Ўзбекистон | 09:53 / 01.07.2024
24055
15 дақиқада ўқилади

Дорилар рекламасида янги талаб, фуқаролар учун юридик ёрдам ва йўлларда кучайтириладиган назорат – 1 июлдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

ЙТҲ кўп содир бўладиган жойларга “радар”лар ўрнатилади

Автомобил йўлларида назорат кучайтирилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг 2024 йил 26 мартдаги тегишли қарорида келтириб ўтилган.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида, темирйўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ИИВнинг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази томонидан «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич ўрнатилади.

Бунда:

– махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан белгиланадиган жойларга ўрнатилади;

– махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойлар ЙҲХХ томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлилидан келиб чиқиб белгиланади.

Фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилади

Президентнинг 2024 йил 25 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонида 2024 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий қилиниши белгиланган.

Фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш қуйидаги тартибда жорий қилинмоқда:

– Адлия вазирлиги томонидан «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;

– ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади;

– Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги жамоат фондлари ҳисобидан «Мадад» ННТнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолиятини молиялаштириш учун давлат субсидиялари ажратиб борилади. 

Шунингдек, 2024 йил 1 июлдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида янги тартиб ўрнатилмоқда.

Унга мувофиқ:

  • Mobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
  • корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида, уларнинг электрон нусхаларини талаб этиш амалиёти бекор қилинади;
  • аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади;
  • нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.

 Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2024 йил 1 июлдан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш имконияти яратилади. Шунингдек, интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади. 

Фармонда 2024 йил 1 июлдан 2026 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилиши ҳам назарда тутилган. 

Ҳуқуқий эксперимент доирасида:

  • Адлия вазирлиги ҳузурида Олий апелляция кенгаши ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил қилинади;
  • апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, бундан қонунчиликка мувофиқ фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳужжатлар мустасно;
  • маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқиш манфаатдор шахсларнинг шикоятлари ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни мониторинг қилиш натижаларига кўра амалга оширилади;
  • апелляция кенгашларининг қарорлари E-qaror электрон тизимида эълон қилиб борилади, шунингдек, маъмурий шикоят бўйича маъмурий иш юритуви иштирокчиларига белгиланган тартибда маълум қилинади ва маъмурий органлар томонидан уларнинг бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
  • апелляция кенгашларининг қарорлари юзасидан манфаатдор шахс томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин, маъмурий органлар учун мазкур қарорлар қатъий ҳисобланади ва уларнинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Халқаро брендлар билан ишлаганларга имтиёз берилади

2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга қатор имтиёзлар берилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги фармонда белгилаб қўйилган.  

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади. Шунингдек, бундай корхоналар уч йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади. 

Бундан ташқари, нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилгани учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади. 

Фармонда давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида очиқлик даражасини кескин ошириш ва корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик солиқ тўловчилар корпоратив ижтимоий масъулият (CSR) ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) ҳолати тўғрисида ҳар йили 1 июлга қадар ҳисоботни жамоатчиликка ошкор этиш амалиёти йўлга қўйилиши ҳам белгиланган. 

Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги оширилади

Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан 2024 йил 1 июлдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Қарорга кўра, ушбу санадан бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускуналаридан олинадиган маълумотларнинг ягона базасини юритиш орқали мониторинг қилиш тартиби жорий этилади. 

Шунингдек, 2024 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилмоқда:

  • МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли ер силкиниши содир бўлганда бино ва иншоотларнинг ҳолати бўйича юк кўтарувчи конструкцияларни автоматик мониторинг қилиш ускуналаридан олинган маълумотлар тезкор равишда таҳлил қилинади;
  • бино ва иншоотларда аниқланган хавф бўйича зудлик билан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига ахборот киритилади;
  • Республика кенгаши уч кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда зилзила натижасида аниқланган бино ва иншоотларнинг заиф нуқталарини мустаҳкамлаш ва хавфни бартараф этиш чораларини белгилаб, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди.

Ҳужжатда қурилишда давлат назорати сифатини ошириш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб янги қурилаётган объектларнинг хавф-хатар тоифасини ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий инспекторларнинг иш тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат назоратини амалга ошириш ишлари ташкил этилиши ҳам белгиланган. 

Дорилар рекламасида янги тартиб ўрнатилади

 Президентнинг 2024 йил 24 январдаги “Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан дори воситаларини реклама қилишда янги тартиб белгиланмоқда. 

Фармонга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

а) дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотлар аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун масъул бўлган ташкилот сифатида эътироф этилади ҳамда уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари белгиланади;

б) дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлаш ва уларга жавоб беришга қаратилган, халқаро стандартлар талаблари асосида қуйидагиларни назарда тутувчи фармакологик назорат тизими ташкил этилади:

«Зарур фармакологик назорат амалиёти — GVP» стандартини жорий этиш;

Соғлиқни сақлаш вазирлигида тиббиёт тизимининг барча бўғинларидан дори воситаларининг ножўя таъсирлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ҳамда таҳлил қилиш имконини берувчи электрон ахборот тизимини яратиш;

в) дори воситаларини тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этишда уларнинг хавфсизлигини назорат қилиш тизими жорий этилади. Бунда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фармакологик назорат таҳлили натижалари асосида инсон саломатлигига зарар етказиш хавфи юқори бўлган моддалар рўйхати шакллантирилади.

Ҳужжатда келтирилича, 2024 йил 1 июлдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотларда уларга берилган лицензия талабларига риоя этилишини бир йилда кўпи билан бир маротаба ваколатли органни хабардор этиш орқали назорат қилиш тартиби жорий этилади (жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан амалга ошириладиган назорат тадбирлари бундан мустасно). Дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ишлаб чиқилган контент Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулоса асосида эфирга узатилади.

Шунингдек, янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда «Зарур сақлаш амалиёти — GSP» талабларига мувофиқ ташкил этилади.

Бошқа ўзгаришлар

2024 йил 1 июлдан бошлаб:

  • рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали 1 млрд сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилади;
  • портчилар ва уларга бириктирилган тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг барча маълумотлари «ERP Sport» ягона электрон бошқарув тизимида юритилади. Бунда, фақат ушбу тизим орқали олинган маълумотлар ҳаққоний ҳисобланади. Спортчилар тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи (халқаро спорт федерация/ассоциациялари талаблари бўйича жорий этиладиган ҳужжатлар бундан мустасно) бошқа ҳар қандай спортчи паспортини жорий этиш қатъиян тақиқланади;
  • давлат иштирокидаги йирик корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун кузатув кенгашига бўйсунадиган корпоратив котибият ташкил этилади. Шунингдек, корпоратив бошқарувнинг янгиланган қоидалари ва ахлоқ кодекси жорий қилинади
  • юридик шахсларга етказиб бериладиган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар 100 фоиз олдиндан амалга оширилади;
  • маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг турлари, муддатлари, тартиби ва масъул органларни ўз ичига олган Ягона реестр юритилади;
  • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан қайта ишланиши тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши мажбурий бўлган товарларнинг рўйхати ва уларнинг белгиларини тасдиқлаб боради;
  • хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан берилади;
  • тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга берилади
  • моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида «Ижтимоий ҳимоя» АТда ҳисоби юритилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очилган давлат жамғармалари ва бошқа жамғармалар интеграция қилинади;
  • вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган барча аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ва объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек, уларни келишиш ва ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотларни Шаҳарсозлик геоахборот тизимига мажбурий жойлаштириш тартиби жорий этилади;
  • онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида, Болалар миллий тиббиёт маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради;
  • автомобил йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади. Тендер савдолари оферентлари томонидан таклифлар тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда киритилади.
Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид