввалроқ  Ўзбекистонда 1 ойда 15 киши крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарликка тортилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи йигит ноқонуний равишда крипто-активлар билан муомала қилгани учун маъмурий жазога тортилгани, Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчисига ноткоин сотгани учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўллангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид