Ўзбекистон | 16:48 / 06.07.2024
12826
3 дақиқада ўқилади

577 сўмдан 998 сўмгача — ИЭСларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг таннархи қанча?

Иқтисодчи Отабек Бакиров электрнинг таннархи қарийб 1000 сўм экани ҳақидаги баёнотларни қайта тафтиш қилишга, янги ва доимий ишлайдиган шаффоф ҳисобдорлик тизимини яратишга чақирди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги идоралараро тариф комиссиясининг 2024 йил 15 майдаги 20-сонли йиғилиш баёнига асосан, иссиқлик электр станцияларида 1 kWh электр энергиясини ишлаб чиқариш тарифлари белгиланган. Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Теlegram-каналида ёзди.

Қайд этилишича, тарифлар қуйидагича:

  • Талимаржон ИЭС учун 577 сўм;
  • Навоий ИЭС учун 630 сўм;
  • Янги Ангрен ИЭС учун 645 сўм;
  • “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги Сирдарё ва Тўрақўрғон ИЭСлари, Муборак, Тошкент, Фарғона ИЭМлар учун 721 сўм;
  • Тахиатош ИЭС учун 726 сўм;
  • Ангрен ИЭС учун 871 сўм;
  • Тошкент ИЭС учун 998 сўм.

“Ушбу тарифлар иссиқлик электр станцияларининг фойда нормаси билан ишлашини ҳисобга олиб ўрнатилган ва электр энергиясини ягона харид қилувчиси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга сотиш учун белгиланган (1 июлдан “Ўзэнергосотиш АЖ” ягона харид қилувчи).

Қоида бўйича ягона харид қилувчи аввало арзонроқ тарифдаги ишлаб чиқарувчидан электр энергиясини сотиб олиши керак.

Қайта тикланувчи қуёш ва шамол станцияларидан кафолатланган харидлар, шунингдек, гидростанциялардан сотиб олинаётган электр энергияси тарифлари бундан ҳам кўра арзонроқ ва уларнинг генерациядаги ҳажми ҳамда улуши фақат ошиб бормоқда”, дея қайд этган Отабек Бакиров.

Иқтисодчининг фикрича, юқоридаги рақамлардан келиб чиқиб, электрнинг таннархи қарийб 1 000 сўм экани ҳақидаги баёнотлар транспорт ва тақсимлаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда қайта тафтиш қилиниши, янги ва доимий ишлайдиган шаффоф ҳисобдорлик тизими яратилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил май ойида берилган расмий маълумотда 1 kWh электр энергиясининг таннархи 800 сўм, 1 куб метр табиий газнинг таннархи 1400 сўм экани айтилган эди. 2024 йилда бу миқдор мос равишда 990 сўм ва 1961 сўмгача ошган.

Энергетика вазирлиги ҳам, Иқтисодиёт ва молия вазорлиги ҳам таннарх қандай шакллангани бўйича жамоатчиликка очиқ ва шаффоф ҳисобот тақдим қилмаган.

Мавзуга оид