Спорт | 19:24 / 05.07.2024
13244
6 дақиқада ўқилади

Финалдан олдинги финал ҳамда Мбаппенинг кумирига қарши баҳси. Еврода кун ўйинлари

Бугун яна икки фаворит турнирни тарк этади. Испания Германия билан, Португалия — Францияга қарши жанг қилади.

Бугун Европа чемпионатида 1/4 финал босқичи старт олади. 5 июл кунги ўйинларнинг иккиси ҳам — ёрқин афишага эга. Мухлисларни аввалига Евро-2008 финали ремейки, кейин эса — Евро-2016 финали ремейки кутмоқда.

Испания — Германия (21:00 / Zo'rTV)

Бу учрашувни муддатидан олдинги финал деб аташмоқда. Икки жамоа ҳам жозибали футбол намойиш этиб, ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллашди, аммо плей-офф босқичида эрта тўқнашмоқда.

Испания миллий жамоаси — Евро-2024 турнирида барча тўрт ўйинида ғалаба қозонган ягона жамоа. Шу билан бирга, «Қизил фурия» ҳар бир ўйинда нафақат натижага эришмоқда, балки тўлиқ устунлик билан ўйнамоқда. Бунда биринчи навбатда ҳужум чизиғини эътироф этиш керак — бу чизиқ кўп кўрсаткичлар бўйича турнирда яққол етакчи.

Эътиборли жиҳати, ҳозирги Испания ўйиннинг кўп вақтида тўпга эгалик қилиши шарт эмас — улар иккинчи рақам остида ҳам тўп сура олишади. Узун узатмалар билан ўйнаши ҳам мумкин. Луис Де Ла Фуэнте даврида бу жамоа ўйини хилма-хиллашди. Кўп жиҳатдан қанотлардаги Ямал ва Уилямснинг тезкорлиги бунга имкон бермоқда. Икки вингер ҳам олдинга боришдан тап тортмайди: улар ҳимоячилар ортида очилишади, дриблинг ишлатишади, оддий вазиятларни кескинлаштиришади. Испания энди яққол вазиятгача қисқа паслар бериш билан зериктирмайди.

Немислар эса тўпга тўлиқ эгаликка эътибор қаратмоқда. Аммо бу жамоага муваффақият келтирадими? Бу турнирда ҳозиргача Германияда Испания даражасидаги рақиб бўлмади — Юлиан Нагелсманн шогирдлари тўрт ўйинни ҳам ўртамиёна рақибларга қарши ўтказди. Испания билан ўйин — турнир мезбонлари учун ҳақиқий синов бўлади. Кўп нарса 36 ёшли мутахассис жамоани жангга қандай тайёрлаганига боғлиқ: нафақат жисмонан, балки руҳан тайёргарлик ҳам муҳим рол ўйнайди.

Германия миллий жамоаси агар олдинги ўйинлардаги каби интенсивлик намойиш этиб, самарадорликни оширсагина турнирдаги иштирокини давом эттириши мумкин. Аммо икки жамоанинг ҳам имкониятлари ҳозирча тенг баҳоланмоқда.

Испания — Германия учун ўта ноқулай рақиб. Агар расмий ўйинлар ҳисобга олинса, бундестим испанларни 1988 йилдан буён мағлуб этолмайди. 2008 йилда эса немислар Евро финалида, 2010 йил ЖЧ яримфиналида ютқазган. Икки ўйинда ҳам 1:0 ҳисобида. Бу сафарги Европа чемпионатида Германия атиги икки гол ўтказиб юборди (улардан бири автогол). 1/8 финалда Данияга қарши ўйин ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қарийб ярим соатга тўхтаб қолган бўлса-да, керакли натижага эришилди (2:0).

«Бу финал эмас, балки чоракфинал. Биз кейинги босқичга чиқадиган жамоалардан бири бўлишни хоҳлаймиз. Испания ҳам чемпион бўлишни хоҳлайди, шунинг учун олдинда оғир ўйин кутмоқда. Икки жамоа ҳам тўпга эгалик қила олади ва ўз рақибларини босим остида ушлаб туриши мумкин. Биз учун бирга бир вазиятларда яхшироқ ҳаракатланиш муҳим», — деган Нагелсманн.

Португалия — Франция (00:00 / Zo'rTV)

Португалия ҳам, Франция ҳам Евро-2024 бошланганидан буён ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олмади, аммо олдиндаги ўйин икки жамоа учун ҳам ўз амбицияларини тасдиқлаш учун имкондир.

Бир неча кун муқаддам португаллар Евро чоракфиналига чиқиш учун ўта оғир ўйин ўтказишди. Осон рақиб саналган словенлар жанг таклиф қилишди. Португалияда қўшимча дақиқаларда ғалабани илиб кетиш учун ўта қулай имконият бўлганди, аммо Криштиану Роналду Ян Облакка қарши дуэлни бой бериб, 11 метрлик нуқтадан гол уролмади. У пеналтилар сериясида хатосини тузатди, аммо шу куни ўйин қаҳрамони у эмасди. Португалия дарвозабони Диогу Кошта дастлабки учта зарбанинг барчасини қайтарди ва рақибни уйига жўнатди.

Франциянинг 1/8 финалдаги ўйини ҳам томошабоплиги билан мухлисларни хурсанд эта олмади. Диде Дешам шогирдлари турли масофалардан кўплаб зарбалар беришди, аммо тўп кўп ҳолларда дарвоза соҳасига тўғри бормади. Натижада французлар фақат рақиб ёрдамида гол ура олишди, Коло Муани дарвозабон ҳудудига йўллаган тўп Вертонгеннинг оёғига теккан ҳолда рикошет бўлиб дарвоза тўрига бориб тушди ва бу гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди. 2016 йилда Франция ўз уйида ўтган Европа чемпионати финалида португалларга ютқазганди, Роналду эса биринчи бўлимдаёқ жароҳат олиб майдонни тарк этганди.

Бу оқшом мухлислар юлдузлар билан тўлиб-тошган майдондаги футболга гувоҳ бўлишади, аммо асосий эътибор Роналду ва болаликдан унинг мухлиси бўлган Мбаппега қаратилади. Улардан доимо ёрқин ва сермаҳсул ўйин кутишади, аммо бу турнирда улар ҳозирча бу ишончни оқлай олишгани йўқ.

Криштиануда иштиёқ борасида муаммо йўқ — у 20 йил олдинги биринчи Евросида бўлгани каби кўзи ёниб ўйнамоқда, аммо қаттиқ ҳаракат қилаётганига қарамай, ҳозирча бу турнирдаги илк голини уролмади.

Килиан эса бироз паришонхотир кўринмоқда ва ҳужумда ўз ўрнини топа олмаяпти. Унга бу ёзда жамоасини алмаштираётгани ёки бурнидан олган жароҳати таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин, нима бўлганда ҳам кўп ўйинларда у майдонда йўқолиб қолди.

Португалия ва Франция — ёрқин ва томошабоп ўйин кўрсатишга қодир бўлган жамоалар. Аммо ҳозирда вазият шундайки, мураббийлар кўпроқ эҳтиёткор футбол танлашади. Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлардаги статистикаси ҳам шундан далолат бермоқда: Франция ва Португалиянинг Европа чемпионатларидаги барча тўрт ўйинида дуранг қайд этилган. Катта эҳтимол билан, бу сафар ғолиб овертайм ёки пеналтилар сериясида аниқланади.

Мавзуга оид