Ўзбекистон | 20:39 / 10.07.2024
5584
6 дақиқада ўқилади

10 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Энергетика вазирлигининг базавий меъёр ҳақидаги тушунтириши, сенаторлар тасдиқлаган электр энергияси тўғрисидаги янги қонун, Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш ҳажми оширилади — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Вазирлик 200 kWh ҳақида

Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган 200 kWh ойлик базавий меъёр юзасидан баёнот берди.

Вазирлик меъёрни ошириш учун асос йўқлигини, июн ойида аҳолининг 71 фоизи 200 kWh'дан кам электр энергияси истеъмол қилганини таъкидлаган. Улар жами истеъмолнинг 40 фоизини ташкил этади.

«Меъёрни жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчиларда электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш, давлат томонидан аҳолининг харажатини қоплашга ажратилаётган маблағларни тўғри ва манзилли тақсимлаш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш ҳисобланади», – дейилади баёнотда.

Вазирликка кўра, ҳозирги вақтда 1 kWh электр энергиясининг таннархи 895 сўмни (ҚҚС билан 1002 сўмни) ташкил этади.

Аҳолига етказиб берилаётган ҳар бир kWh электр энергия учун базавий меъёр доирасида 552,4 сўм, 201 kWh'дан 1000 kW/h’гача эса 102,1 сўм давлат томонидан ҳар бир истеъмолчига қоплаб берилмоқда.

«Истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган лимит доирасидан чиқмаган. Шу боис, яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланаётган ойлик 200 kWh'гача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас», – дейилади хабарда.

Вазирликка кўра 22 фоиз истеъмолчи 201 kWh'дан 1000 kWh’гача истеъмол қилган ва 900 сўмдан ҳақ тўлаган. Ушбу 900 сўмлик таъриф ҳам электр энергиясининг таннархидан кам.

«Қолган 7 фоиз аҳоли 1001 – 10 000 kWh электр энергияси истеъмол қилиб, 1350 сўмдан тўловларни амалга оширган.

«Электр энергетикаси тўғрисида» янги қонун

Сенат янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.

Қонунда энергетика соҳасида рақобат муҳитини яратиш, трейдерлар фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид нормалар белгиланган.

Таъкидланишича, амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган, электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам харажатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс эттирилмаган, истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган.

Янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун билан истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, электр энергияси жиддий тўсиқларсиз сотиладиган ликвидли бозорни шакллантириш мақсадида самарали, шаффоф, табақалашмаган ва рақобатдош электр энергия бозорининг юзага келиши ва ривожланишига кўмаклашиш назарда тутилган.

Қонунда рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетика тармоғининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидалар белгиланган.

Шунингдек, электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозор қоидалари ҳам акс эттирилган.

Кўмир қазиб чиқариш йилига 8 млн тоннага оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев геология соҳасидаги ишлар ва инвестиция лойиҳалари ижроси билан танишди.

«Нишбош» конини ўзлаштиришга Хитойнинг Henan компанияси 400 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция киритиши кўзда тутилган. Натижада, кўмир қазиб чиқаришни 8 млн тоннага ошириш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳа самарасида ерости усулида йилига 8 млн тоннагача кўмир қазиб чиқариш ва шундан 5 млн тоннасини бойитиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, ўтган 6 ойда республикада қарийб 3 млн тонна кўмир қазиб олинган. «Шарғункўмир» АЖда кўмир қазиб чиқариш бир кеча-кундузда 3,5 минг тоннага етказилган.

Иккинчи ярим йилликда яна 5 млн тоннадан зиёд кўмир қазиб олиниши режалаштирилган. Шундан 1,8 млн тонна иссиқлик электр станцияларига, 1 млн тоннадан ортиғи аҳолига, 540 минг тонна ижтимоий муассасаларга етказиб берилади, 1,8 млн тонна маҳаллий кўмир биржа савдоларига чиқарилади.

Хитойга темирйўл лойиҳаси

Президент қарори билан Хитой ҳукумати, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли лойиҳасини биргаликда амалга оширишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битим тасдиқланган.

Транспорт вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.

Мазкур битим 2024 йил 6 июн куни Пекин шаҳрида имзоланган эди.

Битимга мувофиқ, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли «Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон» йўналиши бўйлаб ўтади. Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.

Темирйўл қурилиши октябр ойида бошланиши мумкин. Лойиҳанинг қиймати дастлабки маълумотларга кўра, 4,7 млрд долларни ташкил этади. 

Мавзуга оид