Жаҳон | 14:55 / 04.07.2024
7172
10 дақиқада ўқилади

Хон Юнусга ҳужум, Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ва Путиннинг Си Жинпинг билан музокаралари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Рафаҳдан сўнг яна шимолроққа Хон Юнус шаҳрига ҳужум бошлади. Исроил армияси шаҳарда кўчирилган инсонлар яшаб турган мактабга зарбалар берган.

Маҳаллий аҳоли ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Хон Юнус шаҳри марказидаги тиббиёт марказига ҳам зарба берилгани, инсонлар ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида хабар беришмоқда

Исроил фаластинликлардан Хон Юнусни зудлик билан тарк этишни талаб қилган. Жумладан Европа шифохонаси ва унинг атрофида яшовчи аҳолидан зудлик билан ўз уйларини тарк этиш сўралган. Гарчи бу ерда уй деб атаса бўладиган соғ бинонинг ўзи қолмаган бўлса-да.

Хон Юнуснинг шарқий қисмида юзлаб одамлар навбатдаги марта қўлларида омон қолган мол-мулк билан шаҳарнинг ғарбий қисмига кўчишга мажбур бўлишмоқда. Исроил оккупацион армияси талаби янграгач, юзлаб одамлар кўчаларда тунашга мажбур бўлишмоқда.

Урушнинг 271-кунига келиб, Ғазодаги қурбонлар сони 37 минг 953 нафарга етди. 87 минг 266 киши яраланган. Сўнгги бир сутка 28 киши ўлдирилган ва 125 киши ярадор қилинган.

Исроилнинг азалий режаси

WikiLeaks томонидан Исроил разведка вазирлигининг 2023 йил октябрдаги ҳужжатлари эълон қилинди. Унда Ғазо секторидаги барча фаластинликларни мажбурий тарзда Мисрга кўчириш режаси ҳақида гап боради.

«Исроил разведка вазирлигининг текширувдан ўтган 2023 йилнинг октябрдаги ҳужжатлари Ғазонинг тинч аҳолисини Мисрга кўчириш “ижобий ва узоқ муддатли стратегик натижаларни таъминлаши”дан сўзлайди”, — дея баёнот берган WikiLeaks.

Разведка вазирлигининг мазмуни ўтган йилиёқ эълон қилинган ҳужжатига кўра, Исроил армиясига фаластинликларни эксклавдан бутунлай Синай яриморолига қувиб юбориш ва бу жараёнга халқаро ҳамжамиятни ҳам жалб этишга чорлов бор.

Ўн саҳифали ҳужжатда назарда тутилишича, АҚШ ҳам тилга олиб ўтилган режани амалга оширишда саъй-ҳаракатларини сарфлаши, Миср ҳудудида “бир неча километрлик стерил зона ташкил этиш ва фаластинликларга Исроил чегараси яқинида яшашга йўл қўймаслик” тавсия этилган.

Мазкур ҳужжатнинг мазмуни ўтган йилнинг октябр ойидаёқ исроиллик суриштирувчи журналист Ювал Абраҳам томонидан очиқланган эди, аммо WikiLeaks илк марта текширувдан ўтказиб, Исроилда чиндан ҳам фаластинликларни Ғазодан Мисрга қувиб юбориш режаси бўлганини эълон қилди.

Украинага ёрдам

Америка Украинага 2,35 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилмоқда. Бу ҳақда Оқ уй хабар берган.

Ёрдамнинг 150 млн долларлик биринчи қисмидан HAWK зенит ракета комплекслари учун ракеталар, HIMARS тизимлари учун ўқ-дорилар, 155 ва 105 мм калибрли артиллерия снарядлари, 81 мм калибрли миномёт снаярдлари, TOW ракетлари, Javelin ва AT-4 танкка қарши тизимлар, ўқотар қуроллар учун ўқ-дорилар ва гранаталар, портлатучи қурилмалар ва ўқ-дорилар, ҳарбий техникани транспортировка ва буксировка қилиш учун тактик автомобиллар берилади.

Иккинчи қисм 2,2 млрд доллардан иборат бўлиб, ундан Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг тутиб урувчи ракеталар пакети ва NASAMS тизимлари учун ракеталар ўрин олган.

Агар Россия армияси «фронт чизиғини кенгайтиришга уринса» АҚШ Украинага Америка қуроллари билан Россиянинг катта ҳудудига зарба беришга изн беради, деган АҚШ Давлат котибининг Европа бўйича ёрдамчиси Жеймс О’Брайен.

«Аввалига бу Россия Харкивга ҳужум қилиш учун тайёргарлик кўрган чегараолди ҳудуди эди. Агар Россия бу фронт кенгайтирадиган бўлса, Украинага узоқроқ масофалардаги нишонларга зарба беришга изн берилади», — деган О’Брайен Вакиллар палатасининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитасидаги эшиттиришларда.

Май ойининг охирларида АҚШ Украинага Россия ҳудудига жумладан ATACMS ракеталари билан зарба беришга рухсат берган эди. Бироқ, The Washington Post нашрининг Киевдаги манбаларига кўра, Вашингтон зарбалар масофасини 100 км билан чегаралаб қўйган.

Қария Байдендан хавотир

АҚШ Вакиллар палатасидаги демократлар ўртасида Жо Байденни сайловолди пойгасида иштирок этиш фикридан қайтариш фикри билдирилган хат қизғин муҳокама бўлмоқда. Bloomberg агентлигига кўра, ушбу хат остида Конгресснинг қуйи палатасидаги ўнлаб демократлар имзо қўйишга тайёр.

Bloomberg’нинг Демократик партиянинг номи ошкор қилинмаётган юқори мартабали мулозимига ҳавола қилиб ёзишича, хатнинг муҳокамаси Конгрессда демократлар назорати йўқотилишидан чўчиб бошланиб кетган. Чиновникнинг сўзларига кўра, Жо Байденни сайловда иштирок этиш фикридан қайтаришга чорлаш тўғрисидаги хат ҳаттоки демократлар учун хавфсиз саналган округларда ўз номзодини қўйган сиёсатчилар томонидан ҳам тарқатилмоқда. Агентликнинг қайд этишича, бу АҚШнинг амалдаги президенти пойгадан чиқиши лозимлиги тўғрисидаги ғоя кенг тарқалганидан далолат беради.

Демократик партияга аъзо конгрессменлар Байденга сайловолди пойгасидан чиқишни сўраб мурожаат қилишга тайёрланаётгани ҳақида аввалроқ Reuters ҳам хабар берган эди. Агентлик манбаларининг маълумотларига кўра, Вакиллар палатасида камида 25 нафар демократ бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. Reuters’нинг бошқа бир ҳамсуҳбати эса кўплаб демократ конгрессменлар президентга хат йўллаш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган.

Бу орада Reuters ва Ipsos агентликлари томонидан биргаликда ўтказилган сўровнома агар Байден номзодини олса, эҳтимолли демократ номзодлар ичидан фақат Мишел Обама ноябрда ўтадиган АҚШ президентлиги сайловларида Трампни енгиши мумкинлигини кўрсатган.

Барак Обаманинг рафиқасини сўралганларнинг 50 фоизи қўллаб-қувватлаган, бу ҳолда Трамп 30 фоиз овоз йиға олади. Вице-президент Камала Ҳаррисни эҳтимолий баҳслашувда Трамп 43 га 42 фоиз билан ортда қолдирган, Калифорния губернатори Гевин Нюсомни эса 42 га 39 фоиз фарқ билан.

Reuters ва Ipsosʼнинг сўровномаси Байден ва Трампнинг айни пайтдаги имконияти тенг эканини кўрсатмоқда — 40 фоиздан.

Бундан бироз аввал Байден Трамп билан дебатлар чоғида «ухлаб қолишига сал қолгани»ни тан олган.

АҚШ президенти Жо Байден республикачи номзод Доналд Трамп билан дебатдаги мувафаққиятсиз иштирокини узоқ парвозлардан кейинги чарчоқ билан изоҳлади ва баҳслашувлар чоғида «ухлаб қолишига бир бахя қолгани»ни айтди.

«Гап шундаки, менинг у қадар ақл-ҳушим жойида эмасди. Мен дебатлардан олдин дунё бўйлаб саёҳатга чиқдим ва 100 га яқин соат белбоғларини кесиб ўтдим. Мен ўз ёрдамчиларимнинг гапига қулоқ тутмадим, қайтиб келганимдан сўнг саҳнада ухлаб қолай дедим», — дея Байденнинг журналистларга тушунтиришидан иқтибос келтирмоқда Reuters.

Унинг тан олишича, дебатлар у учун яхши якунланмаган ва Байден бундан жуда афсусда. Лекин, Байден муваффақиятсизлик учун ўзини оқламаётганини таъкидлаган.

ШҲТ саммити учрашувлари

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бошланган ШҲТ саммити олдидан учрашган Россия президенти Владимир Путин ва ХХР раиси Си Жинпинг Украинадаги урушни муҳокама қилишди, деган РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

«Ритц Карлтон» ҳотелининг музокаралар залида бўлиб ўтган икки соатлик суҳбатда Песковга кўра, можарони тартибга солиш масаласи контекстида «Россия иштирокисиз ҳар қандай форматнинг истиқболсиз эканлиги аниқ қайд этилган».

«Барча жабҳаларда икки томонлама муносабатлар бирма-бир гаплашиб олинган. Минтақавий муаммолар бўйича ҳам фикр алмашилган. Дарвоқе, Украина контекстида Россия иштирокисиз ҳар қандай форматнинг истиқболсиз эканлиги аниқ қайд этилган»,— деган Песков музокара жараёни ҳақида.

«Яъни, бўлиб ўтган музокаралар чоғида Украина мавзусига энг кўп вақт ажратилдими?» — дея берилган саволга жавобан Песков «Йўқ, бундай деб бўлмайди» деб жавоб берган.

Музокаралар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида ўтказилган. Учрашув бошида Владимир Путин Россия ва Хитойнинг муносабатлари тарихдаги энг яхши даврларни бошидан кечираётганини қайд этган. Владимир Путин Москва ва Пекин ҳеч қандай блок тузмаётгани ва учинчи давлатларга қарши ҳамкорлик қилмаётганини алоҳида қайд этган.

Жанубий Кавказдаги сулҳ

Гуржистон пойтахти Тбилисига ҳамкасби Илия Дарчиашвили билан музокаралар ўтказиш учун келган Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян бир ойлик интенсив ишлардан сўнг Озарбойжон билан сулҳ шартномаси имзоланиши мумкинлигини таъкидлади.

Дарчиашвилининг сўзларига кўра, Гуржистон Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик учун ҳисса қўшишга тайёр.

Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ўз чиқишида Гуржистон билан муносабатлар кўплаб соҳаларда шиддат билан ривожланиб бораётганини айтиб ўтган. Шунингдек,Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш учун конструктив мулоқот олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Ўз чиқишида Арманистон ва Озарбойжон ўртасида сулҳ шартномаси имзоланишига тўхталар экан, Мирзоян интенсив ишлашда бундай шартнома бир ой ичида имзоланишга тайёр бўлишини таъкидлади.

«Арманистон Озарбойжон билан сулҳ шартномаси имзоланишига ижобий қарайди. Бир ойлик интенсив ишлаш баробарида биз бу жараённи якунлашимиз ва Озарбойжон билан бу муҳим келишувни имзолашимиз мумкин», — деган Арарат Мирзоян. 

Мавзуга оид