Жаҳон | 19:19 / 10.07.2024
6319
2 дақиқада ўқилади

Литва «Охматдет» клиникасини тиклаш учун миллион евро ажратди

Россия армияси амалга оширган ракета зарбаси оқибатида Украинадаги энг катта болалар касалхонаси бир қисми вайронага айланганди.

Фото: Украина ФВВ

Литва Киевдаги «Охматдет» болалар касалхонаси ва Россия ракета зарбалари оқибатида вайрон бўлган бошқа клиникаларни тиклаш учун Украинага 1 миллион евро ўтказиб берди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Ингрид Шимоните эълон қилди.

«Террорчи давлатни тўхтатишнинг ягона йўли Украинани ғалаба учун қўллаб-қувватлаш. Украинани тиклашнинг энг адолатли йўли эса агрессорни қилган ишлари учун товон тўлашга мажбур қилиш», деди Литва бош вазири бу ёрдам пули ҳақида эълон қилар экан.

Маълумот учун, 8 июл куни Россия армияси Украина бўйлаб навбатдаги серияли ракета зарбалари йўллади. Ракеталардан бири Киевдаги «Охматдет» болалар касалхонасига тушганди. Украина хавфсизлик хизматига кўра, Россия касалхонага Х-101 ракетаси билан ҳужум қилган. Идора ракета парчаларини ҳам кўрсатганди.

Шунингдек, ўша кунги зарбалари вақтида ракеталардан бири «Исида» номли туғуруқхонага тушган ва украин нашрларига кўра етти киши вафот этган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид