Ўзбекистон | 17:16 / 09.07.2024
6424
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Cobalt уриб юборган 10 ёшли қизнинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берилди

Беморга бош мия ёпиқ жароҳат олиши, чап ўмров суяги ёпиқ синиб силжиши ташхиси қўйилган. Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, беморнинг умумий ҳолати қониқарли.

Фото: Видеодан кадр

8 июл куни Андижон шаҳри Ўзбекистон кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида 25 ёшли ҳайдовчи 1999 йилда туғилган қизни уриб юборгани маълум қилинган эди. Kun.uz қизнинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот олиш учун Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланди.

Маълум қилинишича, бемор Андижон шаҳар тез тиббий ёрдам касалхонасига олиб борилиб, зудлик билан керакли текширувлар ва мутахассислар кўриги тайинланган. Унга бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап ўмров суяги ёпиқ синиб силжиши ташхиси қўйилган. Бошқарма беморнинг умумий аҳволи қониқарли эканини қўшимча қилди.

Керакли муолажалар қилиниб, чап елка камарига гипсли боғлам қўйилди. Даволашни давом эттириш учун бемор болалар нейротравматология бўлимига ётқизилди”, – деди бошқарма ходими Музаффалшо Муҳаммадиев.

Олдинроқ, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 8 ёшли қизни BYD босиб кетгани ва Самарқандда Nexia 7 ёшли болани уриб юборгани хабар қилинганди. Ҳар икки ЙТҲ оқибатида болалар ҳалок бўлган.

Мавзуга оид