Ўзбекистон | 18:31 / 11.07.2024
24637
3 дақиқада ўқилади

1 августдан электр энергиясини ҳисоблаш бўйича янги биллинг тизими ишга туширилади

Янги биллинг тизимида абонентнинг паспорт маълумотларидан ташқари, кадастр маълумотлари, номида нечта ҳисобрақами борлиги каби ахборотлар ҳам бўлади. Тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ёзиб борилади. Бу ҳозир синов тарзида Яккасарой туманида жорий этилган.

Фото: PrimaMedia

Жорий йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими жорий этилади. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевга таяниб “Spot” хабар бермоқда.

Ҳозирда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади.

“Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади”, — деди Ғайбуллаев.

Унинг қайд этишича, ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган.

“Амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисобрақами бўлган бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, битта одам номида нечта ҳисобрақами борлиги каби маълумотлар мавжуд бўлади.

Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади. Умуман бошқа биллинг бўлади”, - дейди Алвар Ғайбуллаев.

Маълум қилинишича, тизимнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилган. У орқали амалга оширилган тўловлар ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини онлайн олиш мумкин бўлади. Шунингдек, компания масъули “ақлли” ҳисоблагич билан таъминланганлик даражаси 90 фоизни ташкил этишини маълум қилган. Ҳудудларда 782 мингта “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда шундан 210 мингта абонент қолган.

Жорий йилнинг 1 августигача қолган истеъмолчилар ҳам “ақлли” ҳисоблагичлар билан таъминланади. Натижада, кўрсаткич 100 фоизга етказилиши, яъни мавжуд 8,5 млн абонент қамраб олиниши кутилмоқда.

“Бир нарсани айтиш керакки, мамлакатда 100 фоиз „ақлли“ энергия ҳисоблагичлари ўрнатилди, деб бўлмайди, нимага деганда, йиллик ўсиш 2 фоизни ташкил этади: аҳоли кўпаймоқда, уй-жой қурилмоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Шундай экан, кўрсаткични 100 фоизга етказиб бўлмайди”, — деди Ғайбуллаев. .

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Президент ўтказган йиғилишда электр, газ, сув, иссиқлик, чиқинди, “квартплата”, солиқ тўловлари бўйича хонадоннинг ягона биллинг ҳисобрақамини жорий қилиш вақти келгани айтилганди, давлат раҳбари хорижий тажриба асосида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш вазифасини топширганди.

Аввалроқ, истеъмолчилар электр учун тўловлар ҳисобга икки баробар бўлиб тушаётгани ҳақида хабар берганди, ҳудудий электр тармоқлари эса бу техник носозлик эканини маълум қилганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид