Ўзбекистон | 18:00 / 03.07.2024
9772
14 дақиқада ўқилади

Сўм – 30 ёшда. Миллий валюта қандай шароитда муомалага чиқарилган эди?

Бундан 30 йил олдин, Ўзбекистон миллий валютасини муомалага чиқарган пайтда мамлакатдаги иқтисодий ҳолат қандай эди? Ўзбек сўми “туғилганидан” бери қўшни давлатлар валюталаридан тезроқ қадрсизландими? Kun.uz юбилей сана муносабати билан шу саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Бу йил Ўзбекистоннинг миллий валютаси – сўм 30 ёшга тўлди. Илк банкнотлар 1994 йилнинг 1 июлида, оралиқ валюта сифатида муомалада бўлган сўм-купонга 1000 га 1 нисбатда муомалага киритилган эди. Ҳозир дастлабки банкнотлардан ҳеч бири муомалада эмас.

Сўм муомалага киритилган куни 1 АҚШ долларининг расмий курси роппа-роса 7 сўм бўлган.

Kun.uz юбилей сана муносабати билан ўзбек сўмининг 30 йиллик босиб ўтган йўли, миллий валюта муомалага чиқарилганда мамлакатдаги иқтисодий аҳвол қандай бўлгани ҳақида мутахассисларга савол берди. Иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Шуҳрат Расул ўзбек сўми қўшни давлатлар валюталарига нисбатан тез қадрсизланяптими деган саволга ҳам жавоб беришди.

Имкони борича узоқроқ вақт рубл зонасида қолишга ҳаракат қилинган” — Отабек Бакиров

— 1993 йил август ойида РФ рубл зонасидан бир тарафлама чиқиб, Россия рублини муомалага киритган ва совет рублларини муомаладан чиқарган. Ҳеч ким билан маслаҳатлашилмаган, ўша пайтда Марказий Осиё давлатлари рубл зонасида бўлган ва оғир вазиятга тушган. 80-йиллар охиридан йиғилиб бораётган рубл массаси рубл зонасида қолаётган мустақил давлатларга оқиб кела бошлаган. Ўша пайтда айни ўша кун, ўша ой учун тезроқ қарорлар қабул қилиш керак бўлган. Ўтиш валютасини жорий қилиш 1992 йилдаёқ кўтарилган. Чунки сўм купонимизга (1992 йил номиналидаги купонлар) “Ўзбекистон Республикаси Давлат Банки” деб ёзилган. 1992 йил 2 июлгача Ўзбекистонда давлат банки бўлган. Бу дегани сўм купонлар аллақачон 1992 йил 2 июлгача чоп этиб қўйилган, яъни режалар бўлган.

Нима учун биз узоқ вақт рубл зонасида қолганмиз? Бунинг катта зиён томонлари бўлган, катта миқдорда қадрсизланган пул оқими кириб келиб, товарлар олиб чиқиб кетилган. У вақтда Ўзбекистоннинг олтин захираси бўлмаган, халқаро иқтисодий муносабатлар йўлга қўйилмаган, Аввалгидек Россия билан савдо муносабатларини олиб боришга мажбур бўлганмиз. Ёқилғининг 95 фоизи, ун маҳсулотларининг 70-75 фоизи Россиядан келган, ёғоч, темир каби бошқа маҳсулотлар ҳам. Ўйлашимча, ўшанда иккита ёмон вазиятдан нисбатан яхшироғини танлаш ҳолатида бўлганмиз. Имкони борича кўпроқ рубл зонасида қолишга ҳаракат қилинган. Худди чўкаётган кемада қолиб, чўкиб бўлгунча тирик қолиш каби. Рубл зонасидаги давлатлар иқтисоди чўкаётган бўлган, лекин ўзаро муносабатларни инобатга олган ҳолда, рубл зонасида қолган давлатлар ютиш эҳтимоли мавжудлиги нуқтайи назардан қараш ҳам керак.

Сўм купонларга ўтиш мажбурийликдан бўлган, чунки миллий валюта тайёр бўлмаган, уни муомалага киритишга техник, молиявий шароитлар етмаган. 1993 йил 15 ноябрда сўм купонга ўтилган. Ўша куни Қозоғистон миллий валютаси – тенге ҳам муомалага чиқарилган, 1 ноябрда Туркманистон монатини чиқарган, бундан олдинроқ 10 майда Қирғизистон ўз валютаси сомини муомалага киритган. Ўзбекистонда миллий валюта чиқаришга 7 ойча вақт бўлган. Шу пайтда энг асосий ишлар қилинган. Биринчи навбатда дўконларни товар билан тўлдиришга эътибор қаратилган. У пайтда товар йўқ эди, хусусий сектор йўқ, ҳамма нарса талон асосида тақсимланади. Одамлар эрталаб бориб навбатга турган. Ўзим ҳам унга навбатга турганимни эслайман. Дўконда ҳеч нарса йўқ, фалон кун ун келади деган хабар келганда, тушгача опам, тушдан кейин мен навбатга турганмиз. Ҳамманинг бошидан ўтган бу. Барча товарлар: шакар, ун, ёғ, совун, тиш пастаси, ҳамма нарса учун навбат бўлган.

Ўша пайтда энг катта қадам 1994 йил 21 январда чиққан революцион фармон бўлган. Нархлар эркинлаштирилган, хусусий секторга катта имконият берилган, Ўзбекистонда экспорт-импорт божларининг ҳаммаси бекор қилинган, валютани чекланмаган миқдорда олиб чиқиш ва олиб киришга рухсат берилган. Шу фармон сабаб жуда кўпчилик тадбиркорликка кирган. Зафар Ҳошимов, Жаҳонгир Ортиқхўжаев кабилар ҳам ўша пайтда ишини бошлаган. Умуман, сўм муомалага киритилгунча иқтисодий, техник, молиявий жиҳатдан тайёргарлик бўлган.

У вақтда нархлар ҳар ойда ошарди, аниқ рақамларда адашишим мумкин, 150-300 фоиз атрофида инфляция бўлган. Одамларнинг турмуш даражаси жуда паст бўлган, тўйиб овқат ейиш катта муаммо бўлган. Шу фармондан кейин илк марта одамлар товарлар билан тўлган дўконларни кўра бошлаган, орада 4-5 йил бундай бўлмаган.

Ўзбекистон ўз валютасини чиқаргунча гиперинфляцияда яшади” — Шуҳрат Расул

— Ўзбекистон мустақил бўлганда миллий валютаси йўқ эди. 1994 йил 1 июлда миллий валютамиз чиққан. Шу вақтгача Ўзбекистон Россия рублидан фойдаланиб турганди. Ўша вақтда бир қурилиш компаниясида иқтисодчи бўлиб ишлардим. Жуда катта иқтисодий тўфон юз берганди. Бу иқтисод тилида гиперинфляция дейилади.

Пул қадрсизланишининг даражалари бор. Масалан, ривожланган давлатларда инфляция 2-4 фоиз атрофида бўлади. 6-10 фоиз бўлса – мўътадил, 10-100 фоиз эса кучли инфляция бўлади. 100 фоиздан юқориси гиперинфляция дейилади.

Совет иттифоқи қулагач, биз Россия иқтисодий зонасида эдик, пул бирлигимиз битта эди. Ўша пайтда Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам 1992 йил учун 2500, 1993 йил учун 2800 фоиз инфляция бўлган. Гиперинфляция шароитида яшадик ўша пайтда.

Яхши эслайман, у вақтда ҳар ойда бир қоп ун олардик, кейинги ойгача ун нархи салкам икки баробар ошарди. Бир ой 400 рублга олинган бўлса, кейинги ой 800 рублга олинган. Ўзбекистон ўз валютасини чиқаргунча бир ярим-икки йил шундай гиперинфляцияда яшади.

Сўм купон билан сўм ўртасидаги ҳисоб-китобларда фарқ юзага келган” — Отабек Бакиров

— Айнан 1994 йилдан 1996 йил сентябргача Ўзбекистон Марказий Осиёнинг савдо марказига айланган, иқтисодиёт очиқлиги учун. Қўшни давлатлар фуқаролари турли товарлар, маиший техникадан тортиб озиқ-овқатгача Тошкентдан олиб кетган. Ўзига хос ҳаб бўлган Тошкент. Қисқа муддатда товарлар пайдо бўлган, қиммат бўлса ҳам. 1991-1994 йилларда пул бўлса ҳам товар бўлмаган, 1994 йилдан шу жараёнга барҳам бериш бошланган.

Сўм муомалага киритилгач, бозорда сўм ва сўм купон ўртасида иккига бир, бир-у еттига бир коэффициентда қора курс пайдо бўлган. 1994 йил 1 августгача иккаласи параллел муомалада бўлган, сўм купон билан сўм ўртасидаги ҳисоб-китобларда фарқ юзага келган. Сўмга сотиб олсангиз, арзонроқ, сўм купонга сотиб олсангиз икки баробар қимматроқ бўларди. Қисқа муддат шундай бўлган. Ўшанда сўм купонни ҳеч ким сўм купон демасди, товар билан бирга қирқиб бериладиганни сўм купон дейишарди. Шу сабаб сўм купонни “сўм”, сўмни “валюта” дейишарди.

Сўм муамомалага киритилганидан кейинги юқори инфляция – биринчи маъмурият давридаги хатолар оқибати” — Шуҳрат Расул

— Орада 30 йиллик тарих бор. Ҳақиқатан бизнинг валютамиз ўша пайтда қўшни давлатлар, ҳаттоки Қирғизистон, Қозоғистон валютасидан кўра тезроқ қадрсизланди. Юқорида инфляция даражаси ҳақида айтдик, лекин унинг табиати ҳам бор. Инфляция қандай шароитларда пайдо бўлади? Пул массаси бор, товар массаси бор, шуларнинг ўртасида паритет шаклланади. Товар ва хизматлар массасига нисбатан пул массаси кўпайиб кетадиган бўлса, инфляция келиб чиқади. Товар ва хизматлар массаси камайиб, пул массаси жойида турса ҳам, инфляция пайдо бўлади. Совет иттифоқининг охирги йиллари ва мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳар икки ҳолат ҳам юз берди ва гиперинфляция келиб чиқди.

Ўзбекистоннинг миллий валютаси татбиқ қилинганидан кейин ҳам инфляциянинг учинчи даражаси – юқори даражали инфляция юз берди, яъни сўм бир йил ичида 100 фоизга яқин қадрсизланди. Товар ишлаб чиқаришга қараганда пул миқдори кўп бўлгани учун шундай бўлди. Бу нарса биринчи маъмурият давридаги иқтисодий блокнинг юритган сиёсати оқибати.

Лекин бир нарсани тўғри тушуниш керак. Бугун Ўзбекистонда 1 доллар 12 650 сўмга тенг, лекин Тожикистонда 1 доллар 10 сомон 600 тангага, Қирғизистонда 54 сомга, Туркманистонда 3,5 манатга тенглиги – мамлакатдаги реал иқтисодий ҳолатнинг юзи эмас. Бу фаровонлик, аҳолининг турмуш даражасини белгиламайди. Тожикистонда доллар курси [номинал рақамларда] паст бўлиши мумкин, лекин у ердаги ўртача иш ҳақи Ўзбекистондагидан 2,5 баробар паст, Қирғизистон, Туркманистонда ҳам шундай. Яъни Ўзбекистондаги доллар курси иқтисодиётимиз Тожикистон ё Қирғизистондан ёмон эканини билдирмайди.

Сўмнинг узоқ вақт қадрсизланиши – эркин конвертация бўлмаган даврга оид” — Отабек Бакиров

— Иккита нарсани ажратиб олайлик, сўм эркин конвертация бўладиган пайтда сўмнинг қадрсизланиши қўшни давлатларнинг валютаси қадрсизланишидан юқори бўлмаган. Бир хил даражада бўлган. 1994-1996 йилгача бўлган даврни ўрганишингиз мумкин. Бу даврда сўмнинг қадрсизланиш даражасида Қозоғистон тенгесидан ҳам, Қирғизистон соми қадрсизланишидан юқори ҳам, паст ҳам бўлмаган. Қадрсизланиш даражасининг юқорилиги сўмнинг курсини бозор белгиламайдиган, маъмурий, бюрократик чекловлар пайдо бўлган даврга оид. Маълум бир танаффус билан 2017 йил сентябргача бўлган давр ҳақида гап кетяпти.

2017 йил сентябрдан бошлаб 2024 йил июл ойида яшаяпмиз, ўзбек сўмининг валюталар корзинасигами, ёки долларга нисбатан ўзгаришини қозоқ тенгеси, қирғиз соми билан солиштирсангиз, фарқлар жуда катта эмас. Ўзбек сўмининг курсини бозор белгиламаганда 2-3 хил курс пайдо бўлади, одамлар энг юқори курсда ҳисоб-китобини қилади. Агар давлат курси 4200 сўм бўлса-ю, бозор курси 10500 сўм бўлса, ҳеч ким 4200 сўмдан ҳисоблаб туриб сўм курсига эътибор бермайди.

Айтишим керак, агар ўзбек сўмининг нисбий қадрсизланиши масаласини оладиган бўлсак, келажакда маъмурий, бюрократик чекловлар пайдо бўлмаса, ўзбек сўмининг тахминий траекторияси қўшни давлатлар валютасидан катта фарқ қилмайди. Маълум бир қисқа муддатларда сакрашлар билан фарқ қилиб қолиши мумкин, ўрта ва катта горизонтда унчалик фарқ қилмайди.

90-йилларнинг бошида иқтисодиётни стимуллаш учун кўп пул ишлаб чиқариш керак деб ҳисоблашган” — Шуҳрат Расул

— Пул-кредит сиёсатини юритишда иккита мактаб бор: биринчиси, Кейнс доктринаси ва монетаризм. Кейнс доктринаси 20-аср бошларигача ҳукмрон бўлган доктрина бўлса, 80 йиллардан монетаристик доктрина пайдо бўлиб, кўп давлатларда пул-кредит сиёсатини юритишда монетаризм асосий инструмент сифатида қўлланди.

90-йилларнинг бошида Ўзбекистонда пул-кредит сиёсатини юритишда эски доктринага таянилган. Иқтисодиётни стимуллаш учун бизда кўп пул бўлиши керак, кўп пул чиқаришимиз керак деган қараш бўлган ва пул эмиссияси юқори бўлган. Пул массаси билан товар массаси ўртасида дисбаланс юз бериб, инфляция эса урчийверган.

Ундан ташқари, бу муаммони комплекс ҳал қилиш керак эди. Иккинчи маъмурият давригача иқтисодий блок муҳим иқтисодий муаммоларни ҳам ҳал қилмади – хусусийлаштиришларни амалга оширмади, иқтисодиётни либераллаштирмади, институционал муаммоларни ҳал қилмади.

Сўм – курси эркин сузувчи валютага яқин, лекин курс шаклланишида Марказий банкнинг роли ҳаддан ташқари юқори” — Отабек Бакиров

— Валюта режими – нисбий масала. Халқаро валюта жамғармаси қайсидир мамлакатнинг валюта режимига нисбатан берган баҳоси бошқача, ўша мамлакатнинг пул-кредит сиёсатини юритадиган регулятори бошқача баҳолаши мумкин. Аниқ мезонлар мавжуд эмас. Ўйлашимча, бизда эркин сузувчан курс эмас. 2017 йил сентябрдан 2019 йил августгача бўлган вақт – битта давр, бунда бошқариладиган курс режими кўпроқ ўринга эга бўлди. Ҳали у вақтда валюта нақдга сотилмасди, фақат валюта картасига сотиб олиш мумкин эди. Бу ўтиш даври бўлган. 2019 йил августдан кейин айрим истисноларни ҳисобга олмаганда сузувчан курсга яқин деб ҳисоблаш мумкин. Бу вақтдан бошлаб биз валютани таргет қилмаймиз, инфляцияни таргет қиламиз деган ғоя илгари сурилди. Ҳақиқатан ҳам инфляцияни таргетлаш бўйича вазифалар қўйилди.

2019 йилдан кейин курс сузувчанликка яқин, лекин бунда Марказий банк роли ҳаддан ташқари юқори, шуни тан олиш керак. Сабаби бор, Ўзбекистонда олтиннинг монопол сотиб олувчиси Марказий банк ҳисобланади. Сотиб олинган олтинни экспорт қилиб туриб, валютани қайтариб олишда Марказий банкнинг бозорга таъсири юқори. Яъни ўтган йилгача бериб борилган статистикада кўрсангиз, МБнинг сотиб олишда ҳам, сотишда ҳам таъсири жуда юқори. Балки қачондир олтин билан боғлиқ омил бўлмаса, Марказий банкнинг таъсири камайиши мумкин. Барибир барча белгиларга кўра, сузувчи курсга яқин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид