Спорт | 18:23 / 01.07.2024
16032
6 дақиқада ўқилади

Илк голини кутаётган Роналду ва Мбаппенинг янги ниқоби. Еврода кун ўйинлари

Яна бир кучли жамоа турнирни тарк этади.

1 июл куни Евро-2024 плей-оффининг нимчорак финал босқичи доирасида яна иккита учрашув бўлиб ўтади. Мухлисларни Франция — Белгия иштирокидаги суперўйин кутмоқда, Португалия эса чоракфиналга чиқиш учун Словения тўсиғидан ўтиши талаб этилади.

Франция — Белгия: ЖЧ-2018 яримфинали ремейки (21:00 / Zo'rTV)

Бу 1/8 финалдаги энг катта қизиқишга сабаб бўлган тўқнашув. Аммо икки жамоага ҳам ўйин борасида саволлар бор. Франция Евродаги энг кучли таркибга эга. Аммо гуруҳ босқичида Диде Дешам шогирдлари атиги икки гол уришди (бири – автогол, иккинчиси – пеналтидан). Шунингдек, французлар Австрияни олдинга ўтказиб юбориб, иккинчи ўринни эгаллади. Ҳозирча жамоа мухлислари ишончини оқлай олмаяпти.

Дешамдан тактика ва таркиб борасида бошқача танловлар кутилганди, аммо французлар бош мураббийи майдон марказидаги синовдан ўтган учликни парчалаб, бу ерга анча вақтдан буён жамоада ўйнамаган Кантени қайтарди. Н'Голога ҳеч қандай савол йўқ — у иккинчи ёшлигини ўтказмоқда, аммо бу ўзгариш туфайли жамоа механизми аввалгидан бошқачароқ ишламоқда.

Ҳужум чизиғига ҳам саволлар бор. Дешам Жируни захирага ўтқазди ва Мбаппени чап қанотдан ҳужум марказига кўчирди — бу эса ҳозирча иш бераётгани йўқ. Белгия билан ўйиндан олдин Диде бу масалани қайта кўриб чиқиши керак.

Французларнинг ҳимоядаги ўйини — ҳозирча жиддий саволлар туғдирмаган ягона чизиқ. Атиги бир гол ўтказиб юборилди, у ҳам бўлса пеналтидан. Белгияликлар «Учранглилар»нинг мустаҳкам деворига қарши нима ўйлаб топади? Бу Доменико Тедеско учун ребус.

Белгия Евро-2024 турнирига соядаги фаворит мақомида келган. Жамоада ҳали ҳам Кевин Де Брюйне ва Ромелу Лукаку тўп сурмоқда. Аммо энди бу 2018 йил намунасидаги «олтин» жамоа эмас. Бош мураббий Доменико Тедеско учун эса Европа чемпионати фаолиятидаги илк йирик турнир. Умуман олганда, Белгиядан нима кутиш мумкинлигини ҳеч ким билмайди. Жамоа Словакия, Руминия ва Украина билан гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқди. Белгияликлар биринчи турда словакларга ютқазишни уддалаганди (0:1), охирги турда украинларга қарши ўйинда (0:0) жар ёқасида қолди. Агар Сергей Ребров шогирдлари ўйиннинг сўнгги қисмидаги ҳужумларини голга айлантира олганида, Белгия ўз иштирокини гуруҳ босқичидаёқ якунлаши мумкин эди.

Мураббий бу сафарги Евронинг энг омадсиз футболчиларидан бири бўлаётган Лукакуга ишонишда давом этмоқда. Ромелунинг вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичи — ҳаддан ташқари ёмон, плей-оффда эса буни кечиришмайди, айниқса французлар.

Ўйиндан олдин ким иштирокини давом эттириши борасида аниқ гап айтиб бўлмайди. Катта эҳтимол билан, мухлисларни кўплаб голли вазиятлар яратиладиган классик футбол кутмоқда. Қоғозда Франция — фаворит, аммо Белгия ЖЧ-2018 яримфиналидаги мағлубият (0:1) учун қасос олиш ўтида ёнмоқда.

«Ғалаба учун курашамиз. Биз бу чемпионат учун саралашда энг яхшилар сафига кириш учун қайтардик. Энди бизни топ рақибга қарши ўйин кутмоқда. Биз бу ерга шундай ўйинлар учун келганмиз. Акс ҳолда уйда қолсак ҳам бўларди. Биз шундай ўйинлар учун ўйнаймиз», — деган Тедеско.

Ўйин арафасидаги яна бир эътиборли воқеа — Килиан Мбаппе янги қиёфада кўриниш бериши бўлди. У сўнгги машғулотларда янги ниқоб таққан ҳолда иштирок этган. Ёзишларича, янги ниқоб олдингисидан мустаҳкамроқ ва юзнинг кўпроқ қисмини ёпган. Олдинги ниқобда Мбаппе Полшага қарши ўйиндаги кўплаб вазиятлардан фойдалана олмаганди ва фақат пеналтидан гол урганди. Янгиси унга омад келтирадими?

Португалия — Словения: Роналду турнирдаги илк голини урадими? (00:00 / Zo'rTV)

Португалия F гуруҳидан биринчи ўрин билан чиқди. Аммо сўнгги турда Гуржистонга ютқазиб қўйганди (0:2). Роберто Мартинес аралаш таркибни туширган, аммо жамоанинг иккинчи таркиби ҳам бундай рақибни енгиши керак эди. 1-турда ҳам Португалия Чехияга қарши қийналган, ғалаба голи 90+2-дақиқада урилганди. Португаллар кутилганидек бенуқсон ўйин кўрсата олмаяпти.

Жамоага 1/8 финалда рақиб бўлаётган Словения топ-жамоалардан қўрқмайди. Матяж Кек шогирдлари гуруҳ босқичида уч ўйинда ҳам дуранг қайд этганди: Дания (1:1), Сербия (1:1) ва Англия билан (0:0). Бу жамоаларнинг учаласи ҳам таркиб бўйича словенияликлардан устун. Лекин Словения уларнинг ҳар биридан очко ололди. Энди ўз тарихида илк бор йирик турнир плей-офф босқичига чиққан жамоа Португалияга кураш таклиф қилади. 

Рақиб ҳужумкорлиги билан ажралиб турмайди, аммо ҳар қандай рақибни қарши ҳужумларда жазолаши мумкин. Бир неча ой муқаддам Словения Португалияни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди. Бу ўртоқлик учрашуви эди ва Мартинес муҳим футболчиларига дам берганди, аммо барибир португаллар бу мағлубиятни унутмагани аниқ. Бу ўйинда Роберто Мартинес ўз ихтиёридаги энг кучли таркибни тушириши керак. 

Кек — топ-рақибларга қарши қандай ўйнашни биладиган, интизом ва жамоавий ишга қаттиқ турадиган тажрибали мураббий. «Биз ким билан ўйнашга тўғри келишини яхши биламиз. Португалия — турнир ғолиблиги учун фаворитлардан бири. Аммо биз яхши натижага эришишни истаймиз ва майдонда қандай кўринишимиз ҳақида ортиқча қайғурмаймиз. Муайян паллаларда қаттиқ тер тўкишга тўғри келади», — деган Кек.

Роналду ва жамоа ҳам словенлар қаршилигини синдириш учун диққатни жамлаб, бор куч билан ўйнашига тўғри келади. Криштиану бу турнирда ҳозирча голлар ҳисобини очмади. Бу балки бугун рўй берар?

Мавзуга оид