Жамият | 10:04 / 02.07.2024
11300
3 дақиқада ўқилади

Учта ҳудудда туман ҳокимлари ўринбосарлари пора билан ушланди

Тахиатош ва Бўка туманлари ҳокимларининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари тезкор тадбирларда пора билан қўлга олинди. Уларнинг барчасига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.  

Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ҳудудларда қатор туманлар ҳокимлари ўринбосарлари ва бошқа мансабдорлар пора олишда гумонланиб ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтган.

Бунинг эвазига 35 миллион сўм талаб қилган. Тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 32 млн сўмни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Андижон вилояти Бўстон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўз номида бўлган ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик тасарруфидаги 10 гектар ер майдонини экспортбоп маҳсулотлар етиштирилувчи ер тоифасига ўзгартирган.

Бу ҳақда туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш эвазига 20 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Терговга қадар текширув давомида кенгаш раиси аванс сифатида олган пулни Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда ушбу мансабдор шахс ҳам 10 минг долларни ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бўка тумани бўлими бошлиғи 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун «Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида давлат қабул қилиш далолатномаси»ни тасдиқлатиб бериш эвазига 2500 доллар талаб қилган.

Унинг топшириғига кўра, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходими пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Терговга қадар текширув давомида мансабдор 1200 долларни Бўка тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникация, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлган.

Тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда мазкур мансабдор шахс ушбу пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид