Ҳавоси бузилган пойтахтга “совға” – Тошкентга яқин жойда 22 гектар ердаги сомон қолдиқлари ёқиб юборилди
Қуйи Чирчиқ туманида сомон қолдиқлари ёқиб юборилиши оқибатида табиатга етказилган зарар 30,3 млн сўм ҳисобланган.
2024 йил 29 июн куни тонгда Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича халқаро миқёсда 4-ўринга чиқди. Ўшанда пойтахтда ҳаво таркибидаги заҳарли заррачалар 160 мкг/м3’ни ташкил этган.
Заҳарли заррачаларнинг асосий қисми PM2.5 – 68мкг/м3’ни кўрсатган. Бу ЖССТ белгилаган меъёрдан қарийб 14 мартага кўп. Ана шундай оғир вазиятда пойтахтдан унча узоқ бўлмаган Қуйи Чирчиқ туманида 22 гектар ер майдонидаги сомон қолдиқлари ёқиб юборилган.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Экология бошқармаси ҳамда унинг Қуйи Чирчиқ тумани бўлими инспекторлари билан биргаликда назорат тадбири ўтказилган.
Тадбир мобайнида туманнинг “Мингчинор” МФЙ ҳудудида “Tct Agro Cluster” МЧЖга қарашли ғалладан бўшаган 22 гектар ер майдонидаги сомон поя қолдиқлари ёниб кетиши ҳолати аниқланган. Оқибатда табиатга етказилган зарар миқдори 30 млн 397 минг сўмни ташкил қилган.
Қайд этилишича, ҳозирда тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда қонуний қарор чиқариш мақсадида суд органига юборилмоқда.
“Тошкент вилояти Экология бошқармаси огоҳлантиради: Ғалладан бўшаган ер майдонларида сомон поя қолдиқларини ёқиб табиатга зарар етказманг, акс ҳолда қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини унутманг”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Kun.uz’да дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган мамлакати Ҳиндистон ҳақида материал берилганди. Унда, Ҳиндистонда ҳавонинг кескин ифлосланишига асосан жуда катта ҳудудларда буғдойдан ва шолидан бўшаган ер майдонларида сомон қолдиқларини ёқиб юбориш сабаб бўлаётгани айтилганди.
Буғдойдан бўшаган ер майдонларида сомон қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари Ўзбекистонда ҳам кўп учрайди. Айрим ҳолларда сомон пояларини ерга эгалик қиладиган фермер ёки кластерларнинг ўзлари, бошқа ҳолатларда номаълум кимсалар ёқиб юборади.
Узоқ йиллардан буён бу ҳолга батамом чек қўйиш учун ҳеч қандай амалий иш қилинмади. Фақат, айрим ҳолларда сомон қолдиқлари ёқиб юборилган ер майдонининг эгаси бўлган фермерга ёки кластерга табиатга етказилган зарар ҳисобланади холос.
Бугун Ўзбекистонда ҳавонинг ифлосланиши масаласида вазият анча оғир эканини инобатга олиб, сомон қолдиқларини ёқиб юборувчи шахсларга ёки ташкилотларга жазо чораларини кескинлаштириш вақти келган.
Бундан ташқари, сомон қолдиқларини ердан йиғиштириб олиш бўйича янги технологиялар жорий этиш бўйича амалий ишлар ҳам зудлик билан қилиниши керак. Акс ҳолда мамлакат бўйлаб сомон қолдиқлари ёниб, ҳавони баттар ифлослантиришда давом этаверади.
Ғайрат Йўлдош
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024
Тошкентда метро станциясида ҳожатини чиқарган эркак бўйича маълумот берилди
13:06 / 06.11.2024