Жамият | 17:18 / 08.07.2024
9030
2 дақиқада ўқилади

Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри судланади

Судланувчи турмуш ўртоғини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганликда айбланяпти. У аввал ҳам қийнаш, аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш ҳамда талончилик каби жиноятлар учун судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан.

Фото: Kun.uz

Жорий йил 27 март куни Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган 28 ёшли аёлнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан тергов иши якунланиб судга оширилган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов Kun.uz'га маълум қилди.

“Дастлабки тергов органи томонидан аниқланишича, аёлнинг турмуш ўртоғи уни арзимас сабаблар билан уриб, қийнаб, раҳмсиз муомала қилиб, шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб келиши, турмуш ўртоғининг кучли руҳий тушкунликка олиб келгани оқибатида жисмоний ва руҳий тайзиқларига чидай олмаган Н.Хамраева 2024 йил 27 март куни соат 21:30ларда мазкур яшаш хонадонининг деразаси (5-қават)дан ўзини ташлаб ўз жонига қасд қилган” дейилади Олий суд хабарида.

Бекободлик Д.Х. турмуш ўртоғининг ўлимига сабабчи сифатида кўрилмоқда. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган.

ЖИБ Бекобод туман суди юритувидаги ишни кўриб чиқиш 2024 йил 9 июл куни соат 16:00 га белгиланган.

Kun.uz ихтиёрида мавжуд ҳужжатдан кўринишича судланувчи бундан аввал ҳам судланган. У 2013 йилда ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни қийнаш), 136-моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш), 166-моддаси 3-қисми “а” банди (Талончилик) билан айбдор деб топилиб, 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган, амнистия муносабати билан жазонинг учдан бир қисми (бир ярим йил)ни ўтаб чиққан.

Мавзуга оид