Энергорегулятор раҳбари бозорга ўтишнинг биринчи босқичи қандай бўлишини тушунтирди
Электр энергетикаси соҳасида бозор қоидалари “яқин кунларда” кучга кириши мумкин. Шерзод Хўжаевнинг айтишича, бунда марказий харид қилувчи электр токини энг паст нарх таклиф қилган ишлаб чиқарувчидан сотиб олади. Йирик истеъмолчилар учун электр токининг нархи онлайн савдо платформасида шаклланади.
Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев иқтисодчи Отабек Бакировнинг “Диалог” лойиҳасига берган интервюсида электр энергияси соҳасида бозор қоидаларига ўтилиши ҳақида маълум қилди.
Отабек Бакиров тарифлар ўзгартирилгач, Ўзбекистон очиқ энергетика бозорини ташкил этиш йўлида қайси босқичда тургани ҳақида сўради. Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳозир “марказий харид қилувчи” номли биринчи босқичда турибди.
“Бу босқичда, энг паст таннархга эга ишлаб чиқарувчининг электр энергияси биринчи навбатда сотилишини инобатга олсак, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳақиқий рақобат ҳосил бўлади. Албатта, бу босқич тўлақонли кучга кириши учун бозор қоидаларини тасдиқлашимиз керак. Бу қоидаларни биз 15 нафар хорижий экспертлар билан ишлаб чиқдик ва бугунги кунда муҳокамада. Мана шу бозор қоидалари қабул қилиниб, кучга кирганидан сўнг, у қоидаларга асосан ишлаб чиқарувчилар ўзаро рақобатлашади.
Албатта, бу ерда савол туғилиши мумкин: баъзи электр станциялари билан 20-25 йиллик шартномалар тузилган, у қандай рақобат бўлиши мумкин? Бу саволга ҳам жавоб бор. Биринчидан, у станциялар бу бозорга кириш учун, яъни биз билан шартнома тузиш учун ўзаро рақобатлашиб бўлишди. Яъни энг паст тариф таклиф қилган станция билан шартнома тузилди. Иккинчидан, мен сизга аниқ айтишим мумкин, охирги йилларда тузилган қуёш, шамол ёки иссиқлик электр станциялари лойиҳаларининг тарифлари – бугунги кунда энг жозибадор тарифлар. Улар бу рақобатдан қўрқмайди”, – деди Шерзод Хўжаев.
Унинг сўзларига кўра, шу йил 1 июлдан фаолият бошлаган марказий харид қилувчи – “Ўзэнергосотиш” АЖнинг харажатлари энергетика бозори миқёсида жудаям кам: ходимларига ойлик тўлаш ва солиқ тўлаш.
“Унинг вазифаси – электр энергиясини сотиб олади, сотиб олишда кейинги кун учун қайси станциядан қанча сотиб олинишининг графигини қилади. Бозор қоидалари яқин кунларда кучга кириши билан бу мажбурий тусга эга бўлади. Ҳар бир станция эртанги кун учун қанча электр энергияси ишлаб чиқаришини айтади. Ҳар бир станцияда харид қилиш нархи маълум-ку, демак, “Ўзэнергосотиш”нинг қўлида инструмент бор: қайси биридан харид қилсам экан? Энг арзонидан. Приоритет энг арзонига берилади”, – дея тушунтирди соҳа раҳбари.
Хўжаевнинг айтишича, кафолатланган харид шартномаси тузилмаган станциялар таклиф этадиган нархларни Идоралараро тариф комиссияси тасдиқлайди.
У устуворлик энг арзон нарх таклиф этаётган станцияга берилиши учун таклиф талабдан кўпроқ бўлиши кераклигини қайд этди.
“Ҳозир, шу кеча-кундузда Ўзбекистондаги мавжуд электр станциялар ишлаб чиқариш қувватини тўлиқ ишлатмаяпти. Приоритет – қуёш, шамол ва гидро электрстанциялар. Улар тўлиқ ишлаяпти, албатта, об-ҳаво шароитларидан келиб чиққан ҳолда. ИЭСлар эса анча кам ишлаяпти”, – деди Шерзод Хўжаев.
Энергорегулятор раҳбарига кўра, “Ўзэнергосотиш” АЖ, бозор қоидаларида ёзилган тартибга асосан, харид қилган электр энергиясининг устига ўзининг харажатларини қўйиб, икки хил тоифадаги субъектларга сотади: биринчиси – тўғридан тўғри йирик истеъмолчилар, иккинчиси – чакана савдо компаниялари (чакана савдо компаниялари электр энергиясини аҳолига ва кичик қувватли юридик истеъмолчиларга етказиб беради).
“Шу истеъмолчиларни [нарх борасида] 2 та тоифага ажратишимиз мумкин: тартибга солинадиган ва солинмайдиган. Тартибга солинадиганлар – аҳоли ва кичик қувватли юридик истеъмолчилар, уларга неча пулдан электр энергияси сотилишини давлат тариф орқали белгилайди. Тартибга солинмайдиганларга эса “Ўзэнергосотиш”: “Мана менинг таннархим, шу таннарх асосида сизларга – йирик истеъмолчиларга сотяпман”, деб кўрсатади. Бу ҳаммаси онлайн савдо платформаси орқали айланади, йирик истеъмолчилар таннарх неча пул бўлди-ю, неча пулдан сотганини кўриб туради.
Бу моделда “Ўзэнергосотиш” субсидия олувчи ташкилот бўла олмайди. Агар қайсидир сабабларга кўра аҳоли ва кичик қувватли юридик истеъмолчиларга сотилаётган электр энергияси нархи таннархдан паст бўлса, чакана савдо компаниялари зарарга кириши мумкин ва улар субсидия олиши мумкин. Бу – назарияда. Амалиётда бугунги кундаги мавжуд тарифларни, йилдан йилга электр энергиясини ишлаб чиқаришда энг арзон шамол ва қуёш электр станцияларининг улуши ошиб боришини инобатга олсак, субсидияга эҳтиёж қолмайди”, – деди у.
10 июл куни янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун Сенатда маъқулланди. Шерзод Хўжаевнинг айтишича, қонунда марказий харид қилувчига тегишли моддалар бор. Унга кўра, марказий харид қилувчи ўзининг тижорат кодексини ишлаб чиқиб, тасдиқлатади ва шу тижорат кодексига амал қилади. Бу кодексдаги асосий талаб эса – шаффофлик.
“Чунки бу ерда йирик истеъмолчи билан “Ўзэнергосотиш” ўртасида шартнома тузиляпти ва нарх қўйилмаяпти, формула қўйиляпти. “Ўзэнергосотиш” неча пулдан сотиб олса, бозорда неча пуллик нарх шаклланса, шунинг устига, айтайлик, 10 сўм ёки 20 сўм ўзининг устамасини қўйиб сотишини шартномада кўрсатган. Демак, йирик истеъмолчи талаб қилади: “Бозорда нарх ўзи неча пул шаклланди, мен кўришим керак”, дейди. Йирик истеъмолчи онлайн савдо платформасига уланганидан сўнг барча савдо операцияларини кўриб туради: бир кунда қанча электр энергияси сотилди, неча пулдан сотилди ва ўртача нарх қандай шаклланди. Бу – айнан ҳозирги босқичда юз беради.
Биздаги ислоҳотлар бироз тезлашди. Аслида, марказий харид қилувчи салкам ягона харид қилувчи функциясини бажариши кўзда тутилган эди, амалиётда эса “давлатга эмас, йирик истеъмолчига тўғридан тўғри сотишга тайёрман” деган инвесторлар топилди. “Давлатнинг кафолати керак эмас, ҳозирги вазиятни кўриб, билиб туриб, рискларни баҳолаб, шу бозорга киришга тайёрман”, деди, контрактни имзолади ва ҳозир электр станциясини қуряпти”, – деди Хўжаев.
Энергетика бозори регуляторининг маълум қилишича, электр энергиясининг улгуржи савдо платформасини 2025 йил 1 январдан бошлаб тест режимида ишга тушириш режалаштирилган.
“Марказий харид қилувчи нархларни очишдан нима ютади? Биринчидан, инвестор ориентир олсин, ҳеч ким ҳеч таннархдан паст даражада сотишга мажбурламаётганини. Иккинчидан, инвестор кўрсин, фақат давлат кафолати остида харид қилинмаяпти, йирик истеъмолчилар давлат кафолатисиз харид қиляпти.
Учинчидан, биз йирик истеъмолчиларимизни электр энергиясига бўлган талабни қондиришини жуда ҳам синчковлик билан режалаштиришини хоҳлаймиз. Куннинг қайсидир соатларида ўзини ўзи тўлиқ электр энергияси билан таъминлайдиган ҳар қандай мамлакатда куннинг қайсидир соатларида электр энергиясининг таннархи паст, қайсидир соатларида юқори. Йирик истеъмолчи онлайн платформа орқали соатбай нархларнинг ўзгаришини кўриб турса, ўзининг технологик жараёнини шунга мослаштиради: арзон вақтида кўпроқ олай, қиммат вақтида олмай дейди.
Бу энерготизимга нима беради? Агар ишлаб чиқариш билан истеъмол баланси бузилмасдан, бир меъёрда кетса, тизим зўриқмасдан ишласа, пировард натижада таннарх пасаяди. Йирик истеъмолчиларнинг электр ишлаб чиқариш графикларига риоя этиши – аҳолига, кичик қувватли юридик истеъмолчиларга жуда кўп фойда келтиради”, – деди Шерзод Хўжаев.
У суҳбат давомида энергорегуляторга табиий газ соҳаси бўйича ваколат берилмаганини ҳам изоҳлаган.
Мавзуга оид
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
10:56 / 20.11.2024
Ўзбекистонда уч йилда 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди
16:56 / 16.11.2024
«Ҳам масъулият, ҳам жавобгарлик белгиланди» — энергетика вазири
18:36 / 15.11.2024