Жаҳон | 16:34 / 09.07.2024
18928
12 дақиқада ўқилади

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги уруш муқаррардек кўринмоқда. Биринчи қадамни ким ташлайди?

Сўнгги кунларда Исроилнинг шимолий чегараларидаги вазият шундай ривожланмоқдаки, эндиликда экспертлар Ливан билан катта урушни эҳтимолий деб эмас, муқаррар деб ҳисоблай бошлади.

Ўтган ҳафтада «Ҳизбуллоҳ» исроилликларнинг Ливан жанубига зарбаси оқибатида юқори мартабали қўмондонларидан бири Муҳаммад Нимаҳ Носир ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Бу Ливандаги шиалар гуруҳининг ўтган йил октябрида Исроилга қарши ҳаракатларни фаоллаштирганидан буён «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти вакиллари орасидаги камида учинчи ўлим бўлди.

Пайшанба куни Носирнинг ўлимига жавобан бир куннинг ўзида Исроил бўйлаб 200 га яқин ракета ва портловчи моддалар ўрнатилган дронлар билан ҳужум қилинди.

Исроил бўйлаб зарбалар деярли ҳар куни берилмоқда. Бунга жавобан исроиллик ҳарбийлар «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий объектларини ўққа тутмоқда ва айрим ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги тўққиз ой давомида гуруҳга 1,5 млрд долларлик зарар етказилган.

«Ҳизбуллоҳ» вакили ташкилот Муҳаммад Носирнинг ўлимига жавобан Исроилдаги «янги объектларни нишонга олгани»ни маълум қилган

Исроил-Ливан чегарасининг икки томонида беш километр радиусда ҳақиқий ҳарбий ҳудуд юзага келган, бу ҳудудлардан юз минглаб кишилар эвакуация қилинган — 100 минг атрофида исроилликлар ҳамда 90 минг ливанлик.

Исроил ўз ҳудудлари ўққа тутилишига чек қўйиш ва шимолий ҳудудлар аҳолисини ўз уйларига қайтариш учун камида «Ҳизбуллоҳ»ни ўз чегараларидан узоқлаштириши керак ва афтидан, бунинг нисбатан мўътадил усуллари энди иш бермай қўйган.

Америка разведкаси маълумотлари ҳам яқин ҳафталарда ўртада катта уруш бошланиши мумкинлигини кўрсатмоқда. АҚШ хавфсизлик хизматлари буни Исроил ва Ҳамас Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эриша олмагани билан боғлайди.

Аммо Исроилдаги экспертлар буларнинг тўғридан тўғри алоқадорлиги йўқ деб ҳисоблайди.

Катта уруш учун ҳал қилувчи туртки нима бўлиши мумкин? Ва бунинг олдини олиш йўллари қолганми?

Ким биринчи қадамни ташлайди?

Исроиллик экспертлар бир овоздан катта урушда биринчи қадамни эртами кечми сабр косаси тўладиган Исроил ташлайди деб ҳисобламоқда. Аммо улар бундай қадамнинг аҳамиятини турлича баҳолади: бир қисми буни давлатнинг террорга табиий ва ҳатто зарур деб ҳисобласа, бошқалари – буни ҳалокат деб билади.

«Исроил мамлакатнинг бутун шимоли ҳар соатда ҳужумга учраб, ўққа тутилиб ва террор қилинадиган вазиятда қанча вақт яшашда давом этиши мумкин. Шу ҳолатда тўққиз ой ўтди. Исроил шимоли кимсасиз бўлиб қолди. Бундай ҳолатда Исроилнинг ҳам сабри тугайди. Бошқа ҳеч бир мамлакат ҳам ўз фуқаролари бунчалик узоқ давр мобайнида ўлдириб келинишига рози бўлмасди», — дейди BBC рус хизматига берган интервюсида бош вазирнинг собиқ маслаҳатчиси Ариэл Булштейн.

«Шимолдаги вазият глобал, кенг қамровли урушга айланиб кетиши мумкин, чунки аллақачон ҳолдан тойдирувчи уруш давом этмоқда ва Исроил бунинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди», — деб ҳисоблайди можаролар ва терроризм масалалари бўйича исроиллик эксперт Йорам Швайцер.

«Ҳизбуллоҳ» қуролларнинг катта арсеналига эга, аммо Исроилдан фарқли ўлароқ, қуруқликдаги тўқнашувлар учун етарли ресурсларга эга эмас. Фотода 2023 йил октябрида Ливандаги кучлар фаоллашганидан кейин мамлакатнинг шимолий чегараларига ташланган исроиллик ҳарбийлар

Тарихга Иккинчи Ливан уруши сифатида кирган Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги сўнгги тўқнашувдан буён 18 йил ўтди.

Ўтган вақт давомида «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий ҳудудларига ракета ва артиллерия зарбаларини йўллашда давом этди, бунга параллел равишда ўз жанговар арсеналини ҳам ўстирди ва такомиллаштирди.

