Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳибсда қолаётган ғарбий соҳилликлар, Туркиядаги аксилмигрант намойишлари ва таъқибдан қутулган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Фаластиндаги вазият
Исроил оккупация остидаги Ғарбий соҳилда шу кунгача 9,5 мингга яқин фаластинликларни ҳибсга олган. Куни кеча яна 20 киши кишанланган.
Сўнгги ҳибсга олишлар Наблус, Ал-Халил, Тулкарма ва Қуддус шаҳарларида ўтказилган рейдлар давомида амалга оширилган. Фаластин томонининг баёнотига кўра, оккупантлар айбланувчиларга нисбатан куч ишлатишган ва тинч фуқароларнинг уйларига моддий зарар етказишган.
Шундай қилиб, 2023 йилнинг 7 октябридан буён Шарқий Қуддус ва Ғарбий соҳилда яшовчи ҳибс этилган фаластинликлар сони 9450 кишига етган.
Уларнинг аксарияти «маъмурий қамоқ» асосида Исроил қамоқхоналарида сақланмоқда. Бу исроиллик кучишлатарларга ҳар қандай инсонни, жумладан ёш болаларни ҳам, ҳар қанча муддатга айбловлар тақдим этмасдан ҳибсда ушлаб туриш имконини беради. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маҳбуслар ҳуқуқи топталаётгани, уларга шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани ва қийноқ қўлланаётгани ҳақидаги ташвишли чақириқлари эътиборсиз қолмоқда.
Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарбий соҳил ҳудудида исроиллик ҳарбийлар ва яҳудийларнинг ҳужуми натижасида 9 ой ичида 553 нафар фаластинлик ўлдирилган.
Ғазода эса ўтган 9 ой ичида ўлдирилганлар сони 37 минг 900 га етди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси маълумотига кўра, ярадорлар сони 87 мингдан ошган.
Сўнгги бир сутка ичида исроиллик оккупантлар 3 та оммавий қирғин ўтказишган. 23 киши ўлдирилган. 91 киши яраланган.
Айни пайтда Ғазода 21 мингга яқин бола бедарак йўқолган ҳисобланади.
Исроилнинг Ливанга ҳужуми
Германиянинг Bild нашри Исроилнинг Ливанга бостириб киришининг эҳтимолли санасини маълум қилди.
Нашрнинг ўз манбаларига таяниб маълумот беришича, Исроил Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши ҳарбий операцияни июл ойининг иккинчи ярмида бошлаши мумкин.
Олинган маълумотларга кўра, ғарблик дипломатларнинг тахмин қилишларича, Исроилнинг ҳарбий операцияси «июл ойининг ё учинчи ё тўртинчи ҳафтасида бошланади».
Аввалроқ, Ливан-Исроил чегарасидаги потенциал эскалациялар фонида кўплаб давлатлар, жумладан Канада, Германия, Нидерландия ва АҚШ ўз фуқароларини Ливанни тарк этишга чақирган эди. АҚШ бу чақирувни Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Вашингтонга бориб келганидан сўнг эълон қилгани айниқса характерли.
Туркияда аксилмигрант намойишлар
Туркиянинг жанубидаги шаҳарларда суриялик мигрантларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Барчасига суриялик мигрантлардан бирининг 5 ёшли турк қизалоғига шаҳвоний тажовуз қилиб, уни видеога олиб тарқатганидан бошланган.
Мудҳиш воқеа Қайсари шаҳрида содир бўлган. Энг аввало 1 июлга ўтар кечаси Қайсарида тартибсизликлар уюштирилган. Жаҳл отига минган турклар кўчаларда суриялик мигрантларни тутиб уришган. Фуқаролар суриялик мигрантлар тўпланган геттоларга бостириб киришган. Уларга тегишли автомобилларни ағнатиб, ёқишган. Дўконларига ҳужум қилишган. Уйлар ва дўконларга ўт қўйилган. Ўт ўчирувчиларнинг машиналарини ўраб олиб, воқеа жойига киритишмаган.
Ҳукумат норозилик намойишларини бостириш учун қўшимча кучлардан фойдаланган. Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқаяга кўра, Қайсарида 67 киши ҳибсга олинган.
Суриянинг мухолифатчи кучлар назорати остидаги шимолий қисмларида ҳам бунга жавобан норозиликлар бўлиб ўтган. Улар шаҳарларда осиғлиқ турган Эрдўған суратлари ва Туркия байроқларини йиртишган, ёқишган ва топташган. Турк ҳарбийларига ҳужумлар қилишган. Ҳаттоки бир жойда Kirpi ҳарбий машинасини эгаллаб олишган.
Масалан, Суриянинг Африн шаҳрида кўча жангларида 7 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши яралангани маълум қилинмоқда.
Туркия Сурия шимолидаги қуролланган мухолиф гуруҳлар назорати остида бўлган ҳудудларда мобил интернет алоқасини тўлиқ узиб қўйган, деб хабар беради Sky News Arabic.
Туркия армияси аксилтурк исённи бостириш учун Сурия шимолига қўшимча кучлар жўнатган. Чегарадаги барча ўтказиш дарвозалари ёпилган. Барча давлат хизматчилари ва ҳукумат мулозимларига шимолий Сурияни зудлик билан тарк этиш буюрилган.
Сурияликларнинг эътирозидан хабар топган туркларнинг бир гуруҳи чегарадаги Ўнчупинар дарвозаси томонга йўналган. Улар Сурияга кириб, ўша ерда сурияликларнинг таъзирини бериб қўйишга ҳаракат қилишган.
Сурияликларга қарши рейдлар Ҳатай, Анталия, Ғозиантеп, Кўня, Қайсари каби шаҳарларда бўлиб ўтган. Ҳатайнинг Райҳонли шаҳрида минглаб маҳаллий аҳоли кўчага тўпланиб, «Мамлакатда мигрантларни кўришни истамаймиз», деб бақиришган.
Қримда нима гап?
Севастополга тўрт кишини ҳаётдан олиб кетган ракета зарбаси берилганидан сўнг россияликлар Қримга турлар сотиб олишдан воз кечишда давом этишмоқда, дейилади Россия туриндустрия иттифоқида. Талаб 25–30 фоизга пасайган.
Умумий ҳажмда пасайиш кузатилаётгани билан, яриморолда дам олиш истагида бўлганлар сони ўтган йилгидан кўпроқ, гарчи ҳафта ичида бронлар ўсиши 52 фоиздан 34 фоизгача пасайган.
«Гар йил бошида бизда Қримга талаб уч баробар ошган бўлса, ҳозир ўсиш 1,7–1,8 баробар. Фикримча Севастопол ва яриморолнинг ғарбий қисмидан туристларнинг сезиларли камайиши кузатилади», — деган «Интурист» компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Даря Домостроева.
Унинг сўзларига кўра, «Интурист»га бронларни Севастополдан Ялта, Алушта, Гаспра ва Судакка алмаштириш тўғрисида сўровномалар келиб тушмоқда. Чунки одамлар бу жойларни хавфсизроқ деб ҳисоблашмоқда.
Россия туроператорлар ассоциациясининг прогноз қилишича, шу ҳафта охиригача яқин кунлари учун Қримга сафарларнинг 3 фоизи бекор қилинади. Бир неча кун аввал ассоциация яриморолда 300 минг россиялик дам олаётганини хабар қилган эди.
Зеленский музокаралар ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленский Киев Россия президенти Владимир Путин билан тинчлик музокараларини фақат воситачилар орқали ўтказиши мумкинлигини айтди.
«Украина ечимга олиб борадиган моделни топиши мумкин. Бундай модел биринчи марта ғалла йўлаги мисолида қўлланган, ўшанда Украина Россия билан эмас, балки БМТ ва Туркия билан олиб борган. Ўз навбатида, улар биз билан келишиш, кейин РФ билан тегишли келишувни имзолаш масъулиятини зиммасига олган эди.
Худди шу тарзда, турли қитъалардаги давлатлар муайян инқирозга ечим тайёрлаётганида, ҳудудий яхлитлик бўйича ҳам, энергетика бўйича ҳам, кемачилик бўйича ҳам тегишли моделдан фойдаланиш мумкин. Кейин эса бу ҳужжат, агар у Украинани қониқтирса, Россия вакиллари билан ҳам келишилиши керак», деган Зеленский.
Зеленский «ҳозирча фақат шундай модел» борлигини таъкидлаган.
Таъқибдан қутулган Трамп
АҚШ Олий суди душанба куни Доналд Трампни у президентлик чоғида содир этган расмий хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиб бўлмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Лекин хусусий ишлари учун унга нисбатан чора кўрилиши мумкин, деб ёзади Reuters.
Шундай қилиб, судялар учтага қарши консерватив қанотнинг 6 та овози билан устун ҳолда, яна сайловга ўз номзодини қўйган собиқ президентнинг уни 2020 йилги сайловлардаги хатти-ҳаракатлари учун жиноий таъқиб қилишдан иммунитет тақдим этиш тўғрисида ноябр ойида берган талабномасини рад этиш тўғрисидаги қуйи инстанция судининг қарорини бекор қилган.
«Биз ҳокимият бўлинишининг конституциявий структурасига асосланиб, президентлик ҳокимияти табиати собиқ президент лавозимда бўлиб турган чоғида жиноий жавобгарликка тортилишга нисбатан маълум бир иммунитетга эга бўлишини тақозо этади, деган хулосага келдик», — дейилади Олий суд қарорида.
Энди Трампнинг иши қуйи инстанция судига кўриб чиқишни давом эттириш учун жўнатилади, деган Олий суд вакили.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025