Орбаннинг Путин ҳузурига ташрифи туфайли Венгрия Европа Иттифоқи раислигидан маҳрум қилиниши мумкин
Европа Иттифоқи мулозимлари Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Кенгаши раиси сифатида Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага боргач, Венгрияни Кенгаш раислигидан олиб ташлаш имкониятини муҳокама қилишмоқда, деб ёзади Financial Times нашри маълумотга эга манбаларга асосланиб.
Орбаннинг Москвага ташрифи туфайли ЕИга азо кўплаб давлатлар Венгриянинг ЕИ Кенгашига раислиги чоғида Будепештда ўтиши лозим бўлган анъанавий ноформал вазирлар учрашувини бойкот қилиш, Венгрия бош вазирининг «манёвр эркинлигини» чеклаш ҳақида ўйлаб қолишган.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг юридик хизматидагилар Орбаннинг Россияга бориши ва Владимир Путин билан учрашуви ЕИ мамлакатлари ўртасида тузилган келишувларга зид эканини таъкидлашмоқда. Юристларга кўра, Орбан ЕИ «мақсадларига етишишни таҳдид остида қолдириши» мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни тақиқловчи иттифоқчилик шартномасини бузган. У шунингдек, «ташкилотнинг барча аъзоларини ўзаро бирдамлик ва содиқлик руҳида ташқи сиёсий фаолият олиб боришга чақирувчи ҳуқуқий низом»ни ҳам бузган.
«Орбаннинг Москвага ташрифи сиёсий хато бўлди. Ўн йил ичида мен бир давлатнинг хатти-ҳаракатларига ЕИга аъзо бошқа 26 давлат бу қадар кескин реакция билдирганига дуч келмаган эдим. Венгрия сариқ карточка олиши мумкин. Бундай иш усулини қабул қилиб бўлмайди», — деган Financial Times’га Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел.
Орбан эса ғалати хатти-ҳаракатлари билан барчани ҳайрон қолдиришда давом этмоқда. Айни пайтда Вашингтонда ўтаётган НАТО саммитида қатнашиш учун АҚШда бўлиб турган Венгрия бош вазири Доналд Трамп билан учрашишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзади Bloomberg.
Агентликка кўра, Венгрия етакчиси Трамп ва Путин ўртасида воситачилик қилмоқда, деган хавотирларни кучайтирмоқда. Агентлик маълумотига кўра, ноформал учрашув Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтади.
Ўтган ҳафтада Виктор Орбан Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан, Москвада Владимир Путин билан, Пекинда Си Жинпинг билан учрашган ва ўзининг сафарларини «тинчлик миссияси» деб атаган эди.
Венгрия 1 июлдан бошлаб ЕИга раислик қилмоқда. Европа Иттифоқи мулозимлари Орбаннинг бу ташрифларини танқид остига олиб, бундай хатти-ҳаракат ЕИнинг глобал масалалар бўйича позициясини барбод қилиши мумкинлигини таъкидлашган.
Мавзуга оид
16:16 / 08.11.2024
Тахтақорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
10:29 / 07.11.2024
Трампнинг ғалабаси: Орбан Украина бўйича ЕИ янги стратегиясини талаб қилмоқда
14:26 / 06.11.2024
Виктор Орбан «Туркий дунё олий ордени» билан мукофотланди
13:01 / 06.11.2024