Исроиллик ҳарбий экспертларнинг баҳоларига кўра, бугунги кунда гуруҳ ихтиёрида 200 мингга яқин ракета, жумладан юқори аниқликда ҳаракатланувчи ва тахминан 700 километр масофага етиб борувчи — яъни амалда Исроилнинг бутун ҳудудларини қамраб оладиган ракеталар мавжуд.

Аммо гуруҳда қуруқлик амалиёти ўтказиш учун куч етарли эмас ва улар чегарани биринчи бўлиб кесиб ўтишга журъат қилолмайди, дейишади экспертлар.

«„Ҳизбуллоҳ“нинг ҳужумлари даражаси ва шиддати вақт ўтган сайин ошиб бормоқда ва шунга мос равишда Исроилнинг жавоб беришдаги қатъияти ҳам. Воқеалар динамикаси шундан далолат берадики, биз кулминацион нуқтага яқинлашяпмиз», — дейди Ариэл Булштейн.

Буйруқ Теҳрондан келади

Турли донорлар томонидан қўллаб-қувватланадиган, шу билан бирга, фаластинликларнинг ўз стратегиясига эга гуруҳи бўлиб қолаётган Ҳамасдан фарқли ўлароқ, «Ҳизбуллоҳ» — нафақат Эрон пуллари ва қуроллари эвазига мавжуд, балки Эроннинг Исроилга нисбатан сиёсати ва мақсадларининг ўтказувчисидир.

Экспертлар фикрича, «Ҳизбуллоҳ»нинг фаоллашуви унинг етакчиси Ҳасан Насруллоҳ айтганидек, Ҳамасдаги биродарларни қўллаб-қувватлаш истаги билан боғлиқ эмас. Шунчаки, Ҳамас кутилмаганда «Ҳизбуллоҳ»га қулай палла яратиб берди.

«Мен Насруллоҳнинг ҳаракатлари фаластинликларнинг манфаатларидан келиб чиққан деб ўйламайман. У ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, шиалар ўқи манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилади, у албатта, ўз фронтини кенгайтириш учун Ҳамасни ҳам жалб этишга ҳаракат қилади. Аммо фаластинликлар шунчаки бир компонент», — деб ҳисоблайди Йорам Швайцер.

Фотода Теҳронда 2006 йил Исроилга қарши ўтказилган намойиш акс этган. «Ҳизбуллоҳ»нинг у вақтда ҳали ёш бўлган етакчиси Ҳасан Насруллоҳ тасвирланган баннерда қуйидаги сўзлар ёзилган: «Аллоҳга қасамки, Исроил ўргимчак тўридан ҳам беқарорроқ. Эроннинг Исроилга нисбатан риторикаси ўн йиллар ўтса ҳам ўзгармаган

«Ҳизбуллоҳ» — Эрон режимининг суғурта полиси бўлиб, нафақат Исроил билан қуролли тўқнашувларни таъминлайди, балки Эроннинг Ливан ичкарисидаги активларини ҳам ҳимоя қилади, дейди Вашингтон институтининг Яқин Шарқ сиёсати бўйича эксперти Ханин Гаддар.

«[Эроннинг урушдаги иштироки] — назария ёки исроилликларнинг паранойяси эмас. Эрон аллақачон Исроилга тўғридан тўғри ҳужум қилди [жорий йил апрелида], қолаверса, бу мисли кўрилмаган ҳужум эди — турли ракеталар, жумладан баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан. Эрон фойдаланиш учун турлича қуролларни жамлаган ва у буни амалга оширди», — деган Исроил бош вазири собиқ маслаҳатчиси Ариэл Булштейн.

«Эрон ўз мақсади — Исроилни тўла яксон этиш эканини яширмайди. Теҳрондаги майдонлардан бирида Исроилнинг қанча вақти қолганини кўрсатувчи соат жойлашган. Яъни, БМТга аъзо бўлган мамлакат очиқчасига бошқа бир давлатни йўқ қилиш режасини ишлаб чиқмоқда», — дея қўшимча қилади эксперт.

Шу тариқа, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан заиф бўлган Ливан кенг кўламли уруш бошланадиган тақдирда амалда қарорлар қабул қилишда ҳеч қандай рол ўйнамайди. Буйруқлар Теҳрондан келади, дейди мутахассислар.

Томонларга қайси палла зарба учун қулай?

Қарийб 10 ойдан буён Ғазо секторида кенг миқёсли амалиёт ўтказаётган Исроил янги амалиёт олдидан нафас ростлашга муҳтож

«Исроил Ҳамасга қарши урушнинг интенсив фазасининг якуний босқичига яқинлашмоқда ва амалда ўз ҳарбий имкониятларини сарфлаб юборди, шимолдаги муаммо қаршисида эса ёлғиз қолмоқда. Ва чексиз кутиш ҳолатида бўлиш имконсиз», — дейди Булштейн.

Исроилнинг икки фронтда жанг қилиш имкониятини мутахассислар Ҳамас билан урушнинг авж палласида 
«Ҳизбуллоҳ» Исроил кучларини ўзига жалб эта бошлаганидан буён муҳокама қилиб келади.

Исроилда бундай имконият мавжуд, аммо унга босқичма-босқич ҳаракатланиш маъқул ва Ғазо секторидаги қайноқ фазанинг якунланишини шимолдаги амалиёт бошланиши арафасидаги бошланғичнуқта деб ҳисоблаш мумкин.

