Туркия ташқи ишлар вазири туркий давлатларни умумий алифбо жорий қилишга чақирди
“Биз иложи борича тезроқ умумий алифбога ўтишимиз керак”, деди Ҳоқон Фидан. У бу йўналишдаги ҳаракатлар учун Туркий Давлатлар Ташкилотида алоҳида тузилма ташкил этишга чақирди.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан минтақавий ҳамкорликни кучайтириш учун туркий давлатларда умумий алифбони жорий этишга чақирди, дея хабар бермоқда Hurriyet.
“Глобал қудрат рақобати географиямизга кириб келишига йўл қўймаслик учун сафларимизни кучайтириб, умумий фаровонлик йўлида имкониятларимизни ишга солишимиз керак”, – деди Фидан 6 июл куни Озарбойжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) саммитида.
Туркий Давлатлар Ташкилоти – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон ва Туркиядан иборат.
“Биз имкон қадар тезроқ умумий алифбони жорий этишимиз керак”, – деди Туркия ташқи ишлар вазири.
Ҳоқон Фидан бу борадаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида кучлироқ институционал тузилма ташкил этишга чақирди.
- Маълумот учун, ҳозирда Туркия, Озарбойжон ва Ўзбекистон лотин ёзуви, Қозоғистон ва Қирғизистон эса кирилл ёзувига асосланган миллий алифболаридан фойдаланмоқда. Қозоғистон ҳам лотин ёзувига ўтишга қарор қилган, бироқ ҳозирча муддатлар ва янги алифбонинг якуний талқини тасдиқланмаган.
Турк дипломатияси раҳбари Шушадаги нутқида ТДТ доирасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга чақирди.
“Ўзаро боғланиш, энергетика, молия, савдо, мудофаа саноати ва янги технологиялар каби соҳаларда ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш учун зарурий келишув асосларини ишлаб чиқишимиз зарур”, – дея қўшимча қилди у.
Ҳоқон Фидан глобал миқёсда туркий маданият ва ўзлик ташаббусларини қўллашга эҳтиёж борлигини қайд этди.
“Чегараларимиздан ташқарида туркий маданият ва ўзлик байроғини ҳилпиратадиган биродарларимизни ташкилотимиз кун тартибига қўйишимиз керак”, – деди Фидан ва бу “Болқон, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва дунёнинг бошқа қисмларида яшаётган ватандошларимизнинг ўзлигини ҳимоя қилиш учун” кераклигини айтди.
Туркия ТИВ раҳбари, шунингдек, ТДТнинг таъсир доирасини кенгайтириш учун жаҳондаги муҳим нуқталарда ташкилотнинг бўлинмаларини очиш ва элчилар тайинлашни таклиф қилди.
Ҳоқон Фидан ўз нутқида Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР)ни ҳам эслаб ўтди. Фақат Туркия томонидан тан олинган ШКТР – Туркий Давлатлар Ташкилотида Венгрия ва Туркманистон билан бирга кузатувчи мақомига эга.
“Барча биродарларимиз ва опа-сингилларимизни Кипрдаги турк халқини туркий дунёнинг ажралмас бир қисми сифатидаги ажралмас ҳуқуқларини қайта тиклаш учун қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, – деди у ва ТДТга аъзо давлатларни ШКТР билан савдо алоқаларини кучайтиришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Шуша шаҳридаги ТДТ норасмий саммитида Туркия делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири раҳбарлик қилди. Президент Ражаб-Тоййиб Эрдўған футбол бўйича Европа чемпионати чоракфиналида Туркия миллий жамоасини қўллаб-қувватлаш учун Берлинга бориши сабаб Шушага сафарини бекор қилганди.
Мавзуга оид
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:09 / 05.11.2024