Россиянинг сўнгги вақтлардаги энг йирик зарбаси оқибатлари. Фотосуратлар
Украинадаги урушнинг 866-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
Россия қўшини Украина бўйлаб ёпирилма ракета зарбалари йўллади.
Киевда Россия зарбаси оқибатида «Охматдет» болалар шифохонаси биноси вайрон бўлди. РФ мудофаа вазирлиги эса шифохонага украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари қолдиқлари тушганини хабар қилган — аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларга кўра, бу россияликларнинг Х-101 ракетаси тўғридан тўғри келиб урилиши бўлган.
Виктор Орбан Пекинга ташриф буюрди ва Си Жинпинг билан учрашди. Бунгача у Киев ва Москвада бўлганди.
Белгород области Николское қишлоғида украинлар зарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлган.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россияга учиб келди ва Владимир Путин билан музокаралар ўтказди.
ФСБ Украина махсус хизматлари томонидан Ту-22М3 русумли бомбардимончи самолёт олиб қочилишига бўлган уринишнинг олди олингани ҳақида эълон қилди.
Россия қўшини 8 июл куни Украина бўйлаб сўнгги ойлардаги энг йирик ракета зарбаларини йўллади. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб турли типдаги жами 38 ракета йўлланган — шаҳарларга ҳам қанотли, ҳам баллистик ракеталар учиб келган, шундан 30 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган. Зарбалар Киев, Днипро, Кривий Риҳ ва бошқа шаҳарларга келган. Украина ҳукумати бу зарбалар нишони фуқаролик инфратузилмалари бўлганини билдирди. Киевда ракеталардан бири «Охматдет» болалар шифохонаси биносини вайрон қилди.
РФ мудофаа вазирлиги ва Кремл эса Россия қўшини фақат «муҳим инфратузилма объектлари, у ёки бу даражада ҳарбий салоҳият билан боғлиқ бўлган ҳарбий нишонлар»га зарба беришини айтишда давом этмоқда. Қуйида Россиянинг 8 июл куни Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарлари бўйлаб ракета зарбалари оқибатлари акс этган суратлар.