Жаҳон | 09:40 / 28.06.2024
9845
2 дақиқада ўқилади

Беларусда ҳукумат таркибида катта ўзгаришлар амалга оширилди

Беларус раҳбари Лукашенко мамлакат омон қолиши учун ўзгаришлар зарурлигини айтди. «Ҳокимиятга ёш, истиқболли ва профессионал одамлар келиши керак», - деди у.

Фото: BelTA/dpa/picture-alliance

Беларус етакчиси Александр Лукашенко ҳукумат ва ўз маъмуриятидаги муҳим лавозимларда ўзгаришларни амалга оширди. «Ҳокимиятга ёш, истиқболли ва профессионал одамлар келиши керак. Агар биз бу шиддатли курашда омон қолишни хоҳласак, самарадорликни ошириш лозим», деди Лукашенко 27 июн, пайшанба куни Минскда.

Маъмурият ва ТИВ янги раҳбарлари

Шу тариқа, Лукашенко Дмитрий Крутойни маъмуриятнинг янги раҳбари этиб тайинлади, у аввалроқ Беларуснинг Россия Федерациясидаги элчиси бўлиб ишлаган. Максим Риженков Беларус ташқи ишлар вазири этиб тайинланди. «Ташқи ишлар вазирлигини иш ҳолатига келтириш керак, мен очиқ айтаман: Ташқи ишлар вазирлиги ишлашни бошлаши шарт. Ишлашни истамаганлар ҳам, бугун мени эшитмаётганлар ҳам ишламаслиги керак», - деди Лукашенко.

Риженков Республика кенгашига ишга ўтаётган Сергей Алейник ўрнига келади. Алейник Беларус ташқи ишлар вазирлигини 2022 йил охирида ўзидан олдинги мансабдор Владимир Макей кутилмаганда вафот этганидан кейин бошқарган. Макейнинг кутилмаган ўлими унинг заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарди.

Бошқа тайинловлар

Лукашенко Наталя Петкевични ўз маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлади, у кўп йиллар давомида ушбу тузилмада ишлаган ва Беларус етакчисига кўра, талабчан, принципиал ва тажрибали раҳбар ҳисобланади. 

Брест вилояти ижроия қўмитаси раиси Юрий Шулейко бош вазир ўринбосари бўлди, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлигини эса Витебск вилояти ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Анатолий Линевич бошқаради.

Беларус Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлайди ва худди Россия каби Ғарб санкциялари остида қолган.

Мавзуга оид