Жамият | 11:08 / 27.06.2024
3468
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда учта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Юк машинаси ёниб кетди

MAN юк машинаси қайрилиб олиш учун тўхтаб турган Nexia’нинг орқасидан урган. Сўнг у йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилган ва ёнғин келиб чиққан.

Фото: ИИБ ЙҲХБ

Самарқанд вилояти Жомбой туманида учта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича ҳодиса 2024 йил 26 июн куни тунда юз берган.

Шу куни соат 22:30 ларда М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўлининг Жомбой тумани "Бешбола" МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида қайрилиб олиш учун тўхтаб турган Nexia’нинг орқасидан ўзи билан бир йўналишда келаётган MAN юк машинаси уриб юборган.

Шундан сўнг Nexia қарама-қарши йўналишда келаётган ГАЗ-60 машинаси билан тўқнашган. Уни уриб юборган MAN эса йўл ўртасидаги тўсиққа урилган ва юк машинасида ёнғин содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида MAN юк машинаси ёниб кетган. ФВБ ходимлари ёнғинни ўчиришган. Шунингдек, Nexia ва ГАЗ-60 машиналари ҳам жиддий шикастланган.

Қайд этилишича, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жомбой туман ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Барча ҳайдовчилардан йўлларда тезликни меъёридан оширмасдан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилган ҳолда автомашинасини бошқаришларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид