Жаҳон | 14:19 / 25.06.2024
6365
3 дақиқада ўқилади

Хитой зонди Ерга Ой тупроғи намуналарини олиб келди

«Чанэ-6» зонди Ойнинг тескари томонидаги тупроқ жинслари намуналари билан Ерга қайтган тарихдаги биринчи космик аппаратга айланди. Ой тупроғи намуналари Жанубий қутб-Эйткен ҳавзасида тўпланган.

Фото: Xinhua/IMAGO

Хитойнинг «Чанэ-6» Ой зонди модули Ой тескари томонида тўпланган тупроқ намуналарини Ерга етказди. 25 июн, сешанба куни зонддан туширилган Ой тупроқ жинслари намуналари бўлган капсула Ички Мўғулистон провинциясига қўнди, деб хабар бермоқда «Синхуа» Хитой давлат ахборот агентлиги. Қўнишга оид видеолавҳаларни Хитойнинг CGTN телеканали эълон қилди

«Чанэ-6» Ой миссияси 53 кун давом этди. Намуна олиш Жанубий қутб-Эйткен ҳавзасида, Ойнинг тескари томонидаги энг катта кратерда амалга оширилди. Материални ажратиб олиш учун зонд махсус бурғилаш мосламаси ва робот қўлдан фойдаланган, деб ёзади «Синхуа». Муваффақиятли намуналар йиғилгандан сўнг, кратерга ХХР байроғи ўрнатилди. 

Хитой зонди Ойнинг тескари томонидаги тупроқ жинслари намуналари билан Ерга қайтган тарихдаги биринчи космик аппаратга айланди. Уларнинг тадқиқоти олимларга Ер сунъий йўлдоши шаклланиши ҳақида маълумот бериши мумкин. Хитой, маҳаллий мутахассислар томонидан намуналар ўрганиб чиқилганидан сўнг, материаллар жаҳон илмий ҳамжамиятига тақдим этилишига ваъда берди. Ойнинг тескари томони, хусусан, Жанубий қутб тадқиқотчиларни ўзига жалб қилади, чунки бу минтақада сув музлари топилиши мумкин. 

Хитойнинг Ойни тадқиқ қилиш режалари 

Хитой учун бу миссия - мамлакат улкан космик дастуридаги навбатдаги муваффақият ва Хитойнинг Ойга бошқариладиган космик кемани учириш йўлидаги муҳим амалиёти. Уни 2030 йилгача жўнатиш режалаштирилган. 

Хитойнинг Ой дастури сунъий йўлдошда яшаш учун қулай база яратиш мақсадида Ойни кенг кўламли зондлашни ўз ичига олади. Янги «Ой пойгасида» Хитойнинг рақобатчиси Ҳиндистон бўлиб, унинг «Чандраян-3» модули 2023 йил август ойида Жанубий қутб яқинига муваффақиятли қўнди. Шу билан бирга, АҚШ ҳам, СССР космик дастурларининг «вориси» бўлган Россия ҳам Ойни тадқиқ қилиш бўйича янги уринишларда муваффақиятга эриша олмади.

Шу тариқа, 2023 йилда «Роскосмос»нинг «Луна-25» аппаратини сунъий йўлдошга қўндиришга уриниши муваффақиятсиз якунланди, бу Россия Федерациясининг замонавий тарихидаги биринчи Ой миссияси муваффақиятсизлиги бўлди. Қўшма Штатлар 2024 йилда Ойга битта муваффақиятли ва битта муваффақиятсиз модул миссиясини амалга оширди, шу билан бирга, тарихда биринчи марта хусусий компания бу борада муваффақиятга эришди. 

 

Мавзуга оид