Фан-техника | 14:11 / 01.07.2024
8256
2 дақиқада ўқилади

Geely 1 млн километр масофа босиб ўтиш имконини берадиган батареяни тақдим қилди

Агар электромобилда бир йилда 20 минг км масофа босиб ўтилса, батарея 50 йил хизмат қилиши мумкин.

Geely компанияси ўзининг сўнгги авлод Aegis батареялари ҳақида маълумот берди

Таъкидланишича, литий темир фосфат таркибли батареялар ўзида энг кўп ишлаш вақти, тезкор қувватлаш ва максимал хавфсизликни жам қилган.

Батареялар Geely Short Blade деб номланади. Унинг узунлиги 580 миллиметрга тенг. Бу одатий аккумулятор батареяларидан 40 фоизга қисқароқ дегани.

Аккумулятор синовлар вақтида 3500 цикллик қувватлашга бардош бера олган. Geely бу орқали электромобилларда бемалол 1 млн км масофа босиб ўтиш мумкинлигига ишонтирмоқда. Агар бундай батареяли электромобилда йилига ўртача 20 минг км масофа босиб ўтилса, батарея 50 йил хизмат қилади.

Янги авлод батареясининг яна бир устунлиги сифатида унинг ўта тезкор қувватлаш функциясини қўллаб-қувватлаши ҳамда паст ҳароратда ҳам стабил ишлай олиши кўрсатилмоқда. 

Geely аккумуляторлари 10 фоиздан 80 фоизгача 17 дақиқа 4 сонияда қувватланади. Бу стандарт аккумуляторлардан 1,5 баравар (26 дақиқа атрофида) тез қувват олишни билдиради. 

Электромобилларда одатда совуқ кунларда батарея қуввати тушиб кетади. Geely аккумуляторлари эса -30°C ҳароратда 90,54 фоиз қувватини сақлаб қолган.

Аккумулятор турли экстремал шароитларда синовдан ўтказилди: коррозияга чидамлилигини текшириш учун денгизга улоқтирилди, ўта совуқ хонада ушлаб турилди, 26 тонналик юк билан босиб кўрилди ва олов билан ёндирилди ҳам.

Янги батарея август ойида сотувга чиқиши кутилаётган Geely Galaxy E5 кроссовери билан бирга бозорда дебют қилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид