Жаҳон | 13:00 / 27.06.2024
6488
9 дақиқада ўқилади

Ливанни қўллаган Эрдўған, НАТОнинг янги бош котиби ва самосудга чорлаган Рамзан Қодиров — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армияси Ғазо секторида БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш Яқин Шарқ агентлиги мактабларидан бирига берган зарбаси натижасида 11 киши ҳалок бўлди.

Мазкур мактаб Ғазо секторининг ғарбий қисмида «Аш-Шати» қочиқинлар лагерида жойлашган эди.

Урушнинг 264-кунига келиб Исроил агрессияси қурбонлари сони 37 минг 718 кишига етди. Ярадорлар 86 минг 377 кишини ташкил этмоқда.

Биргина ўтган сутка давомида Исроил ҳужумларидан 60 нафар фаластинлик ҳалок бўлган яна 140 киши яраланган, дейилади Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси ҳисоботида.

Айни пайтда вайронага айлантирилган бинолар ва йўлларнинг четларида ўлдирилганларнинг жасадлари тегинилмасдан турибди. Тез ёрдам бригадалари ва фуқаролик мудофааси кучлари Исроил кучлари томонидан яратилаётган тўсиқлар туфайли уларнинг олдига бора олишмаяпти.

Эрдўған Ливанни қўлламоқда

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Лаванга бостириб кириш борасидаги режаларига изоҳ берди.

«Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Ливан ҳудудига ҳарбий йўл билан бостириб кириш борасидаги режалари бутун минтақада кенг кўламли ҳалокат келтириб чиқариши мумкин», — деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида қилган чиқишида.

«Афтидан, Исроил Ғазо секторининг кулини кўкка совуриб, энди Ливанга кўз тикканга ўхшаяпти. Нетаняҳунинг урушни бутун минтақага ёйиш режалари катта ҳалокатга сабаб бўлади», — деган Туркия етакчиси.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, ислом олами ва Яқин Шарқ мамлакатлари бу «қонли режа»га биринчи бўлиб реакция билдиришлари керак.

«Туркия биродар Ливан халқи ва давлатини қўллаб-қувватлайди. Мен бошқа давлатларни ҳам Ливан билан бирдамлик кўрсатишга чақириб қоламан», — деган Эрдўған.

Туркия президенти Ғазодаги жинояткорона хатти-ҳаракатлари фонида Исроилни қўллаб-қувватлаётган Ғарб давлатларини ҳам кескин танқид остига олган.

«Биз Ғарб давлатлари парда ортида туриб, Исроилга зимдан ёрдам қўлини чўзаётганини кўриб-билиб турибмиз. Эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва адолат ҳақида тинмасдан такрорлайдиган давлатлар Нетаняҳу сингари руҳий носоғлом инсоннинг асирига айланганини кўриш фавқулодд оғир ва таассуфлидир», — деган Эрдўған.

Ҳусийчиларнинг жаҳон савдосига таъсири

Қизил денгиздаги отишмалар сабаб Сингапурда юк кемалари ва контейнерлар тўпланиб қолди, деб ёзади Reuters. Сингапурда жойлашган дунёдаги энг йирик бандаргоҳда юк кемалари бир неча кунлаб юклар туширилиши ва ўрнига бошқа юклар ортилишини кутиб қолмоқда.

Бунга Қизил денгизда яманлик ҳусийчилар томонидан кемаларнинг ўққа тутилиши ва товарларни етказиб бериш занжирини ишдан чиқаргани сабаб бўлмоқда.

Қизил денгиздаги мунтазам ҳужумлардан сўнг кема ташув хизмати операторлари Африка қитъасини айланиб узоқроқ йўналишни танлашга мажбур бўлишмоқда. Ўз ўзидан, бу қатновлар сонининг камайишига олиб келган, кемалар эса шундоқ ҳам узайган рейсларни янада узайтирмаслик учун портларга камроқ кирадиган бўлишган.

Сингапур эса юкларни ташиш йўналишидаги асосий оралиқ портга айланиб қолган: бу ерга юклар ва контейнерлар бир кемаларда келтирилади ва якуний манзилга жўнатиш учун бошқа кемаларга ортилади.

Май ойи сўнгида Сингапур денгиз ва порт бошқармаси контейнер ташувчи кемаларнинг ўртача кутиш вақти икки-уч кунни ташкил этаётганини хабар берган эди. Бироқ Linerlytica ва PortCast ушланиш бир ҳафтагача давом этаётганини таъкидламоқда. Оддий шароитларда тўхталиш бир суткадан ошмаган.

Украинада инглиз тили мақоми

Эндиликда Украинадаги болалар боғчаларида инглиз тили мажбурий ўқитилади. Зеленский бу борадаги қонунни имзолади.

Бу қонунда инглиз тили Украинада халқаро мулоқот тили сифатида расмий статусга эга бўлди. Инглиз тили Украина армияси ва Миллий гвардиясида халқаро мулоқот тили сифатида фойдаланилади.

