Жаҳон | 13:00 / 09.07.2024
5442
9 дақиқада ўқилади

Фаластинни тан олмоқчи бўлаётган французлар, Украинага ракета зарбаси ва “Росатом”нинг Туркияда музлатилган пуллари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

ҲАМАС тинчлик бўйича АҚШ режасини қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалаётган бўлса-да, Ғазодаги вазият ўта оғирлигича қолмоқда. ҲАМАС таъсиридаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошидан буён бўлгада вафот этган фаластинликлар сони 38 минг 193 нафарга етган. 276 кундан буён давом этаётган уруш давомида 88 мингдан ортиқ фаластинлик жароҳатланган.

Охирги бир кун давомида Исроил армияси уч ҳудудга ҳужум уюштирган ва камида 40 киши ҳалок бўлгани маълум. TRT нашрига кўра, уруш бошидан буён 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Миср Ғазо билан чегарада ерости чегара тўсиқлари қуришни режалаштирмоқда. Times of Israel хабарига кўра, Мирс томони Исроил ҳукуматини агар ҲАМАС тинчлик келишувини қабул қилиб, ўт очиш режими тўхтаса, Қоҳира АҚШ билан ҳамкорликда Ғазо чегарасида ерости тўсиқлари қурилишидан огоҳлантирган. Мисрликлар шу тарзда Ғазодан контрабанда товарлари ва қуроллар ўтказилишининг олдини олмоқчи.

Франциядаги сайлов якунлари

Франциядаги парламент сайловларида биринчи ўринни қўлга киритган сўл партияларнинг «Янги халқ фронти» коалицияси етакчиси Жан-Люк Меланшон Миллий кенгашга сайловнинг дастлабки якунлари эълон қилинганидан сўнг Фаластин давлатчилигини тан олиш зарурияти ҳақида гапирди.

«Бизда Янги халқ фронтидан бош вазир сайланади. Кўп нарсаларни фармон билан ҳал қила бошлаймиз. Халқаро даражада Фаластин давлатини тан олиш бўйича келишишимиз зарур бўлади», – деган Меланшон.

У шунингдек, мамлакатда ўзгаришлар зарурияти ҳақида ҳам гап очган.

«Франция албатта эркаклар шовинизми, ирқчилик, исломофобия, антисемитизм ва ҳар қандай динга нисбатан нафрат саҳифасини ёпган янги Францияга айланиши керак», – деган сўл коалиция етакчиси.

Франция парламентига ўтган сайловларда бирорта партия 577 кишилик янги парламентда кўпчилик жойга эга бўлиш имконини берадиган 289 та жой учун овоз тўплай олмади. «Янги халқ фронти» етакчиларидан бири Жан-Люк Меланшон аллақачон ўнг партиялар ёки Макроннинг марказчилар блоки билан коалиция тузиш имкониятини рад этиб бўлган. «Миллий уюшма»дан Ле Пен ҳам шундай баёнот билан чиқиш қилди.

 

 

Украинага ракета зарбаси

Россия Украинага ёпирилма ракета зарбалари йўллади. Ракеталардан бири Киевдаги болалар шифохонасига келиб урилган. Биргина Киев шаҳрининг ўзида ҳалок бўлганлар сони 28 дан ошган, 150 га яқин инсон жароҳатланган.

Қурбонлар хотирасига Киев ва Кривий Риҳ шаҳарларида 9 июл мотам куни деб белгиланди.

Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Соломенский районида офислар биноси ҳужумга учраган, кўп қаватли бинонинг икки қавати шикастланган, 1500 квадрат метр майдонда вайронгарчиликлар қайд этилган. Бу ерда етти киши ҳалок бўлган.

Киевда ракета зарбаси оқибатида Голосеевский ва Шевченково районларида учта трансформатор нимстанциялари, шунингдек электр тармоқлари тўлиқ вайрон бўлган ёки шикастланган, деб хабар беради ДТЭК энергетика компанияси.

Виталий Кличко ракеталардан бири Шевченкове районидаги болалар шифохонаси биносига келиб урилганини маълум қилди. «Охматдет» оналар ва болалар шифохонаси бўлимларидан бири шикастланган. «Охматдет»да иккита жарроҳлик амалиёти ўтказилаётган бўлим вайрон бўлган.

Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко «Охматдет»да қурбонлар борлигини хабар қилган. Россия ракетаси келиб урилган бинодаги беморлар шаҳардаги бошқа тиббиёт муассасаларига эвакуация қилинмоқда.

РФ қўшини болалар шифохонасига «мақсадли» зарба берди, деган Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак.

«Бу зарба тинч аҳоли устига йўлланди, инфратузилмалар бўйлаб зарба берилди, бутун дунё бугунги террор оқибатларини кўриши, бунга фақат куч билан жавоб қилиниши керак», — деган Ермак.

 

 

Россиядан хавфсираётган Швеция

Швеция ўзининг янги миллий хавфсизлик стратегиясида Россияни «энг жиддий таҳдид» сифатида белгилаб олди. Швеция ҳукуматидагилар айни пайтдаги вазият Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан буён Швеция учун «энг хавотирли»си эканини таъкидлаган.

«Россия бизнинг миллий хавфсизлигимиз учун энг йирик ва энг жиддий хатар бўлиб турибди», — деган мамлакат мудофаа вазири Пол Йонсон.

У шунингдек, КХДР ва Эрон Россияни Украинага қарши урушда фаол қўллаб-қувватлаётганини қайд этган.

Швеция НАТОга аъзо бўлганидан сўнг Россия уларнинг сунъий йўлдошли тармоқлар ишини барбод қилаётганини ҳам таъкидланган. Швеция таҳдидларнинг олдини олиш учун ўз қуроллик кучларини мустаҳкамлашга, портлар, йўллар, темирйўл тармоқлари, касалхоналар ва бошпаналарни такомиллаштиришга киришган.

Айни пайтда Швеция энерготизими географик жойлашуви ва эскирган станциялар туфайли энг заиф ҳолатда қолмоқда. Қиролликнинг 15 минг км электр узатиш линиялари бор. Улар мамлакат шимолидаги саноат марказларини жанубдаги энг асосий шаҳарлар билан боғлайди. Кабеллар қалин ўрмонлар орқали ўтади. Бу эса Европанинг бошқа давлатларига нисбатан тармоқни диверсиялар учун заиф ҳолатга келтиради.

 

 

Орбаннинг Хитойга ташрифи

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашуви чоғида барча томонлар Украинада ўт очишнинг тўхтатилишидан манфаатдор экани, бироқ йирик давлатлар «ижобий энергия» намоён эта бошлагандагина бунга эришиш мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади Xinhua.

Агентлик хабарига кўра, Си Жинпинг ва Виктор Орбан Украинадаги кризисни батафсил муҳокама қилишган. Венгрия бош вазири Киев ва Москвага ташрифи борасида Хитой етакчисини бохабар қилган. Ўз навбатида ХХР раиси Орбаннинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, Хитой позицияси ҳақида сўзлаб берган.

Xinhua агентлиги ёзишича, Си Жинпинг ўт очишни тўхтатиб, урушни якунлаш, сиёсий ечим топиш барча томонлар учун манфаатли эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда жанговар ҳаракатлар зонаси кенгайиши, уруш янада авж олишининг олдини олиш, вазиятни имкон қадар совитишга бор диққатни қаратиш керак.

«Халқаро ҳамжамият томонларга тўғридан тўғри мулоқот ва музокаралар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиши ва ёрдам бериши керак. Барча йирик давлатлар ижобий энергия намойиш этсагина ўт очишнинг якунланиши тезда содир бўлади. Хитой кризиснинг тинч йўл билан ҳал бўлишига хизмат қилувчи тинчлик музокараларини фаол илгари сурмоқда», — дейилади хабарда.

 

 

«Росатом» пуллари хатловга олинди

Россиянинг «Росатом» корпорацияси энг йирик Россия-Туркия инвестицион лойиҳаси — «Аққую» АЭСини қуриш учун ўтказиб берган пуллар хатловга олинган. Бу ҳақда корпорация раҳбари Алексей Лихачёв «Россия 1» телеканалига сўзлаб берган.

«Ўзаро ҳисоб-китоб тизими зарба остида. Улар пулларни хатловга олиб, музлатиб қўйишмоқда», — дея шикоят қилган Лихачёв.

Топ-менежернинг сўзларига кўра, пулларнинг хатловга олинишига «Росатом» билан ишловчи «юридик шахслар ва банклар ўртасида зир қатнаб юрган америкаликлар» сабабчи.

Туркияда 25 млрд долларга баҳоланган ва тўлиқ Россия томонидан молиялаштириладиган АЭС лойиҳасини амалга оширишга санкциялар халақит бермоқда, деган Лихачёв. Гарчи «Росатом»нинг ўзи ғарб давлатларининг чеклов чоралари остига тушмаган бўлса-да, унинг бир нечта шуъба корхоналари санкция рўйхатларига киритилган. Уларнинг орасида ядровий қурилмаларнинг монтаж технологиясини ишлаб чиқувчи «Атомстрой» АЖ ва уранни бойитиш учун центрифугалар ишлаб чиқарувчи «Точмаш» ишлаб чиқариш бирлашмаси бор.

Лихачёвнинг сўзларига кўра, санкциялар ва қийинчиликларга қарамасдан, «Росатом» Туркияда илк ишга тушириладиган ва режага кўра 12 млн истеъмолчини ток билан таъминлайдиган АЭС қурилишини давом эттиради.

Дарвоқе, «Аққую»дан ташқари Туркия ҳокимияти яна учта АЭС қурмоқчи, шунингдек, кичик модул реакторларни харид қилмоқчи. Reuters хабарига кўра, Туркия энергетика вазирлиги «Росатом»дан ташқари америкалик пудратчилар, шунингдек, Хитой ва Жанубий Корея компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид