Жамият | 09:32 / 04.07.2024
3538
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда сохта ҳавола орқали фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган шахс қўлга олинди

42 ёшли шахс Telegram орқали турли хил мазмунидаги ҳаволаларни жўнатиб, фуқароларнинг банк карта маълумотларини қўлга киритган ҳамда пулларини ўғирлаб келган.

Фото: Sputnik / Vladimir Pesnya

Тошкент шаҳрида ижтимоий тармоқлар орқали сохта ҳаволаларни жўнатиш орқали фуқароларнинг банк карталаридаги маблағини ўзлаштирган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 39 ёшли аёл С.Г. ички ишлар органига мурожаат қилиб, банк картасидаги 4 млн 949 минг сўм пул номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини билдирган. Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи 42 ёшли Н.А. содир этганлиги аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Н.А. интернет фойдаланувчиларига Telegram орқали турли хил мазмунидаги ҳаволаларни жўнатиб, уларни қизиқтиргани, сўнгра банк карта маълумотларини қўлга киритган ҳолда ундаги пулларни ўғирлагани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди (қонунга хилоф равишда ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғирлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур турдаги жиноятни содир этганлик учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 

Мавзуга оид