Жаҳон | 11:20 / 29.06.2024
3177
4 дақиқада ўқилади

Ҳаага суди Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олиш учун ордер беришни кечиктирди

Британия Халқаро жиноий судга ХЖСнинг Исроилга нисбатан юрисдикцияси бўйича кузатувларни тақдим этиш учун ариза топширди.

Фото: Reuters

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) ХЖС прокурори Карим Хоннинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакат мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги сўрови бўйича қарорни кейинга қолдирди. Бу ҳақда 28 июн, жума куни Исроилнинг The Jerusalem Post нашри хабар берди.

Кечикиш сабаби шундаки, Британия «суднинг дўсти» сифатида ХЖС Исроилга нисбатан юрисдикцияси юзасидан изоҳ бериш учун ариза топширган. ХЖС ушбу сўровни қондирди ва бошқа мамлакатларга олдиндан кузатишларини тақдим этиш ҳуқуқини берди. ХЖС ҳайъати Британияга бундай ҳуқуқни бериш қарори «бошқа сўровларга олиб келиши мумкин» деган қарорга келди. 

Британия сўрови ва бошқа шунга ўхшаш сўровлар 12 июлгача топширилиши керак. Лондондан келган изоҳлар суднинг дастлабки тергов палатаси аъзолари томонидан кўриб чиқилади. Суд қарорига кўра, мулоҳазалар ҳам, улар атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳам оммага эълон қилиниши мумкин, гарчи ҳибсга олиш учун ордер бериш тартиби одатда сир сақланади. 

The Jerusalem Post таъкидлаганидек, ҳибсга олишга ордер беришнинг бутун жараёни бир неча ойга «осонлик билан чўзилиши» мумкин. 

Суд қарори ҲАМАС ҳаракати етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер беришнинг кечиктирилишини ҳам англатадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. 

Исроил ва АҚШ ХЖС қарорини қоралади 

ХЖС бош прокурори Карим Хон 20 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҳамда ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди. Хоннинг сўзларига кўра, уларнинг барчаси уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгардир.

Исроил бош вазири ХЖС прокурорининг сўровини «можароли» деб атади ва бу ўзини ҳам, мамлакатини ҳам «тўхтата олмаслигини» билдирди. АҚШ президенти Жо Байден ХЖС қарорини «ғазабнок» деб баҳолади. Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 37,4 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид