Ўзбекистон | 08:47 / 05.07.2024
2869
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудлардаги репродуктив саломатлик, оналик ва болалик масалалари бўйича штаблар фаолияти расмиятчилик учун ташкил этилган - Сенат

Олий Мажлис Сенатида ўтказилган мажлисда қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизимининг туғруққа кўмаклашувчи муассасаларида ҳомиладорларни кузатиш ҳамда туғруқ жараёнларида мутахассислар томонидан тасдиқланган клиник баённома ва стандартларга тўлиқ риоя қилинмаслик ҳолатлари учрамоқда. Бунинг оқибатида айрим ҳудудларда оналар ўлими кўрсаткичи ошган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати кенгаши мажлисида репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, республикада оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида 17 млн нафардан ортиқ аёлларга 22,3 мингта ўринга эга 230 та туғруқ муассасаси ва 18 ёшгача бўлган 11 млн нафар болаларга 13,3 мингта ўринга эга 245 та педиатрия муассасаси хизмат кўрсатиб келмоқда. Жойлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тасдиқланган тармоқ режа асосида 2024 йил 5 ойи давомида 9,2 млн нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларнинг 4,3 млн нафари тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 1,4 млн нафарида экстрагенитал касалликлар аниқланган ва 877,5 минг нафари амбулатор ҳамда 102,2 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилган.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга Сенатнинг ҳудудларда ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларга ҳам эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, репродуктив саломатлик, оналик ва болалик масалалари бўйича республика штаби ва 14 та ҳудудий штаб фаолиятини ташкил этиш белгиланган. Бироқ штаблар фаолияти расмиятчилик учун ташкил этилган бўлиб, фақатгина ҳудудлардан статистик маълумотларни йиғиш ва юқори турувчи штабга тақдим этиш билан банд бўлиб қолган.

Соғлиқни сақлаш тизимининг туғруққа кўмаклашувчи муассасаларида ҳомиладорларни кузатиш ҳамда туғруқ жараёнларида мутахассислар томонидан тасдиқланган клиник баённома ва стандартларга тўлиқ риоя қилинмаганлиги ҳамда уларнинг малакаси етарли эмаслиги сабабли ўрганилган ҳудудларнинг барчасида оналар ўлими кўрсаткичи ошган.

Ҳомиладор аёл тўлиқ пренатал скринингдан ўтказилиши лозим бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2023 йилда ҳисобга олинган жами ҳомиладор аёлларнинг бор-йўғи 46,9 фоизи I триместрда (ҳомиладорликнинг 11-13,6 ҳафтаси) пренатал скринингдан ўтказилган. Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 31,4 фоизни, Қашқадарё вилоятида 37,7 фоизни ташкил қилган.

Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган 2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46 та туғруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган. Бироқ ташкил этилган айрим туманлараро перинатал марказлар инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилмаган ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминланмаган.

Муҳокама жараёнида туғруқ муассасаларида оналар ва гўдаклар ўлимини камайтириш, туғруқ ёшидаги аёллар тиббий кўригини сифатли ташкил этиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш юзасидан қатъий чоралар белгиланган. Мажлис якунида Сенат кенгашининг қарори қабул қилинган.

Мавзуга оид