Жамият | 10:46 / 09.07.2024
2888
2 дақиқада ўқилади

Андижон, Фарғона ва Сурхондарёда электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди

Учта ҳолатда қарийб ярим млрд сўмлик электр энергиясидан фойдаланганлик ҳолатлари аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган тадбирларда Андижон, Жарқўрғон, Риштон туманлари ва Марғилон шаҳрида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган шахслар фош этилган.

Жумладан, департаментнинг Андижон туман бўлими ва “Ўзэнергоинспекция” ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “К.Д.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар “Султонобод” МФЙ ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўрнатилган ҳисоблагичга қасддан ташқи таъсир кўрсатиб, 269 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Жарқўрғон туман бўлими, ИИБ ва ЭТК ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқаро Ж.П. Оқтепа маҳалласидаги экин ер майдонида электр сув насосни умумий фойдаланишдаги тармоққа улаб 227,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Риштон тумани ва Марғилон шаҳри бўлимлари томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда “B-M.” фермер хўжалиги ва “М.М.” хусусий корхонаси раҳбарлари электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш учун ташқи таъсир ўтказиб, тижорат мақсадида 186,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид