Ўзбекистон | 12:06 / 05.07.2024
18792
2 дақиқада ўқилади

Қаршида BYD Spark билан тўқнашди. BYD вилоят ҳокимлигига тегишли бўлган

Қарши шаҳрида BYD Song Plus ортга қайрилиб олмоқчи бўлган Spark билан тўқнашди. Spark ҳайдовчиси шифохонада вафот этди. BYD Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тегишли бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри BYD Song Plus ва Spark иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди

Қайд этилишича, воқеа 4 июл куни соат тахминан 7:53 ларда Қарши шаҳри «Бўстон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-92 давлат аҳамиятдаги «Қарши-Талликурон-Касби-Жейнов-Помуқ» автомобил йўлининг 2-километрида содир бўлган. Ҳайдовчи ўз бошқарувидаги Spark машинасида орқага бурилаётганида ҳайдовчи Х.Л. бошқарувидаги BYD Song Plus йўлига чиқиб кетган ва тўқнашув юз берган. Spark қарама-қарши йўналишда келаётган Nexia билан ҳам тўқнашган.

ЙТҲ оқибатда Spark ҳайдовчиси Р.А. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган, лекин шифокорлар томонидан биринчи ёрдам кўрсатилишига қарамасдан шифохонада вафот этган. BYD Song Plus машинаси ҳайдовчисининг аҳволи эса яхши экани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода BYD Song Plus шаҳар ҳудуди бўлишига қарамай, катта тезликда ҳаракатланганини кўриш мумкин.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, BYD Song Plus машинаси Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тегишли бўлган. Ундан ҳокимлик ходимлари навбатчи машина сифатида фойдаланишган. Бу маълумотни таҳририятнинг вилоят ҳокимлигидаги манбаси ҳам тасдиқлади. 

Мавзуга оид