Аммо бунинг учун Эрон олдинга қадам ташламаслиги керак бўлади.

Теҳрондагилар нуқтайи назарига кўра, айни вақтда Исроил энг заиф ҳолатида турибди: у Ғазодаги урушда кучсизланган, ички сиёсий зиддиятлар туфайли парчаланиш бор, унинг ҳарбий кабинети тарқалган, Вашингтон билан муносабатлар эса ёмонлашган.

Исроил ҳудудлари узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар билан ўққа тутилиши («Ҳизбуллоҳ» ҳозиргача бундан тийилиб келаётганди) Исроилни Ғазодаги урушдан кейин нафас ростлаш ҳамда қайта гуруҳланишга улгурмасдан, тезда жавоб қайтаришга мажбур қилади.

Дипломатия учун имкон қолдими?

Мамлакат шимолида бошланиши мумкин бўлган урушни исроилликларнинг ўзи «Қиёмат куни-2» деб аташади. Бу билан 1973 йилги Қиёмат куни урушига ишора қилинади, ўшанда Исроил араб давлатлари коалициясига қарши жанг қилишига тўғри келганди.

Бу уруш Яқин Шарқда минтақанинг замонавий тарихидаги энг кенг кўламлиси деб ҳисобланади.

Янги можаро икки ўйинчи қарама-қаршилиги билан чекланмайди, у минтақанинг каттагина қисмини қамраб олади, камида Эроннинг прокси кучлари ҳаракатланадиган давлатлар — Ливан, Сурия, Яман ва қисман Ироқни.

«Эрон ҳар томондан Исроилга экзистенционал таҳдидлар кўрсатишга уринмоқда: жанубдан Ҳамас ва „Ислом жиҳоди“ томонидан қўллов, шимолда — Ҳизбуллоҳга дов тикилган, аммо бу бошқа чегараларимизга ҳам тааллуқли, масалан, Эрон Иорданиядаги вазиятни лойқалатиш ва амалда Исроилнинг энг узун чегарасини кескинлик ўчоғига айлантириш. Буларнинг барчаси ошкора умумий режанинг бир қисмидир», — дейди Ариэл Булштейн.

Ҳозирда бор эътибор халқаро воситачиларга қаратилган — гарчи самарадорлигидан умид кам бўлса-да, ҳозирда фалокатнинг олдини ололадиган бошқа куч йўқ.

Исроил воситачилар Ливан БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2006 йилда қабул қилинган ва амалга оширилмаган 1701-резолюциясига риоя этишига эришишини кутмоқда.

Бу резолюция Ливаннинг расмий армиясига алоқадор бўлмаган ҳар қандай кучлар Исроил чегаралари яқинидан олиб кетилиши ва амалда Ливаннинг жанубий қисмини нафақат «Ҳизбуллоҳ»дан, балки унинг тармоқлари ҳисобланган бошқа барча ҳарбий тузилмалардан тозалашни кўзда тутади.

«Ёки халқаро ҳамжамият Исроил чегаралари яқинида террорчилар мавжудлигини бутунлай йўқ қилишга мажбур қиладиган қандайдир босим кўрсатиш инструментларини топади ва шу билан БМТ резолюциясига амал қилинади ҳамда исроилликларга яшаш ҳуқуқи берилади, ёки Исроил исроилликларнинг тинч ҳаётга бўлган ҳуқуқини мустақил ҳолатда таъминлашига тўғри келади», — дейди Булштейн.

Гап Исроил дипломатик саъй-ҳаракатлар натижасини яна қанча вақт кутишга тайёрлигида қолган. Мамлакат шимолидаги ҳолат ва 7 октябр воқеаларидан олинган сабоқ эса бу узоқ давом этмаслигидан далолат бермоқда.

Шу йил ноябр ойидаги сайловлар натижалари маълум бўлмагунича, Исроил ҳеч қандай ҳаракатга қўл урмаслиги ҳақидаги фикр ҳам мавжуд. Уларнинг республикачилар ва демократлар бошқаруви давридаги ҳаракатланиш эркинлиги — турлича бўлади.

Оқ уйда Доналд Трамп бўлганида воқеаларнинг ҳар қандай ривожида Исроилнинг қўллаб-қувватланиши кафолатланган бўларди.

Аммо минтақадаги вазият динамикаси Исроилга океан ортидан келадиган хабарларни кутишига имкон қолдириши даргумон.

«Бизнинг минтақа ўлчовлари бўйича АҚШдаги сайловларга ҳаликкўп вақт бор. Ва эҳтимолий икки сценарий, ким ғалаба қозонишига қараб, ўша вақтдаги воқеалар картинасига мос келаверади. Ахир Исроилнинг душманларидан ҳеч бири Америка сайловларини кутиш ва ҳокимиятга ким келишини кўриш учун „пауза“ тугмасини босмайди», — дейди Исроил бош вазирининг собиқ маслаҳатчиси Ариэл Булштейн BBC рус хизматига берган изоҳида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид