“КХШТдан чиқиш учун баҳона” — экспертлар Арманистоннинг Беларусга эътирозлари ҳақида
Politico нашри 2018-2022 йилларда Беларус Озарбойжонга илғор қурол-яроғларни етказиб берганини маълум қилиши ортидан, Арманистон Беларусдаги элчисини чақириб олди. Бош вазир Никол Пашинян Александр Лукашенко раҳбарлиги даврида ўзи ҳам, Арманистоннинг бошқа бирорта расмий вакили ҳам Беларусга бормаслигини айтди.
“Геосиёсат” мавзунинг муҳим нуқталари ҳақида сўз юритиш учун сиёсатшунослар Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.
— Беларус ва Озарбойжон ўртасидаги қурол савдоси бўйича қандай келишувлар бор?
Ойбек Сирожов: — Жанубий Кавказда уруш ҳолатлари тугаганига 2 йилдан ошяпти, 2022 йилда чегарада низо бўлганди охирги марта. Нега айнан 14 июнда Politico нашрида чоп этилган маълумотлардан кейин Арманистон муносабати кескин ўзгарди, деган масала бор. Бу ерда 2 та муҳим жиҳат бор.
Биринчиси, жаҳонда кечаётган геосиёсий жараёнлар. Россия ўз иттифоқчиларини излаяпти, Ғарбда ҳам Россияни тийиб туриш учун имкониятларни ишга солишга эҳтиёж ортяпти. Кавказдаги ҳар қандай жараёнга Россия бефарқ бўлолмайди. Ғарб эса у ерда иккинчи фронтни шакллантиришдан манфаатдор. Пашинян эса шу вазиятдан фойдаланмоқчи. Франциянинг Арманистон билан ҳамкорлиги кучайяпти, зирҳли техникалар берди, зарур бўлса ҳарбийларни киритиш ҳақида ҳам гаплар бўлди.
Арманистон ва Беларус ўртасидаги қурол олди-сотдиси 2000 йилларга бориб тақалади, бу мамлакатлар ўша пайтдан бери ҳамкорлик қилади бу борада. БМТнинг қуроллар бўйича реестридаги маълумотларга кўра, 2002-2012 йиллар давомида Озарбойжон 153 та Т-72 танк, 11 та S-25 самолёти олган; бошқа артиллерия снарядлари, қуроллари ҳам олган.
Умуман, бу ҳарбий-техникавий ҳамкорлик 3 та йўналишда бўлган: артиллерия техникалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ускуналари.
Демак, ҳарбий ҳамкорлик Politico нашри маълумотида келтирилган 2020-2022 йилдан олдин ҳам бўлган. Бундай савдолар бўлишига сабаб, СССР тарқагач, Қорабоғ Арманистонга ўтиб кетган эди, Озарбойжон эса стратегик мақсад сифатида Қорабоғни қайтариш учун ҳарбий салоҳиятини кучайтириш стратегиясини ишлаб чиқди. Шу орада Туркия билан яқинлашди, Беларус билан ҳам ҳамкорлик қилди. Шу жиҳатлар икки давлат ўртасидаги ҳарбий соҳа муносабатларни ривожлантиришга туртки бўлди, дейиш мумкин.
Камолиддин Раббимов: — 2002-2012 йилларда Озарбойжон Беларусдан ярим млрд долларлик қурол-яроғ сотиб олган. Арманистон бу ҳамкорликни олдиндан яхши билган, бу улар учун янгилик эмас.
КХШТ – ҳарбий блок, унга Россия, Арманистон, Қирғизистон, Беларус, Қозоғистон аъзо. Ҳарбий блок қоидасига кўра, улардан бирортасига ҳужум бўлса, бу ҳужумга биргаликда жавоб берилиши керак. 2020 йилги 40 кунлик урушда Арманистон ташкилотдан ўзини ҳимоя қилиб, Озарбойжонга жавоб қайтаришни кутганди, аммо ундай бўлмади. Экспертлар йиллар давомида КХШТни ўлик ташкилот деб келади, ичкарисида фундаментал зиддиятлари бор.
Қорабоғ – халқаро қонунчиликка кўра, расман Озарбойжонга тегишли. Арманистон иккинчи Исроил бўлмоқчи эди, лекин унда катта иқтисодий, демографик ресурслар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Озарбойжон эса иқтисодий ва аҳоли жиҳатдан Арманистондан бир неча баробар бой. Озарбойжонда капитал бор эди, Беларуснинг мақсади эса пул ишлаш ва катта маблағ ҳисобига қурол-яроғ сотиб келди.
Арманистонда Россия берган қуроллар билан Озарбойжонни енга оламиз деган тафаккур бор эди. Аммо Озарбойжон бу ҳарбий операцияга бир неча йиллар пухта тайёрланди. 2020 йилда аҳолига минимал зарар етказган ҳарбий операцияни амалга оширди ва Қорабоғни қайтариб олди.
Кавказ геостратегияси кейинги даврда 180 градусга ўзгарди. Саакашвили даврида Грузия Ғарбга йўналиш олганди. Бугунги ҳукмрон партия эса Россияга юзланди. Арманлар ҳам охирги икки асрда Россияга юзланган, Туркистонни босиб олишда ҳам қатнашган улар. Қорабоғ олингач эса, Арманистон Ғарбга юзланяпти, Россиядан стратегик аразлади дейиш мумкин. Яқин ўртада Россияга қайта юзланиш эҳтимоли кам.
Ойбек Сирожов: — 90-йилларда Қорабоғнинг Арманистонга ўтишида ҳам Россиянинг таъсири катта эди. 2020 йилгача Россия таъсирида бу масалага кўз юмилган. Арманистон ҳам айни шу муддао билан, яъни Россияга яқин бўлсак, Қорабоғ бизники бўлади деган ғояда бўлди. Қорабоғ Озарбойжонга ўтгач, Арманистон Россиядан аразлади ва уларнинг наздида Арманистонни Россия билан боғлайдиган муҳим геостратегик асосга дарз кетди.
2020 йилда Арманистон Россиядан ёрдам сўради. Лекин Путин агар Арманистоннинг миллий чегарасига киришса, ёрдам берамиз, деди. Яъни халқаро ҳуқуқ нуқтайи назардан ёндашилди: Қорабоғ – Озарбойжонники.
— Озарбойжон қуролли кучлари учун Беларуснинг Groza-S мобил жанговар станцияларини сотиб олиш бўйича ҳам шартнома бўлган экан. Шунга ҳам тўхталсак.
Ойбек Сирожов: — Бу бўйича изланиш олиб борган суриширувчилар Groza-S мобил қурилмаси берилганини айтган. Бу ҳарбий станция дронларни, ҳаво ҳудудини назорат қилиш учун ишлатилади. Артиллерияни модернизация қилиш учун ҳам қуроллар берилгани айтилган.
Арманистон бунга урғу берганига сабаб, ўша 40 кунлик урушда Озарбойжоннинг катта ютуғи ҳаво ҳужумини оқилона ташкил этгани бўлган. Бунда айғоқчи қурилмалар муҳим рол ўйнаган.
— Москва бундан қанчалик хабардор ва уларнинг позицияси қандай бўлади?
Камолиддин Раббимов: — Россия барчасидан бохабар бўлган. Кавказ атрофидаги геосиёсий вазият 2020 йилларда тўлиқ ўзгарди. Россия олдида мураккаб дилемма пайдо бўлди: Арманистонни танлаш ёки Кавказ йўлларининг очилиши учун Қорабоғ масаласига аралашмаслик. Қорабоғ ўз давлатига қайтарилиб, барқарорлик бўлса, йўл очилади у ерда, бундан Хитой ҳам манфаатдор. Бир томонда Туркия ва бошқа туркий давлатлар ҳам бор. Туркия баъзи масалаларда Россиянинг муҳим ҳамкорларидан. Чунки Туркия Эрдўған даврида Ғарбдан узоқлашиб мустақил ўйинчига айланди, Россия эса буни қадрлайди. Шу фонда Арманистонни танласа, туркий давлатлар билан, Хитой билан муносабатлар чигаллашарди. Бу масалада туркий давлатлар ўз вазнини кўрсатди. Шу сабабли Путин бу масалада Арманистонни қўлламади.
Қолаверса, 90-йиллар бошида Озарбойжон АҚШга юзланганди, лекин кейинги йилларда Илҳом Алиев кўп векторли сиёсат олиб боряпти. Ҳатто охирги вақтларда Озарбойжон геосиёсий, ҳарбий масалаларда нейтрал қолиб, Қўшилмаслик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бирига айланди. Ўзбекистонга ҳам шундай бўлишни маслаҳат берди Озарбойжон. Озарбойжоннинг бугунги ҳаракати Россия учун қулайроқ, Кавказга коллектив Ғарбни киритмаслик учун Россия уни қўллайди. Аразлаган Пашинян эса Францияга, коллектив Ғарбга талпиняпти, лекин минтақа давлатлари буни қабул қилмайди. Бу нарса Россияга хам, Хитойга ҳам, Эронга ҳам, НАТО аъзоси бўлган Туркияга ҳам керакмас. Туркия ўзининг Кавказдаги индивидуал таъсирини ушлаб туриш учун бошқа кучларни киритмаслиги керак, шу сабаб Арманистоннинг интилишларини қўлламайди.
Ойбек Сирожов: — Москва бундан хабардор бўлган. Бир томондан яқин иттифоқчиси бўлган Беларуснинг иқтисодий ривожланиши муҳим. Беларус қуроллари совет давридан қолган ёки шу турдаги қуроллар, шу томондан ҳам Россия манфаатдор, чунки Беларус сотмаса, Ғарбдан олиши мумкин Озарбойжон.
