Жаҳон | 14:26 / 01.07.2024
6112
2 дақиқада ўқилади

РФ мудофаа вазирлиги Донецк областидаги яна икки қишлоқ эгалланганини эълон қилди

Фото: РФ мудофаа вазирлиги

РФ мудофаа вазирлигининг 30 июн кунги брифингида Россия қўшини Донецк областидаги иккита аҳоли яшаш манзилини эгаллагани ҳақида хабар қилинди.

Вазирлик баёнотига кўра, «Марказ» қўшинлар гуруҳи бўлинмалари Новоолександривка посёлкасини, «Жанубий» қўшинлар гуруҳи бўлинмалари эса — Спирне посёлкасини назоратига олган.

Украина бу баёнот юзасидан муносабат билдирмади. Украина қуролли кучлари бош штабининг эрталабки ҳисоботида Новоолександривка учун жанглар давом этаётгани маълум қилинган, Спирне ҳақида эслаб ўтилмаган. РФ мудофаа вазирлиги брифингидан кейин Украина ҚК бош штаби Спирне ҳудудида жанглар давом этаётгани ҳақида хабар берди, шу билан бирга штаб ҳисоботида Новоолександривка тилга олинмаган.

Украинларнинг мамлакат мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган DeepState OSINT-проекти келтирган хариталарга кўра, Россия қўшини Новоолександривкани эгаллаган.

Шу билан бирга, харитада Спирненинг бир қисми украин қўшини томонидан назорат қилаётгани кўрсатилган.

Новоолександривка Донецк области Покровск районида, Спирне — Бахмут райони Соледар шаҳар округи ҳудудида жойлашган.

Мавзуга оид