Жаҳон | 20:27 / 28.06.2024
32323
11 дақиқада ўқилади

Байден биринчи дебатни бой берди. Энди демократлар бошқа номзод топиши ҳам мумкин

Justin Sullivan / Getty Images

АҚШда президентликка номзодлар — Доналд Трамп ва Жо Байден ўртасидаги биринчи дебат бўлиб ўтди. Томошабинлар ва экспертлар баҳоларига кўра, амалдаги президент унда муваффақиятсизликка учради ва республикачилар номзоди яққол устунликка эришди. Тарафдорлари эса Байден умуман сайловдаги иштирокини тўхтатиши мумкинлигини ҳам истисно этишмаяпти. «Медуза» дебатларда айнан нималар муҳокама этилгани ва бу сайловолди пойгасига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ёзди.

Трампнинг штабидагилар биринчи дебатдан очиқчасига хавфсираётганди. Унинг сафдошлари олдиндан CNN модераторларини тарафкашликда айблаб, Байден чиқиш қилишидан олдин жисмоний ҳолатини яхшилаш учун қандайдир дори-дармон қабул қилганини айтишди.

Аммо илк дақиқаларданоқ бу хавотирлар ўринсиз бўлгани ойдинлашди. Байден саҳнага чиқишда яна ўнғайсиз аҳволда қолди, модераторлар билан унинг микрофони ёқилишидан олдинроқ ноқулай тарзда саломлашди, кейин эса саволларга жуда паст ва бўғиқ овозда жавоб бера бошлади ва мунтазам равишда тўхталишлар қилди. Президент бир неча марта дудуқланди, довдиради ва ўз фикрларини аниқ жамлай олмади.

Байден сўнгги ойлардагидан анча ёмонроқ ҳолатда кўринди. Унинг атрофидагилар журналистларга президент дебат арафасида шамоллаб қолганини айтишган.

Justin Sullivan / Getty Images

Аммо Байден бундай чиқиши билан 81 ёшли демократ мамлакат президенти бўлиш учун жуда қарилик қилади деб ҳисобловчи кўплаб сайловчиларнинг хавотирларини фақат мустаҳкамлади. Дебатни фокус-гуруҳ иштирокчиси сифатида кузатган иккиланувчи сайловчилар президентнинг ҳолатидан қаттиқ хавотирга тушишмоқда. Дебатни Сакраментода Демократик партия тарафдори бўлган 40 киши даврасида кузатган The New York Times журналисти «[кузатиш вақтида] кайфият кичик ваҳимадан даҳшатли умидсизликка айлангани»ни ёзган.

Яна бир ажабланарли ҳолат шу бўлдики, бир ярим соатлик дебат давомида Трамп фақат бир марта, унинг навбатдаги мужмал гапларига жавоб бериш асносида Байденнинг ҳолатига муносабат билдирди: «Бу жумла охирида у нима деганини тушунмадим. Унинг ўзи ҳам тушунмаган бўлса керак!»

Улар айнан нималарни муҳокама қилишди?

CNN телеканали ходимлари бўлган модераторлар номзодларга қандай мавзулар қайси тартибда тақдим этилишини олдиндан айтишмаганди. Якунда дебат тузилиши анча тартибсиз тус олди. Модераторлар номзодлардан кенг доирадаги мавзулар бўйича сўрашди ва уларга жавоб бериш учун икки дақиқа (ва шу мавзудаги репликага жавоб қайтариш учун яна бир дақиқа). Якунда Байден ҳам, Трамп ҳам қўйилган саволларни бир четга суриб, ўзларининг эски мулоҳазаларига қайтаверишди. Модераторлар бир неча бор номзодларнинг диалогини узишга мажбур бўлишди: масалан, Байден Трамп 2021 йил 6 январида Капитолийни штурм қилганларни қоралашини талаб қилганида.

Байденнинг стратегияси унинг ёмон ҳолати туфайли барибир номаълумлигича қолди. Баъзида у Трампни мамлакатнинг бугунги муаммоларида айблади, баъзида ўз ютуқларини эътироф этишга ҳаракат қилди. Аммо муҳокама давомида у мунтазам равишда савол мавзусидан узоқлашди. Кўпинча кескин гаплари учун танқид қилинадиган Трамп эса одатдагига қараганда мўътадил позиция танлашга ва ўзини марказчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди.

Муҳокаманинг энг мазмунли қисми, айтиш мумкинки, Украинадаги уруш мавзуси ҳақида гап очилганида бўлди. Модераторлар Трампдан у Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудлардан украин қўшинлари олиб чиқилиши эвазига ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни таклиф этган Путиннинг «тинчлик режаси»га қандай муносабатда эканини сўрашди. Республикачилар номзоди саволдан қочишга уриниб, америкалик аскарлар уни қанчалик ҳурмат қилиши ҳақида ҳикоя қилиш орқали гапни буришга ҳаракат қилди, бошловчи босим қилганида эса, Путиннинг таклифи «қабул қилиб бўлмас талаблар» эканини айтди. Аммо дарҳол АҚШдан қуроллар учун янада кўпроқ пул сарфлашни талаб қилаётгани учун Володимир Зеленскийни танқид қилди:

«Биз бу урушга сарфланган маблағлар… Мен бунга йўл қўймаган бўлардим. Одамлар шунчаки ўлиб кетишди».

Шундан кейин Трамп Байденни ҳам танқид қилган — унинг Россия босқинига йўл қўйгани учун. Демократ номзод эса бунга жавобан Путинни ҳарбий жиноятчи деб атаган ва ажратилган маблағларнинг катта қисми Украинага юбориладиган қуроллар ишлаб чиқарувчиларга йўналтирилишини тушунтиришга уринган.

Дебат охирида, модераторлар Трампнинг қандай бўлишидан қатъи назар сайлов натижасини тан олиш бўйича ваъдасини олишга уринганида, у яна уруш ҳақида гапирган. У «Украина юта олмаслиги» ва «улар жуда кўп одамларни ҳамда минг йиллик олтин гумбазларга эга бўлган бутун шаҳарларни йўқотганидан жуда қайғудалиги»ни билдирган. Кейин эса икки номзод ҳам сайловда рақиби ғалаба қилгудек бўлса, учинчи жаҳон уруши муқаррар бўлиб қолиши ҳақида баёнот беришган.

Дебатларнинг боришини таҳлил қилиб, CNN Трампнинг сўзларидаги ўттизта ёлғон гапни санаган — бу Байденникидан 21 тага кўп. Аммо номзодларнинг баёнотлари кўпинча шунчаки маъносиз эди. Масалан, иқлим ўзгариши билан кураш масаласи ҳақидаги саволга жавобан Трамп унинг бошқаруви даврида «Америкада [тоза] H2O бўлгани»ни айтган. Баъзида эса республикачилар номзоди шунчаки жавобдан қочиб, ҳар қандай даъволар нотўғри деб атаган.

Трамп ҳатто ўзининг жамоатчилик қаршисида айтган гапларини ҳам инкор этган — масалан, Fox News билан интервюдаги унда демократларни жиноий жавобгарликка тортишга «ҳуқуқи борлиги» ҳақидаги (бу гап ҳозирда унга қарши кўриб чиқилаётган тўртта жиноий ишга жавобан айтилганди). Дебатда республикачи ҳеч қачон бундай гап айтмаганини билдириб, Байден ўз президентлигидан кейин «қамалиши мумкинлиги»ни қўшимча қилган. Бунга жавобан демократлар номзоди рақибига ўткир нигоҳ билан қараб шундай деди: «Тарихда бирорта президент бундай гап айтмаган».

Бу эпизод Байден нисбатан кучли бўлиб кўринган кам сонли лаҳзалардан бири эди. Яна бир шундай баҳс Трамп ҳалок бўлган америкалик аскарларни «латталар ва омадсизлар» деб атаганини тан олмаганида рўй берди. Демократ бунга жавобан ўзининг 2015 йилда мия саратонидан вафот этган Бони ёдга олди (у ҳам Америка армияси фахрийси бўлган):

«Менинг ўғлим латта эмасди. У лузер эмасди. Латта бу сенсан. Лузер бу сенсан».

Энг ғалати блок номзодлар ёши бўйича бўлди (Байден 81, Трамп — 78 ёшда). Аввалига модераторлар бу ҳақда Байдендан сўрашди — ва кутилган саволга муваффақиятли жавоб уни вазиятдан олиб чиқиши мумкин эди. Амалдаги президент баҳорда ҳам бу саволга олдиндан тайёргарлик билан жавоб бериб, тажриба ҳамда янги ғояларга қўл уришга тайёрликнинг афзалликлари ҳақида гапирганди, аммо дебатда у микропроцессорлар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш ҳақида гапира кетди.

Трамп эса худди шу саволга жавоб бераркан, когнитив тестлардан яхши ўтгани билан мақтана бошлади — кейин эса яқинда ўз клубида голф бўйича турнирда ғолиб бўлганини айтди. Шундан кейин Байден Трампни куч синашишга чақирди — фақат у «сумкасини ўзи билан олиши» шарти билан. Номзодлар чалкашиб баҳслаша бошлашди, баҳс республикачи шундай деганидан кейин тўхтади: «Ўзимизни болаларча тутмайлик».

Бу сайловларга қандай таъсир кўрсатади?

Америкалик журналистлар дебатдан кейин демократларни ваҳима чулғагани ҳақида ёза бошлашди. Politico Оқ уйнинг президентнинг чиқишини «даҳшатли» деб атаган собиқ ходими сўзларини келтирган: «У ҳозир нима деди? Бу ақлсизлик». Политтехнолог-демократ мунозара вақтида томошабинлар бўлмагани Байденга зарар етказганини тахмин қилган (номзодлар келишувига биноан, дебат ёпиқ студияда ўтди): «Бечора бироз қизиб олиши лозим эди. Чой ичиши керак эди. Ёки виски».

Оқ уй матбуот хизматининг собиқ раҳбари Кейт Бедингфелд Байденнинг чиқиши «ҳафсалани пир қилгани»ни айтган: «Унинг асосий вазифаси халққа унда энергия ва чидамлилик етарли эканини исботлаш эди — у эса айнан шуни уддалай олмади». Демократик партияга ишловчи стратег NYT билан суҳбатда шундай деган:

Байден сайловдан чиқишга чақириқлар оқими билан тўқнашмоқда. Бу саҳнада бўлган одам ғалаба қозона олмайди. Трампнинг ғалабасидан қўрқув Байденнинг танқидчиларини жим қилганди — энди эса бу унинг номзодини қайтариб олишга чақириқларни кучайтиради.

Республикачилар анчадан буён август ойидаги қурултойда демократлар Байденни бошқа номзодга алмаштиришлари ҳақидаги назарияни илгари суриб келади. Аммо ҳозирги дебатгача бунинг учун жиддий асослар бўлмаганди. Демократлар эса номзодни алмаштириб бўлмаслигини очиқ айтишда давом этмоқда.

Гап шундаки, баҳорда ўтказилган праймеризда Байден 99 фоиз овоз олган. Партия қоидаларига кўра, бу август ойида демократларнинг номзоди эълон қилинадиган қурултойга йиғиладиган 3900 нафар делегат уни қўллаши кераклигини англатади (гарчи бу юридик жиҳатдан мажбурий бўлмаса ҳам). Яъни Байденнинг розилигисиз уни бошқа номзодга алмаштириш имконсиз.

Агар президентнинг ўзи номзодини қайтариб олса, янги номзод шу қурултойда делегатларнинг кўпчилик овози билан танланади. Бунақаси охирги бор 1952 йилда рўй берганди — унда ҳали замонавий праймериз процедуралари жорий этилмаганди. Аммо ҳозирда бу имконсиз кўринмаяпти. Барак Обаманинг исмини сир тутган маслаҳатчиси Semafor билан суҳбатда шундай деган: «Агар дебатлар Байденни чекинишга мажбур қилса, унда уларни ажойиб ўтди дейиш мумкин. Агар ундай бўлмаса — бу ёмон».

Мавзуга оид