Ўзбекистон | 08:18 / 06.07.2024
1686
2 дақиқада ўқилади

Япониянинг йирик корпорацияси қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади

Жорий йилнинг сентябр ойида компания Ўзбекистонда номзодлар билан суҳбат ўтказишни режалаштирган. Ўзбекистонлик ишчилар Японияга боргач, олти ой муддат япон тилини ўрганади. Бу вақтда компания уларга мамлакат ҳаётига мослашиш учун ёрдам кўрсатади.

Фото: Дунё

Япониянинг “Daito Trust Construction” корпорацияси қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдурахмонов ва “Daito Trust Construction” корпорацияси президенти Кеи Такэучи ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Бу ҳақда Япониянинг “Nikkei Shimbun” нашрига таяниб “Дунё” АА хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда “Daito Trust Construction” корпорациясининг Ўзбекистон билан қурилиш, архитектура, инвестиция соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, қурилиш-архитектура лойиҳаларига япон технологиялари ва инвестицияларини олиб кириш, ҳамда қурилиш-архитектура ва муҳандислик соҳаларида мамлакатимизда юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва уларни япон корпорациясида малакасини ошириш, стажировкалар ташкил этиш ва ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Наш жорий йилдан бошлаб “Daito Trust Construction” қурилиш соҳасида хорижлик ишчиларни ёллашни бошлашини ёзган. Дастлаб, компания Ўзбекистондаги давлат университетларида таҳсил олган ўнга яқин малакали ишчиларни қабул қилишни режалаштирган. Улар учун маҳаллий ходимларга яратилгани каби бир хил меҳнат шароитлари яратилади.

Қайд этилишича, жорий йилнинг сентябр ойида компания Ўзбекистонда номзодлар билан суҳбат ўтказишни режалаштирган. Японияга боргач, ўзбекистонлик ишчилар олти ой муддат япон тилини ўрганади ва бу вақт ичида компания мамлакат ҳаётига мослашиш учун зарур ёрдамни кўрсатади. 2025 йилнинг апрел ойидан бошлаб улар япониялик маҳаллий ходимлар каби ўқув дастурларида иштирок эта бошлайди.

Ўзбекистонлик ишчилар уй-жой билан таъминланиши, улар компаниянинг Токиодаги филиалларида қурувчи-уста сифатида ишлаши билдирилган. Ўзбекистон вакилларининг асосий вазифаси тўрт йил ичида давлат қурилиш муҳандислиги ва архитектураси йўналишида 1-даражали малакали ишчи мақомини олиш эканлиги айтилган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид