Байден ва Трампнинг биринчи дебати. Ундан нима кутиш мумкин?
27 июн куни кечқурун Жо Байден ва Доналд Трамп 2024 йилги президентлик сайловлари олдидан биринчи дебатда иштирок этади (сайловлар ноябрга белгиланган). Бу кун уларнинг иккиси учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин: Американинг айрим нашрлари агар Байден дебатларда муваффақиятсизликка учраса, демократлар уни бошқа номзодга алмаштириши мумкинлигини айтишмоқда, Трамп эса Ню Йорк иши бўйича ҳукм чиқарилишига атиги икки ҳафта қолганида сайловчиларга мурожаат қилаётганига эътибор қаратилган. «Медуза» Байден ва Трамп қандай мавзуларни муҳокама қилиши — ва уларнинг биринчи дебатидан нималар кутиш мумкинлиги ҳақида ёзди.
Байден ва Трамп 2020 йилда ҳам ўзаро дебатларда қатнашганди (АҚШ президентлиги учун кетма-кет икки сайловдаги номзодлар такрорланиши охирги бор1956 йилда кузатилганди — ўша пойга дебатларсиз кечган сўнггиси бўлиб қолган).
Ўтган сафарги дебатлар вақтида номзодлар одатдагидек уч марта эмас, фақат икки марта дебат қилишган — сайловларга бир ой қолганида Трамп коронавирусга чалинган, видеоалоқа орқали баҳс олиб боришдан эса бош тортганди. Ўшанда номзодларнинг икки учрашуви ҳам можароли кечган (ва кутилганидек мазмунли бўлмаган). Биринчи кечада, 29 сентябр куни, Трамп Байденни издан чиқаришга ҳаракат қилиб, бир неча ўн марта унинг гапини бўлиб қўйганди. Республикачилар номзоди тинимсиз равишда демократ рақибининг жиғига теккан, аммо у ҳужумлар ва ҳақоратлар оқимига бардош беролганди. Шу билан бирга, бир неча бор кескин жавоб ҳам қайтарган. Масалан, Трампни масхарабоз деб атаб, жаҳл билан шундай деган: «Сен қачон оғзингни юмасан?». Шунга қарамай, сўровлар ўша дебатларда Байден яққол устунлик билан ғолиб чиққанини кўрсатган (ҳолбуки, кўплаб экспертлар буни тарихдаги энг ёмон чиқиш деб атаганди).
Иккинчи раунд арафасида дебатларни ўтказиш бўйича комиссия қоидаларни ўзгартирган: ҳатто чиқиш қилаётган номзоднинг рақибининг микрофони ўчириб қўйилган. Бу эса муҳокама чўзилишига олиб келган ва 15 дақиқалик олтита сегмент давомида сиёсатчилар коронавирусга қарши кураш, ирқий муносабатлар, иқлим ўзгариши ва миллий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишган. Аудитория жиддий даражада камайган: дебатларни 63 миллион сайловчи томоша қилган (биринчи раундда бу миқдор 10 миллионга ортиқ эди). Бу сафар ҳам Байден ғолиб чиқади — томошабинлардан фақат 39 фоизи дебатларда Трамп ғолиб деб ҳисоблаганди.
Аммо дебатларга қараб мўлжал олиб бўлмайди. Трампнинг 2020 йилги тажовузкор тактикаси ижтимоий сўровларда анча ортда қолганидан келиб чиққанди. Ўша дебатларни Байден фаворит сифатида бошлаб, яққол фаворит сифатида якунлаганди. Бу сафар эса у рақибидан ортда қолмоқда.
Одатда дебатлар сайловларга кам вақт қолганида ўтказилади — ҳозир эса ҳали бир неча ой бор. Нима учун?
2023 йил ноябрида комиссия дебатлар кунини анонс қилганди. Уларни 16 сентябр, 1 ва 9 октябр кунларига белгилашганди. Аммо ўшандаёқ бу режа ўзгаришсиз қолмаслиги тушунарли эди.
2016 йилда ҳам, 2020 йилда ҳам Трамп дебатлар ўтказиш бўйича комиссия фаолиятини адолатсиз деб атаган — биринчи навбатда у ўзига қаттиқ саволлар бериб, рақибининг сўзини бўлиб қўйишига халал берган модератор журналистларни танқид қилган. 2022 йилда эса Республикачилар партияси номзодлари праймеризда иштирок этиши учун расмий дебатлардан бош тортишини шарт қилиб қўяди.
Ҳал қилувчи зарбани демократлар беришади. 2024 йил 15 майда Байден кутилмаганда Трампни ўз штаблари, комиссия иштирокисиз ташкил этадиган мустақил дебатларга чақиради. Демократлар таклифига кўра, учрашув томошабинларсиз студияда, июн ва сентябр ойларида, қатъий модерация билан ўтказилиши керак эди.