Ҳужжатда ҳукумат инглиз тилини мажбурий ўқитишни таъминлаши ва бошқа тилларни ўқитиш учун ҳам таълим муассасаларига керакли шароитларни яратиб бериши белгиланган. Қонунга кўра, эндиликда Украинадаги болалар боғчаларидаги мактабга тайёрлов гуруҳларида инглиз тили мажбурий тарзда ўргатилади.

НАТОга янги бош котиб тайинланди

Нидерландиянинг бош вазири Марк Рютте НАТОнинг янги бош котиби бўлади. 26 июн, чоршанба куни Шимолий Атлантика алянси барча аъзо давлатларнинг розилиги олинганидан сўнг Рюттени расман янги раҳбар этиб тайинлади.

Рютте 1 октябрдан ўз лавозимини эгаллайди.

10 йиллик бошқарувдан кейин ташкилотни тарк этаётган Столтенберг иттифоқчиларнинг қарорини олқишлади ва «НАТОни ишончли қўлларга топшириб қолдиришини» айтди.

Ўз навбатида, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ ва НАТО ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун Марк Рютте билан яқиндан ишлашини маълум қилди.

Марк Рютте Шимолий Атлантика алянсини 75 йиллик тарихида бошқарган тўртинчи нидерланд бўлади ва июл ойи бошида Вашингтондаги юбилей саммитида ўзининг янги лавозимида тақдим этилади. Ҳозирда у Нидерландия бош вазири вазифасини бажарувчи ва мамлакатнинг янги ҳукумати қасамёд қилгандан сўнг яқин ҳафталарда ўз лавозимини тарк этади.

Зўравон вазир: ҳукм ўзгаришсиз қолди

26 июн куни Остона апелляция суди Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қувондиқ Бишимбаевга нисбатан биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Бишимбаев хотини Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбдор деб топилиб, 13 май куни 24 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, шундан кейин ҳукм устидан шикоят берган эди. Унинг адвокати эндиликда Олий судга шикоят киритилишини билдирди.

Апелляция суди собиқ вазирдан ташқари, унинг қариндоши Бахитжан Байжановга берилган жазони ҳам ўзгаришсиз қолдирди. Байжанов ўта оғир жиноятни яширишда айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

2016 йил май–декабр ойларида Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлигини бошқарган Қувондиқ Бишимбаев Остонадаги «Гастроцентр» мажмуасида хотинини калтаклаб ўлдирганликда гумонланиб 2023 йил ноябрда ҳибсга олинган эди. Орадан 2 кун ўтиб, «Гастроцентр» директори Бахитжан Байжанов ҳам қамоққа олинган.

Бу жиноят Қозоғистонда катта резонансга сабаб бўлди ва унинг фонида мамлакатда оиладаги зўравонликка қарши чораларни кучайтириш бўйича янги қонун қабул қилинди.

Рамзондан конституцияга зид чорлов

Доғистонда полициячиларга ҳужум уюштирилганидан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ўз назорати остидаги кучишлатар тизимлардан терроризм ва диний экстремизмнинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтиришни талаб қилди.

Рамзон Қодиров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат тузилмалари ходимларининг ҳаётига қилинган ҳар қандай тажовузга «шафқатсизлик билан барҳам бериш»ни, бундай ҳолатларда «нафақат жиноят ижрочилари, уларга билвосита ёрдам берганлар ҳам» жазога тортилишини ваъда берди.

Йиғилиш видеосида Қодиров полициячиларга ҳужум учун жиноятчиларнинг қариндошлари ҳам жавоб беришига тўғри келади, деб очиқ айтган.

«Агар [гумондор] шайтонлар билан алоқада бўлса — унинг бутун уруғини жазолаш керак. Бу уруғ тўлиқ жавобгарликка тортилишини билиши керак… Кимки биродаримизга (яъни, полициячига) тажовуз қилса, қонга қон қасос олиб, унинг барча қариндошлари, отаси, ака-укаси ва амакиларини ўлдирамиз», — деган Қодиров.

Қодиров Чеченистон аҳолисини ҳам болалари нималар билан машғуллигини билиши кераклигидан огоҳлантирган ва қариндошлар орасида ваҳҳобийлар чиқса дарҳол участка нозирига хабар бериши лозимлигини уқтирган.

«Яхшиси, биз уни ўз вақтида тўхтатиб қоламиз, кейинчалик сени, ўғлингни, акангни ўлдиргандан кўра», — дея мурожаат қилган Рамзон Қодиров чеченистонликларга қарата.

Қодиров Чеченистонда жиноятга дахлдор бўлганларнинг қариндошларини ўлдиришга биринчи марта чорлаётгани йўқ. У бундай ёндашувни маҳаллий урф-одатлар билан тушунтирган ва «қонга-қон қасос»ни улар жумласига киритган.

«Қонга-қон қасос» Россия конституциясига зид. Унга кўра, ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эга ва ҳеч бир инсон суд қарорисиз жазоланмаслиги керак. «Қонга-қон қасос» мотиви бўйича қотиллик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. 

Мавзуга оид