Бундан ташқари, Россия Кавказда яқин иттифоқчи сифатида Озарбойжонни кўриб, бу масалага кўз юмди. Арманистон 2020 йилдан бери Россиядан узоқлашиш тенденциясида. Ўтган йили КХШТ ҳарбий машғулотларига қўшилмади, кейин НАТО машғулотларига қўшилди. 14 июнда Politico нашридаги мақола эса Пашинян қўлга келди, Беларусни айблашга ҳаракат қиляпти.
— Ғарбдан Арманистонни ҳақиқатан ҳам амалда қўллайдиган давлатлар борми ўзи?
Ойбек Сирожов: — Аввало, Арманистон ҳали Россия орбитасидан чиқиб кетоладими, деган масала бор. Чунки Россия билан боғловчи омиллар кўп ҳали. Биринчиси, энергетик боғлиқлик, Арманистон 80 фоизга яқин нефт-газни арзон нархда Россиядан олади. Иккинчидан, Арманистон сиёсий элитасининг Москва билан боғлиқлиги кучли, бу боғлиқлик тарихан шаклланган. Учинчиси, миграция масаласи, кўп арманлар Россияда ишлайди. Ғарбда шу омилларга муқобил бўладиган давлатлар йўқ, деб ўйлайман. Ғарб, АҚШ Арманистон учун маблағ сарфлашга, юқоридаги муаммоларни бартараф этишга мойил эмас, муаммолари етарли. Шу сабаб Арманистоннинг Россия орбитасидан чиқиб кетиши қийин.
— Арманистоннинг КХШТдан чиқиш эҳтимоли ва унинг ортида ётган сабабларни таҳлил қилишда, ушбу қурол савдоси қандай рол ўйнади?
Камолиддин Раббимов: — Озарбойжон ва Беларус ўртасидаги қурол-яроғ бўйича ҳамкорликни Арманистон фақатгина КХШТдан чиқишни легитимлаштириш, баҳона сифатида ишлатиши мумкин. Пашинян Россия билан савдолашяпти деб ўйламайман, Россиядан қаттиқ хафа. Арманистон – энг кичик давлатлардан бири постсовет ҳудудида, иқтисодий боғлиқлиги 90 фоиз дейиш мумкин Россияга, унинг ўрнини босадиган давлат эса йўқ.
Ўтган йили Туркия Республикасининг 100 йиллик тадбирларига Пашинян ҳам таклиф қилинганди. Шунда Эрдўған у билан алоҳида гаплашиб, Қорабоғ асли сизники эмасди, бўлар иш бўлди, энди минтақа давлатлари билан яқинлашинг, ҳеч ким арманларга тегмайди, репрессия қилмайди, деган гапни айтди. Пашинян буни тушунгандек ҳам, бир неча бор минтақа давлатлари билан яқинлашиш керак, деди. Яқинлашмаса, узоқдаги кучлар бу можародан фақат ўз манфаати учун фойдаланади. Озарбойжон билан яқинлашса, ўз-ўзидан туркий давлатлар, мусулмон давлатлари билан яқинлашади. Қорабоғ сабабли Арманистон билан дипломатик алоқа ўрнатмаган туркий ва мусулмон давлатлари кўп.
Умуман, бу вазиятда асосий хафагарчилик Россия билан. Лекин айтганимиздек, Россия битта Арманистон учун бошқа давлатлар билан алоқаларни чигаллаштириши манфаатларига тўғри келмасди.
— Бу можаро Кавказни яна тўлқинлантирадими?
Ойбек Сирожов: — Бу энди Расмий Ереваннинг кейинги сиёсати билан боғлиқ. Олдида иккита йўл бор: Ғарб, Франция билан яқинлашиб, эскалацияни кучайтириш, ёки минтақа ва туркий, мусулмон давлатлар билан яқинлашиш. Иккинчи йўл билан Россияга бўлган боғлиқлигини хам йиллар давомида қисқартириши мумкин.
Марказий Осиё давлатлари бу ерда тезроқ тинчлик шартномаси имзоланишидан манфаатдор. Бу туркий давлатларни боғловчи Зангезур коридори ишга тушишини хизмат қилади. Лекин Зангезур коридори ишга тушишидан Россия, Эрон манфаатдор эмас. Шу нуқтайи назардан Арманистон минтақа ва туркий давлатлар билан яқинлашса, бизнинг манфаатларга ҳам тўғри келади. Агар Арманистон шу йўлни танласа, Туркия ҳам, бошқа туркий давлатлар ҳам тайёр бунга.
Тинчлик шартномаси имзоланса, туркий давлатларнинг Арманистон билан савдо, иқтисодий, энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари бор. Россияга муқобил тарзда Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон Арманистонга нефт-газ етказиб бериш имкониятига эга.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:16 / 22.11.2024
Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
20:52 / 20.11.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
23:12 / 19.11.2024