Трампни дебатларга чорларкан, Байден шундай дейди:
«Биз 2020 йилда дебат қилганимизда Доналд Трамп менга икки марта ютқазганди, шундан кейин эса дебатлардан бош тортиб келади. Энди у ўзини шундай тутмоқдаки, худди буни такрорламоқчидек — яхши, оғайни, марҳамат. Мен буни икки марта қилишга ҳам розиман. Кел, Доналд, кунини танлаймиз, эшитишимча, сен чоршанба кунлари бўшсан».
Демократлар штаби дарҳол дебатлар ўтказишда комиссия билан ҳамкорликдан бош тортилишининг учта сабабини келтиради:
- почта орқали овоз бериш биринчи дебат белгиланган кундан олдинроқ бошланади — яъни сайловчиларнинг бир қисми номзодларни тинглашдан аввалроқ овоз бериб бўлади;
- дебатларни томошабинлар гувоҳлигида ўтказиш мазмунли мунозарага халақит беради;
- комиссия гўёки 2020 йилда Трампни ўз қоидаларига амал қилишга мажбурлай олмаган — республикачилар томонидан уюштирилган жанжал эса жиддий муҳокамага имкон бермаган.
Бу изоҳларнинг барчаси ўйлаб топилгандек кўринади. Масалан, сентябрдаги муддатдан олдин овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг мутлақ озчилик қисми қатнашади ва кўп ҳолларда улар номзодлардан бирортасининг қатъий тарафдори бўлади.
Катта эҳтимол билан, Байденнинг штаби шунчаки Трампни қулай шарт-шароитлардаги дебатни ўтказишга мажбур қилишни кўзлаган — эрта саналар, сокин муҳит, гапираётган номзоднинг рақибида микрофон ўчиқ бўлиши. Стратегия иш берди: республикачилар штаби шу куниёқ таклиф этилган форматга рози бўлди. Дебатлар 27 июн ва 10 сентябр кунларига белгиланди; дастлабкисини CNN, кейингисини ABC телеканали ташкиллаштиради.
Буларнинг бари Байденга нега керак?
Дебатлар бу қадар эрта вақтга сурилиши демократлар штабига муҳокамаларда учинчи номзод, кичик Роберт Кеннеди иштирок этмаслиги учун зарур бўлган бўлиши мумкин — у дебатларда иштирок этиш шартларини бажаришга улгурмаслиги аниқ эди. Яна бир эҳтимолий сабаб — дебатларда ғалаба қозонилган тақдирда пойгани «қайта бошлаш» умидидир.
Бироқ, айрим журналистларнинг ҳисоблашича, штаб стратегияси демократлар ўз номзодига ишонмаётганини кўрсатиб қўймоқда. Гап шундаки, амалдаги президент кўплаб сўровномаларга кўра ортда қолмоқда, айниқса «иккиланувчи» штатларда. Бундай вазиятда номзод учун пойгада қандайдир хаосни юзага келтириш ҳаддан ортиқ муҳимдир. Масалан, максимал миқдорда дебатлар талаб қилиш ва сайловчиларга катта таъсир кўрсатиш учун сайловга яқин вақтдаги саналарни таклиф қилиш. Байден штаби эса бунинг тескарисига эришди. Буни қуйидаги икки ҳолат билан изоҳлаш мумкин:
- демократлар сўровларнинг аниқлигига ишонмайди, гарчи барча поллстерлар Байден ҳеч бўлмаганда Трампдан сезиларли устунликка эга эмаслигига амин;
- президент штаби дебатлар унга ёрдам беришига ишонмайди — фақат зарар етказади деб ҳисоблайди. Таниқли журналист Нейт Силвер эса агар Байден биринчи раундда муваффақиятсизликка учраса, демократлар номзодини алмаштириши ҳам мумкинлигини айтган.
Дебатларда нима муҳокама қилинади? Ва номзодлар қандай тайёргарлик кўрмоқда?
Трампнинг тарафдорларига кўра, республикачилар дебатларга тайёргарлик кўришнинг одатий усулидан воз кечган — у олдиндан тайёрланган ибораларни пишитмайди ва Байден ролини бажарувчи актёр билан баҳслашувни репетиция қилмайди. Бунинг ўрнига у маслаҳатчилар билан учрашувлар ўтказган ҳамда баёнотларини залдаги тарафдорлари қаршисида синаб кўриш учун митингларда нутқ сўзлаган.
Хусусан, Трамп аллақачон Байденни ноқонуний мигрантлар томонидан содир этилган қотилликлар ҳақида гапиришга мажбур қилишга ваъда берган. Бу стратегия таянадиган аргументлар эса баҳсли: аслида ноқонуний мигрантлар томонидан содир этиладиган жиноятлар сони АҚШнинг бошқа аҳолиси содир этадиган жиноятлар билан солиштириб бўлмас даражада кам, амалдаги президентнинг қарорлари эса (масалан, қуролдан фойдаланиш бўйича қатъий талаблар қўйилиши) мамлакатдаги зўравонлик ҳолатлари даражасини пасайтирган. Шунга қарамай, миграция инқирози энг ўткир масалалардан бири бўлиб қолмоқда ва Трамп учун бу муаммони Байденнинг ҳаракатларига боғлаш муҳим.
Бундан ташқари, модераторларнинг саволлари Трампнинг янги радикал таклифлари билан кесишиши мумкин: масалан, солиқ тизимини ислоҳ қилиш ғояси ва Россия босқинини айнан Байденнинг Украинани НАТОга қабул қилиш ваъдаси келтириб чиқаргани тўғрисидаги баёнот. Бундан ташқари, дебатлар арафасида республикаиларнинг маслаҳатчилари унга президентлик сайловида ғалаба қозонган тақдирда урушни тўхтатиш бўйича режани таклиф қилгани маълум бўлди. Бу режа икки ултиматумни ўз ичига олади: Трамп қурол етказиб беришни тўхтатиш таҳдиди билан Киевни музокараларга мажбурламоқчи, Москвага эса — агар музокаралар столига ўтиришни хоҳламаса, Украинага қурол етказиб бериш ҳажмини ошириш билан таҳдид қилади.
Амалдаги президент дебатларга қандай тайёрланаётгани ҳақида эса маълумот бироз кўпроқ. Кэмп-Дэвид қароргоҳидаги ангарда саҳнанинг нусхаси қурилган, Байденнинг шахсий ҳуқуқшуноси репетиция вақтида «Трамп»ни ўйнайди, тайёргарлик учун эса бир ҳафтага яқин вақт ажратилган. Бу жараён давомида маслаҳатчилар президентга аввалги чиқишлари ёзувини кўрсатиб, унинг хатоларини қайд этиб боришади.
Байденнинг яна бир жамоаси у узун мураккаб иборалар ишлатмаслиги, балки қисқача кескин гаплар айтишини таъминлашга эътибор қаратган. Бу америкалик политтехнологларнинг азалий сабоғидир: дебатлардаги асосий якун узун муҳокамалар натижаси эмас, балки янгиликларда қайта-қайта берилганида (ҳозирда ижтимоий тармоқларда тарқаладиган) таъсирчан кўринадиган ўн сониялик парчалардир.
Дебатлар натижасига яна нима таъсир кўрсатиши мумкин?
Асосий интрига — 81 ёшли Байден ва 78 ёшли Трампнинг жисмоний формаси. Америкалик сайловчилар ҳисоблашича, Байденнинг асосий минуси — айнан ёшидир. Ижтимоий тармоқларда тез-тез демократлар номзодининг саломатлигидаги муаммоларга ишора қилувчи янги видеолар тарқалади (кўпинча улар фейк бўлиб чиқади). Республикачилар эса бундан бажонидил фойдаланади — Трамп дебатларга розилик бераркан, унинг рақиби гўёки жумлаларни бир-бирига боғлай олмаслигини айтганди.
Бироқ, номзодларнинг соғлигига эътибор қаратилиши Трампга қарши ишлаши ҳам ммкин. Республикачининг ўзи ҳам охирги ойларда мунтазам равишда митингларда ғалати ҳолатга тушди. Масалан, у бир сафар бир неча дақиқа давомида ток зарбаси ёки акула тишларидан ўлим танлови қаршисида қолган балиқчи ҳақида ғалати монолог ўқиди (журналистлар эса у нимани назарда тутганини топишга уриниб, материаллар ёзишига тўғри келди).
Номзодлардан исталган бирининг жиддий хатоси, нотўғри қадами ёки диққатни сезиларли даражада йўқотиши сайловчиларда унинг бошқарув қобилиятига шубҳа уйғотади. Эҳтимол, Трамп сўнгги ҳафталарда айнан шунинг учун ўз тарафдорларини Байден кучли чиқиш қилишига тайёрлаётган бўлиши мумкин. Трамп рақибини «муносиб дебатчи» деб атаган, CNN модераторларини олдиндан нохолисликда айблаб, амалдаги президентга гўёки дебатлар арафасида ҳолатини яхшилаши учун дори берилаётганини айтган ҳамда унинг тест топширишини талаб қила бошлаган.
Мавзуга оид
18:58
Трамп Камала Ҳаррисга 20 млн доллар қарзини узиш бўйича ёрдам таклиф қилди
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
17:00 / 09.11.2024